Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

«Аёлнинг ўз жонига қасд қилишга уриниши билан боғлиқ ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинган. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев ва вилоят прокурорининг ўринбосари Беҳзод Исмоилов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ таркибидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эркин Нуралиев ҳам ўрин олган. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан тўлиқ ахборот тақдим этилади», — дейилади вилоят ҳокимлигининг расмий маълумотида.

Фото: «Дарё» / Элёр Мамажонов

Кейинроқ бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

«Аёлнинг ўзини ёқиб юбориши сабаблари аниқланмоқда. Жабрланувчи аёлга очиқ оловдан куйиши оғир даражаси ташхиси қўйилган», — дейилади Ҳаёт Шамсутдиновнинг ахборотида.

«Дарё» мухбири ҳолат юзасидан мутасаддилардан изоҳ олиш мақсадида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида бўлиб, корхона раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Фото: «Дарё» / Элёр Мамажонов

Завод директори Ҳабиб Латиповнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилишга уринган ходим ишдан бўшатилмаган, балки ўзи ишлаётган цех фаолияти тугатилгани учун завод таркибидаги бошқа бир корхонага қайта расмийлаштирилган. Бундан ташқари, воқеа содир бўлган куни унинг заводга кириб чиқишига имкон берувчи рухсатномаси олиб қўйилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

Қайд этилишича, завод раҳбарияти мазкур ҳодиса билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорлик қилмоқда. Аёл ва унинг фарзандларига дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа масалаларда зарур ёрдам кўрсатилмоқда.

Ушбу ҳодиса жамиятда кенг резонансга сабаб бўлди, шу боисдан корхонамиз ҳамкасбимиз билан содир бўлган фожиали воқеани холис ёритишдан манфаатдор», — дейди завод директори Ҳабиб Латипов.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Баҳром Шергазиевнинг маълум қилишича, воқеа оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёзилганидек тушдан кейин рўй бермаган. 2 август куни тонгда, заводда навбатдаги иш куни бошланаётган вақтда содир бўлган.

Фото: «Дарё» / Элёр Мамажонов

Кузатув камераларида қайд этилган видеоёзувларга кўра, Санобар Ҳайдарова ўша куни соат 7:37 да ишга келган ва рухсатномасини уйда унутиб қолдиргани учун завод ҳудудига киритилмаган. Қўриқлаш хизмати ходимлари ўз вазифасига амал қилган ҳолда ҳамкасбининг ичкарига киришига рухсат бермаган. Шундан сўнг Санобар Ҳайдарова яқинларига қўнғироқ қилган ва рухсатномасини олиб келиб беришларини илтимос қилган. Аёлнинг жияни рухсатномани олиб келганда, иш вақти бошлангани учун завод ҳудудига ходимларни киритиш тўхтатилган. Қўриқлаш хизмати ходимлари аёлга ички тартибга кўра баённома расмийлаштирилиши, унда ходимнинг ишга кечикиш сабаблари кўрсатилиши, шундан кейин уни корхона ҳудудига киритишлари мумкинлигини маълум қилишган. Бу ҳолатдан ғазабланган аёл қўриқчилар билан қисқа мулоқотдан сўнг бинони тарк этган.

Баҳром Шергазиевнинг таъкидлашича, заводнинг кириш жойида ўт ўчириш ускунаси бўлмагани, аёл ёна бошлагач, уни ўчиришга ҳаракат қилинмагани ва ёрдам кўрсатилмагани ҳақидаги маълумотлар ҳам нотўғри. Бу ҳолат тўлиқ кузатув камераларида қайд этилган.

Фото: «Дарё» / Элёр Мамажонов

Соат 8:31 да аёл қайтиб келган ва бинога киришдаги назорат пункти олдида пластик идишдаги бензинни устидан қуйиб, ўзини ёқиб юбормоқчи бўлган. Хавфсизлик ходимлари дарҳол ушбу ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилган. Бироқ оловни ёқишга муваффақ бўлган аёлнинг кийимлари ёниб кетган. Қўриқчилар ўт ўчиргич ва кийимлар ёрдамида ёнғинни тезда ўчиришган. Ёнғинни ўчириш ва аёлга ёрдам кўрсатиш давомида қўриқлаш хизмати ходимларидан икки нафари ҳам турли даражада куйиш жароҳати олган.

