Эрон Маданият ва ислом вазирлиги аёлларнинг рекламаларда суратга тушишини тақиқлади, деб ёзади Meduza. Тақиқ, шунингдек, видеоларда «аёлларга хос образлар»дан фойдаланишга ҳам тегишлидир.

Скриншот: YouTube

Базаси Лондонда бўлган Iran International телеканали маълумотларига кўра, июль охирида вазирлик бу ҳақда Эрон санъат ва кино мактабларига йўналтирилган хатда маълум қилган. Худди шундай хатлар Эрон реклама агентликларига ҳам келиб тушган. Аёлларнинг Эронда рекламаларда пайдо бўлиши «ҳижоб ва иффат ҳақидаги қонун»га мувофиқ тақиқланган.

Эрон ҳукумати реклама ҳақидаги, аёллар, эркаклар ва болалардан «восита сифатида фойдаланиш»ни тақиқловчи амалдаги қонунга таянди. Одамдан «восита» сифатида фойдаланишга тақиқ доим амал қилиб келган, бироқ «восита сифатида фойдаланиш» талқини муайян президент маъмуриятларининг сиёсий ва диний қарашларига боғлиқ, дейилади Iran International хабарида.

Аёлларнинг рекламалардаги иштироки Эроннинг Domino компанияси бир аёл бошига рўмол шарф ташлаб, автомобилни бошқариб кетаётгани, сўнг эса шоколадли қиём билан қопланган музқаймоқни егани акс этган роликни чиқарганидан кейин тақиқланди. Худди шу компаниянинг яна бир реклама видеосида аёл киши музқаймоққа қиёсланган.

Эрон ҳукумати Domino компаниясини судга берди. Маҳаллий ахлоқ полицияси фикрича, ушбу икки видео «жамоат тартиб-интизомларига зид», «аёллар қадр-қимматини ҳақоратлайди», шунингдек, жамиятда «ахлоқсизлик пропагандаси»га етаклайди.

Буларнинг барчаси исломий кийиниш қоидаларига риоя қилиш ва ҳижоб кийиш ҳақидаги баҳслар фонида юз бермоқда. Эронда ҳижоб 1979 йилги ислом инқилобидан кейин аёллар учун мажбурий бўлди, аммо кўпчилик эронлик аёллар бу талабларни эътиборсиз қолдирди.

2022 йил июлида Эронда, ҳукумат фикрича, ҳижобни нотўғри ўрайдиганларга қарши қаратилган ҳижоб ва иффат ҳақида қатъий қонун қабул қилинди. 5 июль куни имзоланган қарорга кўра, аёлларга соч, бўйин ва елкани ёпадиган рўмол ўраш мажбурияти юкланди. Ахлоқ полицияси янги қоидани бузаётганларни қўлга ола бошлади. Эроннинг ўз хоҳишига кўра ҳижоб тақувчи аёллари ҳам ушбу хатти-ҳаракатларга қарши чиқди.