Осиё ва Европа ўртасидаги газ таъминоти учун кураш тобора кучайиб бормоқда. Бу эса нархларнинг янада ошиши хавфини кучайтирмоқда, дея хабар қилмоқда Financial Times.

Фото: Bloomberg

Суюлтирилган газнинг дунёдаги иккинчи ва учинчи йирик импортёрлари Япония ва Жанубий Корея ҳисобланади.

Ушбу икки давлат Европада талаб ортиб бораётгани сабабли, йил охирида нархлари тушиб кетишидан қўрқиб, қиш ойларида ва ундан кейинги даврда етказиб беришни таъминлашга интилмоқда.

Осиёнинг кучайиб бораётган рақобати денгиз орқали йирик танкерларда жўнатиладиган суюлтирилган газга (LNG) талаб юқори бўлган бир пайтда юз бермоқда.

Бунинг сабаби Европа Россиядан қувурлар орқали етказиб бериладиган табиий газни алмаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Европада табиий газ нархи ўтган йилга нисбатан деярли беш баравар кўтарилди, бу эса истеъмолчилар учун энергия харажатларини кескин оширди ва коммунал компанияларга оғриқли зарба берди.

Trident LNG газ компаниясининг савдо ва маслаҳат бўлими бошлиғи Тоби Копсоннинг айтишича, Япония ва Жанубий Корея компаниялари томонидан ноябрь, декабрь ва январь ойларигача бўлган LNG сотиб олиш бўйича жуда катта фаоллик кузатилган.

Европадаги нархларнинг юқорилиги савдо компаниялари фойда учун у ерга LNG юкларини жўнатишига сабаб бўлмоқда.

Нархлардаги фарқлар шунчалик каттаки, баъзи ҳолларда Осиёда узоқ муддатли шартномалар бўйича савдогарлар мавжуд шартномани бекор қилиш ва жарима тўлашгача боришмоқда.

Европада улар газни қайта сотиш орқали жарималарни қўшиб ҳисоблаганда ҳам етарлича даромад олишмоқда.

Европа ва Осиё АҚШдан LNG олиш учун жиддий рақобатга киришган. АҚШ Энергетика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакат ўзининг LNGсининг 74 фоизини Европага экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йили ўртача 34 фоизни ташкил қилган эди.