Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон ОАВларининг «Ал-Қоида» раҳбари Айман аз-Завоҳирий Қирғизистон ҳудудидан учирилган учувчисиз учар қурилма зарбалари орқали йўқ қилингани ҳақидаги хабарларини ёлғон деб атади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

«Манас» базаси, 2001 йил

Фото: Wikipedia

«Ушбу ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди ва ёлғондир», — дея маълум қилди муассасадагилар.

«Манас аэропортида транзит ташувлари маркази ўз фаолиятини 2014 йилда якунлаган. Айни пайтда америкалик ёки бошқа чет эллик ҳарбийлар аэропорт ҳудудида мавжуд эмас ва ҳеч қандай фаолият олиб бормайди», — дейилади идора хабарида.

6 август куни Покистоннинг инглиз тилидаги Dawn нашри Кобулда «Ал-Қоида» раҳбари Айман аз-Завоҳирийни ўлдирган дрон Американинг Қирғизистондаги собиқ авиабазасидан учирилганини маълум қилганди. Нашр Америка матбуотига таянган, бироқ айнан қайси ОАВ эканлиги айтилмаган.

2 август куни АҚШ президенти Жо Байден ўзининг америкаликларга мурожаатида Афғонистонда ўтказилган аксилтеррорчилик операцияси натижасида «Ал-Қоида» раҳбари Айман аз-Завоҳирий ўлдирилганини маълум қилган эди.