Ўтказиш пунктида навбатчилик қилаётган тиббиёт бўлими ҳамшираси Барно Обидова соат 8:31 да ширкатнинг тиббий ёрдам гуруҳига қўнғироқ қилган. Соат 8:37 да Санобар Ҳайдарова тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига юборилган. Ҳозирда ҳамкасбимиз шифокорлар ҳамда заводдаги ҳамкасблари назорати остида зарур муолажаларни олмоқда», — дейди Баҳром Шергазиев.

Ходимларни бошқариш бўйича директор ўринбосари Феруза Болтабоеванинг маълум қилишича, Санобар Ҳайдарова 2014 йилдан «Нефтчи» спорт соғломлаштириш мажмуасида фаррош сифатида ишлаб келган. Кейинчалик заводнинг 32-қурилиш-таъмирлаш цехига бўёқчи сифатида ишга қабул қилинган.

426 нафар ходим меҳнат қилаётган ушбу цех фаолияти тугатилиши режалаштирилган. Шу сабабдан жорий йилнинг апрель ойида барча ходимлар билан ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. Бир қатор ходимларга, жумладан, Санобар Ҳайдаровага ҳам таъмирлаш-қурилиш механика бошқармасига ишга ўтиш таклиф қилинган. Янги бошқармада таклиф қилинаётган иш шароитлари заводдаги ишдан иш ҳақи, лавозим, ижтимоий пакетлар ва тоифа жиҳатидан фарқ қилмайди.

Фаолияти тугатилаётган 32-цех ходимларига жумладан, Санобар Ҳайдаровага ҳам Меҳнат кодексига мувофиқ ёзма огоҳлантириш хатлари берилган. Ушбу огоҳлантириш хатида кўрсатилган муддат 9 июнь куни тугаган. Шу муддат тугаганидан кейин ҳам ходим билан уни янги ишга ўтказилиши бўйича тушунтириш ишлари доимий равишда олиб борилган. Завод маъмурияти томонидан ходимни ишдан бўшатишга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилмаган. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ўз вақтида тўлаб борилган», — дейди Феруза Болтабоева.

Жорий йилнинг 1 август куни Санобар Ҳайдарова Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қошидаги «РСМУ НЕФТЬ» унитар корхонасига ишга кириш учун ариза берган ва 2 август кунидан уни ишга қабул қилиш ҳақида корхона раҳбарининг 1-58/к-сонли буйруғи чиқарилган. Шу куни завод раҳбарининг 592/к-сонли буйруғига асосан Санобар Ҳайдарова билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигига кўра бекор қилинган. Шу тариқа Санобар Ҳайдарова 1 август куни эски иш жойидан бўшатилиб, янги корхонага ишга олинган.

«Дарё» мухбири аёл даволанаётган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида бўлиб, мутахассислардан беморнинг аҳволи тўғрисида маълумот олди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали куйганлар бўлими мудири Давлатжон Ориповнинг айтишича, беморнинг аҳволи оғир, танаси II-ИИИ – АБ даражали 65-70 фоиз куйган.

Жорий йилнинг 2 август куни соат 8:00 ларда шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинди. Бемор зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилди. Бемор керакли мутахассислар ва комбустиологлар томонидан кўрикдан ўтказилиб унга алангадан тананинг II-ИИИ – АБ даражали 65-70 фоиз термик куйиши ташхиси қўйилди. Даволаш стандартлари бўйича барча муолажалар бажарилди. Беморга зарур ёрдам кўрсатилиб, унинг ҳолати стабиллашгандан кейин даволаниш учун комбустиология бўлимига олиб чиқилди. Комбустиология бўлимида беморга даволаш стандартлари бўйича керакли муолажалар кўрсатилмоқда. Мутахассислар томонидан зарур тавсиялар олиниб, бажарилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали томонидан бемор тўлиқ назоратга олинган», — дейди Давлатжон Орипов.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.