Сардиниядаги Mater Olbia касалхонаси шифокорлари июль охирида Гийен — Барре синдроми ташхиси билан ётқизилган «Роснано» собиқ раҳбари Анатолий Чубайсга жавоб берди, деб ёзади Meduza.

Анатолий Чубайс

Фото: La Repubblica

Италиянинг La Repubblica газетаси маълумотларига кўра, Чубайс 6 август куни эрталаб касалхонадан чиқарилган. У Франкфурт-Майнга жўнаб кетган, у ерда реабилитация курсидан ўтмоқда. Чубайс Германияда реабилитациядан ўтиши ҳақида «ТАСС» ҳам аноним манбасига таяниб хабар берди.

Анатолий Чубайс Кипрдан Италияга учиб келганида касалхонага жойлаштирилган эди. Бу ҳақда биринчи бўлиб Ксения Собчак хабар берган. Чубайснинг касалхонада ётгани акс этган суратлар билан ҳам бўлишган. Унинг ўзи аҳволи ўртача оғирликда эканини маълум қилган. Кремлдагилар Чубайсга тезроқ соғайишни тилаган, аммо унинг касалхонага ётқизилиши билан боғлиқ тафсилотлардан бехабарлигини айтган.

La Repubblica маълумотларига кўра, Чубайс касалхонадалигида уни Темпьо-Паузания шаҳар прокурори сўроқ қилган, Италия карабинерлари махсус бўлими экспертлари эса заҳар қидириб, токсикологик таҳлил ўтказган.

Токсикологик тест натижалари ҳозирча йўқ, аммо россиялик менежер организми даволанишга реакция кўрсатган, шунинг учун шифокорлар бу заҳарланиш эмас, балки оғир неврологик касаллик — Гийен — Барре синдроми эканига ишончи комил, айнан у беморнинг қўллари ва оёқларини блоклаб қўйган.

2020 йил декабрига қадар Анатолий Чубайс «Роснано» давлат корпорациясига раҳбарлик қилган, сўнг Россия президентининг халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили лавозимида ишлаган. 2022 йил мартида Чубайс истеъфога чиқиб, Россияни тарк этди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у Россиянинг Украинага бостириб киришидан норозилиги сабабли кетганини айтган. «ТАСС» ёзишича, Чубайс ва унинг атрофидагилар коррупцияга нисбатан текширилмоқда (бу расман тасдиқланмаган).