Украина Хитой билан Россия босқини ҳақида «тўғридан-тўғри» гаплашиш имкониятини қидирмоқда, чунки ХХР Москва позициясига таъсир кўрсатадиган ягона кучдир. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский South China Morning Post нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: DPA

«Мен тўғридан-тўғри гаплашишни истардим. Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан ўтган йили бир марта суҳбатлашган эдим. 24 февралда кенг кўламли тажовуз бошланганидан кейин суҳбат ўтказиш ҳақида расмий сўров йўлладик, аммо ҳеч қандай музокаралар бўлмади, фикримча, бу фойдали бўлган бўларди», — деди у.

Зеленский Си Цзиньпин Украинага «лоақал бир марта ташриф буюрган» саноқли жаҳон етакчиларидан бири эканини таъкидлаб, Хитой раҳбари 2021 йили икки етакчи ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Украина билан алоқаларини илиқлик билан эслаганини қўшимча қилди.

Украина президентининг сўзларига кўра, Хитой Россиянинг асосий иқтисодий ҳамкори, шунинг учун у «катта ва қудратли давлат сифатида келиб, Россияни маълум бир жойга қўя олади».

Ишончим комилки, Россия Хитой бозорисиз ўзини тўлиқ иқтисодий изоляцияда ҳис қилади», —  деди Зеленский.

У, шунингдек, Украина Хитой билан «оилага ва болаларга муҳаббат» каби ўхшаш қадриятларга эга эканини таъкидлади. Бундан ташқари, президентнинг сўзларига кўра, дунёдаги энергия инқирози туфайли кам маҳсулот сотаётган Хитой иқтисодиёти Украинадаги можародан азият чекмоқда. «Одамлар Хитойдан келадиган товарлар учун эмас, балки энергия ресурслари учун пул тўлаши керак. Хитойдан экспорт камаяди. Бу 100 фоиз», — деб тушунтирди у.

Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан бери Хитой расмийлари бир неча бор тезкор музокаралар ўтказиш ва можарони тинч йўл билан ҳал этишни таклиф қилган. Шу билан бирга, Хитой Россияга қарши санкцияларга қўшилмади. Хитой банк ва суғурта соҳасини тартибга солиш комиссияси (CBIRC) раиси Го Шуцинг буни Пекин ҳар доим бир томонлама санкцияларга қарши чиққани, улар муаммоларни самарали ҳал қилишга имкон бермаслиги билан изоҳлади.