«Ипак йўли-2022» халқаро раллисида ғолиб бўлган туркманистонлик пойгачиларга президент Сердар Бердимуҳамедов Nissan Pathfinder машинасини совға қилди. Ушбу автомобилни у 2018 йилда отаси Гурбангули Бердимуҳамедов билан бирга йиғган эди, деб ёзади Asia Plus.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Автомобиль спорти бўйича Туркманистон термаси «Т2 1000 км.дан юқори» йўналишида барча совринли ўринларни қўлга киритди. Спортчилар июль охирида Туркманистонга қайтди. 3 август куни Аваза шаҳрида ҳукумат пойгачиларни, шунингдек, Тошкентда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаларида қатнашган оғир атлетикачиларни тақдирлади. Сердар Бердимуҳамедов маросимда қатнашмади, унинг табригини «Туркменистан сегодня» давлат агентлиги эълон қилди.

Атлетларга мамлакатда ишлаб чиқарилган телевизорлар ва Аваза курортига йўлланмалар ҳадя қилинди. Пойгачиларга эса Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги болаларга кўмак фондидан кийим-бош ва анжомлар ҳамда ота-бола Бердимуҳамедовлар «ўз чизмалари асосида» йиғган Nissan Pathfinder автомобили берилди. Спортчилар «зудлик билан янги формани кийиб, йўлтанламасга ўтирган».

2018 йилда Бердимуҳамедовлар автомобилнинг пойгалар чоғидаги «қўшимча ишончлилиги»ни таъминлаш учун уни қайтадан жиҳозлаган эди. Шундан кейин уни ўзлари синаб кўрган.

«Ипак йўли» йўналиши 2022 йилда Астраханда бошланиб, иштирокчилар Москванинг «Лужники» стадионида финишга етиб келди. Мусобақаларда Россия, Беларусь, Туркманистон, Қозоғистон, Болгария вакиллари қатнашди.