АҚШ томонидан Украинага хавфсизлик соҳасидаги навбатдаги ёрдам пакети шу кунгача бўлган энг йирикларидан бирига айланади, топширилиши кутилаётган қурол-яроғ ва техника ҳажми 1 миллиард долларга баҳоланмоқда, деб ёзади Reuters ўз манбаларига таяниб.

Фото: «ТАСС»

Украина HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими ва NASAМS «ер-ҳаво» зенит-ракета мажмуаси учун ўқ-дорилар ҳамда 50 та М113 гусеницали бронетранспортёрларни қабул қилади. Ўқ-дорилар Киевга аллақачон етказиб берилган NASAМS тизимлари учун мўлжаллангани ёки янги пуск қурилмалари етказиб берилгунига қадар Украинага олдиндан жойлаштирилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден ҳозирча ушбу ёрдам пакетини ажратиш ҳақидаги ҳужжатни имзолагани йўқ, унинг таркиби ўзгариши мумкин. Режалаштирилаётган қурол-яроғ ва техника тўпламини Украина Байденнинг конгрессдан розилик сўрамасдан, фавқулодда вазиятга жавоб сифатида Пентагон захираларини бериш ваколатлари доирасида қўлга киритади.

АҚШ шу пайтгача Украинага ҳарбий кўмак пакетининг 17 тасини маъқуллаган, уларнинг охиргисини ажратиш ҳақида Байден август бошида фармон имзолаган эди. Унинг ҳажми 550 миллион долларни ташкил қилди ва ўз ичига HIMARS учун ўқлар ҳамда 155 миллиметрли артиллерия учун 75 мингта ўқ-дориларни олди.

Аввалроқ Германия Украинага ҳатто ўз армиясида бўлмаган энг янги қурол-яроғларни етказиб бераётгани маълум бўлганди. Германиянинг Украинага ҳарбий кўмаги қисқаргани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, Украина қуролли кучлари Берлиндан қабул қилган қурол-яроғ ҳали ҳатто Германия қуролли кучларининг ўзида ҳам йўқ, деди Германия канцлери Олаф Шольц.

Россия ҳукумати Ғарб давлатлари томонидан Украинага қурол етказиб берилишини танқид қилмоқда. Мамлакат президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарбнинг қуроллари Россияга махсус операциядан кўзланган мақсадларга эришишда халал бермаслигини айтганди. «Агар НАТО, моҳиятан, Россия билан прокси орқали урушга киришаётган ва ушбу проксини қуроллантираётган бўлса, унда уруш урушдай бўлсин», — дея огоҳлантирган эди ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.