Хитой минтақадаги барқарорлик ва тинчликни бузиш учун «сурбетларча» ўз қуролли кучларидан фойдаланди, Пекин ўзининг ҳарбий имкониятларини кўз-кўз қилишни тўхтатиши керак, деди Тайвань бош вазири Су Чжэньчан.

Фото: «ТАСС»

«Биз Хитой ҳукуматини ҳар ерда мушакларини кўз-кўз қилиб ва минтақавий тинчликка тўсқинлик қилиб, ўз ҳарбий қудратига кўп ҳам ишонмасликка чақиришни истардик», — деди Су Чжэньчан.

Унинг сўзларига кўра, «ташқи душманлар» киберҳужумлар ва дезинформация бўйича кампаниялар ёрдамида Тайвань аҳолиси руҳини туширишга умид қилмоқда.

Тайвань Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, 7 август куни эрталаб кўп сонли Хитой кемалари, самолётлари ва учувчисиз учар қурилмалари орол яқинидаги машғулотларни давом эттириб, Тайванга ҳужумни машқ қилган. Ҳарбий идорадагилар қайд этишича, воқеаларга «тегишли равишда» жавоб кўрсатиш учун самолёт ва кемалар юборилган.

Хитой ҳарбийлари ўқ отиш машқлари билан денгиз ва ҳаво машғулотларини 2 август, сешанба куни, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифига жавобан бошлаган эди. Пекин оролни ўз ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди, Тайвань ҳукумати эса орол мустақил деб туриб олган. Хитой ҳукумати Пелосини Тайванга сафари учун танқид қилиб, уни провокацияларда ва «ягона Хитой» тамойилини бузишда айблади.

Хитой дастлаб машғулотлар 7 август куни якунланишини маълум қилганди. 6 августда эса Пекин яна бир манёврлар ҳақидаги эълон қилди, улар Сариқ денгизнинг жанубий қисмида 15 августга қадар давом этади.

АҚШ, Япония ва Австралия ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Хитойни зудлик билан Тайвань яқинидаги ҳарбий машғулотларни тўхтатишга чақириб, бу хатти-ҳаракатлар «халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таъсир ўтказаётгани»ни таъкидлади.

Пентагон қўмондонлиги кескинлик фонида бир неча марта Хитой армияси қўмондонлиги билан боғланишга уринди, бироқ улар қўнғироқларга жавоб бермади.