Тайваннинг сув ва ҳаво ҳудудидан яна фойдаланиш мумкин бўлди, чунки Хитойнинг орол яқинидаги ҳарбий машғулотлар ҳақидаги билдиришномалари муддати тугади, бироқ хавфсизликни сақлаш учун самолёт ва кемалар вақтинчалик хавфли ҳудудларни айланиб ўтади. Бу ҳақда республика Транспорт ва алоқа вазирлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

Идора қайд этишича, бундай ҳудудлар жами еттита бўлиб, улардан бирида Хитойнинг ҳарбий машғулотлар тўғрисидаги билдиришномаси муддати эртага (8 август) эрталаб тугайди. Ҳукумат ушбу ҳудудларда вазиятни кузатишда давом этади. Транзит парвозлари ҳам қайта тикланади, Тайвань авиация ҳукумати рейслар хавфсизлигини таъминлаш учун ўз ҳаракатларини қўшни ҳудудлар билан мувофиқлаштиради.

Муассаса маълумотларига кўра, Хитой томонидан орол яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказилиши туфайли Тайвань ҳаво ҳудудидан фойдаланувчи халқаро ва транзит парвозлар хавфли зоналардан қочиш учун ўз йўналишини ўзгартирган ёки бекор қилинган. Денгиз ташувларига келсак, энг кўп чекловлар Гаосюн, Килунг ва Тайбэй портларига тегишли бўлди, кемалар ўз навигация режаларини ўзгартиришига тўғри келган, бироқ кемалар қатновига Хитой ҳарбий манёврлари катта таъсир ўтказмаган.

Хитой ҳарбийлари ўқ отиш машқлари билан денгиз ва ҳаво машғулотларини 2 август, сешанба куни, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифига жавобан бошлаган эди. Пекин оролни ўз ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди, Тайвань ҳукумати эса орол мустақил деб туриб олган. Хитой ҳукумати Пелосини Тайванга сафари учун танқид қилиб, уни провокацияларда ва «ягона Хитой» тамойилини бузишда айблади.

Хитой дастлаб машғулотлар 7 август куни якунланишини маълум қилганди. 6 августда эса Пекин яна бир манёврлар ҳақидаги эълон қилди, улар Сариқ денгизнинг жанубий қисмида 15 августга қадар давом этади.

АҚШ, Япония ва Австралия ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Хитойни зудлик билан Тайвань яқинидаги ҳарбий машғулотларни тўхтатишга чақириб, бу хатти-ҳаракатлар «халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таъсир ўтказаётгани»ни таъкидлади.

Пентагон қўмондонлиги кескинлик фонида бир неча марта Хитой армияси қўмондонлиги билан боғланишга уринди, бироқ улар қўнғироқларга жавоб бермади.

Тайвань бош вазири Хитойни «мушакларини кўз-кўз қилишни» тўхтатишга чақирди. Тайван Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, 7 август куни эрталаб кўп сонли Хитой кемалари, самолётлари ва учувчисиз учар қурилмалари орол яқинидаги машғулотларни давом эттириб, Тайванга ҳужумни машқ қилган. Ҳарбий идорадагилар қайд этишича, воқеаларга «тегишли равишда» жавоб кўрсатиш учун самолёт ва кемалар юборилган.