Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда, Фаластин томони 15 киши ҳалок бўлганини маълум қилди, мамлакат жанубида эса сиреналар янграмоқда.

Фото: inforesist.org

Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц 6 август куни эрталаб Ғазо секторида «Исломий жиҳод» ҳаракатига қарши ҳарбий операция давом этаётганини маълум қилган. Исроил армияси, шунингдек, операция бир ҳафта давом этишига тайёргарлик кўраётганини билдирган.

Операция ўзи қандай бошланди?

Можаронинг кескин босқичи бир кун аввал Исроил армияси Ғазо секторида «Тонг» операциясини эълон қилганидан сўнг бошланди. Тез орада Исроил «исроиллик тинч аҳолига қарши кўплаб терактлар учун масъул бўлган» «Исломий жиҳод» қўмондони Тайсир Жабарий ўлдирилганини эълон қилди. Фаластин томони ҳам бу хабарларни тасдиқлади.

Бунга жавобан Ғазо Исроилни ўққа тутди — 5 август куни кечқурун мамлакат жанубида ҳаво ҳужуми сиреналари янгради, кейин осмонда Исроилнинг «Темир гумбаз» ракеталарга қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилган ракета излари пайдо бўлди.

Ҳозир вазият қандай?

6 август куни тушдан кейин ҳар икки томон зарба беришда давом этди. Times of Israel нашрига кўра, 15 киши ҳалок бўлган, 125 киши яраланган, жумладан, аёллар ва болалар. Исроил армияси вакилининг айтишича, зарбалар фақат қурол дўконлари, қурол-яроғ омборлари ва «Ислом жиҳоди» гуруҳининг ўт очиш позицияларига берилган.

Исроилда, сўнгги маълумотларга кўра, Ғазо билан чегарадан 10 километр узоқликдаги Ашкелон ва Нетивот ҳудудларида сиреналар ҳамон янграмоқда. Жума кунидан бери, Times of Israel нашрининг ёзишича, мамлакат ҳудудига 200 дан ортиқ ракета учирилган.