Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари Россия ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганидан ва Анқара Москвага чекловларни айланиб ўтишда ёрдам берган тақдирда, унга қарши киритиладиган иккиламчи санкциялар хавфи ошаётганидан тобора кўпроқ хавотирланмоқда. Бу ҳақда Financial Times ғарблик расмий шахслар орасидаги олти нафар манбасига таяниб ёзмоқда.

Фото: «ТАСС»

Ғарблик мансабдорлар хавотирининг кучайишига Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 5 август куни Сочидаги учрашувдан кейин берган баёноти сабаб бўлган. Улар савдо ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилганди.

Европалик мансабдорлардан бири айтишича, Евроиттифоқ Москва ва Анқаранинг ҳамкорлигини «тобора кўпроқ эътибор билан» кузатмоқда. Унинг фикрича, Туркия Россия билан савдо учун платформага айланиб бормоқда. Яна бир амалдор Анқаранинг Москвага нисбатан хатти-ҳаракатларини «жуда оппортунистик» (ўз манфаатларидан келиб чиқиб, худбинлик ва принципсизлик билан вазиятдан фойдаланиш) деб атади. «Биз туркларнинг эътиборини ўз хавотирларимизга қаратишга уринмоқдамиз», — деди у.

Агар расмий Анқара 4 август куни эълон қилганидек, Москва билан битимларга риоя қилишда давом этса, Ғарб мамлакатлари бизнесларни турк бозоридан кетишга ёки ундаги иштирокини қисқартиришга чақириши мумкин, деди Ғарб мансабдорларидан бири. Financial Times маълумотларига кўра, агар Ғарб компаниялари ва банклари бунга амал қилса, Туркия 800 миллиард доллар миқдорида иқтисодий зарар кўриши мумкин. FT манбаларига қараганда, бундай чора «Туркия Россия билан алоқаларини кенгайтириши туфайли юзага келадиган хавф ортидан» маъқулланиши мумкин.

Аммо газетага суҳбатдош бўлган бошқа Ғарб мансабдорлари бундай қарор қабул қилиниши мумкинлигига қўшилмади. Уларнинг қайд этишича, Туркияга қарши чекловлар механизми амалий ва ҳуқуқий нуқтаи назардан қандай ишлаши, шунингдек, «бундай қадам яхши ғоя бўлиши-бўлмаслиги» аниқ эмас.

Манбалардан бирига кўра, Туркияга қарши иккиламчи санкциялар аъзо мамлакатлар орасидаги турли фикрлар фонида Евроиттифоқ учун мураккаб қарорга айланади, аммо бир қатор мамлакатлар чеклов чораларини мустақил қабул қилиши ҳам мумкин.

Брюсселда Туркияга қарши эҳтимолий санкциялар муҳокама қилинганича йўқ. Шунингдек, Путин ва Эрдўғоннинг Сочидаги музокаралари бўйича барча тафсилотлар ва оқибатлар ҳозирча аниқ эмас.

Гап Россия ва Туркия президентлари ўртасида 5 август куни Сочида бўлиб ўтган музокаралар ҳақида бормоқда. Учрашув қарийб тўрт соат давом этди. Қабул қилинган баёнотга кўра, Туркияга етказиб бериладиган Россия гази учун тўловнинг бир қисми рублга ўтказилади. Путин ва Эрдўғон, шунингдек, дон экспорти тўғрисидаги битимнинг тўлиқ бажарилишини ёқлаб чиқди (шу жумладан, Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларини жаҳон бозорига етказиб бериш ҳақидаги), Ливия суверенитетини ва Сурия ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга келишиб олди.