АҚШ ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари октябрда Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатидаги қўшма ҳарбий машғулотларда қатнашади, ушбу штат Ҳиндистон ва Хитой чегараси ўтган баҳсли ҳудуд яқинида жойлашган, деб ёзади CNN Ҳиндистон армиясидаги юқори мансабли манбаларига таяниб.

Фото: «ТАСС»

Машғулотлар юқори баландликдаги жанговар тайёргарликка қаратилади, улар Ҳақиқий назорат чизиғидан тахминан 95 км узоқликда 10 минг фут (3 минг метр) баландликда бўлиб ўтади.

Пентагон CNN’га маълум қилишича, Ҳиндистон билан шериклик АҚШ учун эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани минтақаси бўйича умумий қарашларнинг «энг муҳим унсурларидан бири» ҳисобланади. Америка ва Ҳиндистон армиялари ўртасидаги машғулотлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун «тезкорлик жиҳатидан мувофиқлик»ни яхшилаш имконини беради, деган фикрда Пентагон.

Ҳиндистон ва Хитой чегарасидаги демаркация чизиғи 1962 йилда, чегара урушидан кейин ўтказишган, унинг узунлиги 4 минг километрдан ошади. Чизиқ бўйича икки давлатнинг ҳақиқий чегараси ўтади, аммо ушбу ҳудудда улар ўртасида умумий тан олинган чегара йўқ, томонлар бу ҳудуд борасида баҳслашиб келади.

Май ойида Ҳиндистон ТИВ Нью-Дели Пекин томонидан босиб олинган деб ҳисоблайдиган баҳсли ҳудудда Хитой Пангонг кўлини кесиб ўтувчи иккинчи кўприкни қураётганини маълум қилганди. Июнда АҚШнинг Тинч океанидаги қуруқлик қўшинлари қўмондони Чарльз Флинн Ҳиндистонга ташрифи чоғида Хитой томонидан Ҳиндистон билан чегарада ҳарбий инфратузилма ривожлантирилишини «хавотирли» ва «ибратли» деб атаган эди. Хитой ўшанда америкалик генералнинг ташрифини «алангани пуфлаб кучайтириш»га уриниш деб баҳолаган эди.

Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида бир неча марта тўқнашувлар юз берган, уларнинг сўнггиларидан бири 2020 йил июнида бўлиб ўтганди. Жанг қарийб олти соат давом этган, ўқотар қуроллар эмас, фақат таёқ, тош ва михли дубинкалар қўлланилган. 20 нафар ҳинд ҳарбийси ҳалок бўлган, Хитой томонидаги қурбонлар сони номаълум. Ҳиндистон ТИВ воқеада Хитойни айблаган.

Ўтган йил декабрида Пентагон демаркация чизиғи яқинида хитойлик ҳарбийлар тўпланганини қайд этган, бу идора ходимларида хавотир уйғотган эди. Ташвишга Хитой стратегик бомбардимончиларининг чегара яқинига жойлаштирилиши сабаб бўлган. Вашингтон Нью-Дели билан «барча даражаларда» мулоқот олиб бормоқда, АҚШ Ҳиндистон билан Хитой ҳарбийларининг ҳаракатланиши ҳақидаги разведка маълумотлари билан кўпроқ бўлиша бошлади.