Аввалроқ Украина томонидан гуманитар ҳуқуқлар ва уруш олиб бориш қоидалари бузилгани ҳақида маъруза эълон қилган Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ушбу маъруза туфайли келиб чиққан «азоб-уқубат ва ғазаблар» учун узр сўради, деб ёзади «РБК».

Фото: Global Look Press

«Amnesty International бизнинг украин ҳарбийларининг жанговар услублари ҳақидаги маърузамиз келтириб чиқарган оғриқлар ва ғазаблардан афсусда», — дейилади ташкилот тарқатган хабарда.

Ташкилотда қайд этишларича, бундай маърузаларни тузишда асосий приоритет фуқаро шахслар ҳимоясини таъминлашдан иборат бўлади. «Тадқиқотнинг сўнгги қисмини чиқаришда бизнинг ягона мақсадимиз шу эди. Маърузадаги хулосалардан воз кечмасак-да, маъруза натижасида юзага келган оғриқлардан афсус билдирамиз», — дея хулоса қилишди Amnesty International’дагилар.

Amnesty International 4 август куни эълон қилган ҳисоботида Украина ҳарбий техника ва қуролларни мактаб ва касалхоналарга жойлаштириш орқали уруш қонунларини бузаётгани ҳамда бу ҳаракатлари билан тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўйганини маълум қилди.

Маъруза эълон қилинганидан кейин Украина президенти Владимир Зеленский ташкилотни Россияни «жазодан озод қилиб», «жавобгарликни қурбоннинг зиммасига қўйиш»га уринишда айблади. Amnesty International’нинг Украинадаги офиси директори Оксана Покальчук эса истеъфо берди. Унинг сўзларига кўра, у Украина томони ўз позициясини ташкилотга етказгач, матн ўчирилиб, унинг ўрнига янгиси пайдо бўлишига умид қилган. «Бугун тушундимки, бундай бўлмас экан», — дея қўшиб қўйди у.

Шунга қарамай, Amnesty International 6 август куни ташкилот маъруза хулосаларига содиқ қолишини маълум қилди.