Вашингтон Россияни терроризм ҳомийси бўлган мамлакат деб тан олиши керак, ушбу ташаббус АҚШ президенти Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланиши масаласи аҳамиятсиз, деди демократ ва республикачилардан сенаторлар Ричард Блюменталь ва Линдси Грэм CNN телеканали эфирида.

Ричард Блюменталь ва Линдси Грэм

Фото: Getty Images

Кўплаб масалалар бўйича қарашлари ҳар хил бўлишига қарамасдан (масалан, келаси президент сайловида амалдаги етакчи Байденни ёки собиқ президент Трампни қўллаб-қувватлаш масаласида), Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олиш борасида иккала сенатор ҳам бир хил фикрга эга. Уларнинг фикрича, бу қарорни ё президент, ё конгресс қабул қилиши керак, агар Байден маъмурияти конгрессменлар билан ҳамкорлик қилишни истамаган тақдирда.

«Умид қиламанки, президент ушбу позицияни ўз ихтиёри билан қабул қилишга қарор қилади ва ундан воз кечмайди», — деди Блюменталь. «Мен Байден маъмурияти билан ҳамкорлик қилишни хоҳлардим. Бироқ бу амалга ошиши учун қонунлар қабул қилишимиз керакми-йўқми — бунга боғлиқ бўлмаган ҳолда, буни қилишга тайёрмиз», — дея қўшиб қўйди Грэм.

CNN маълумотларига кўра, иккала сиёсатчи ҳам июнда Украинага бориб, президент Владимир Зеленский билан учрашган ва Киевга кўпроқ гуманитар ёрдам юборишга, шунингдек, Россияга терроризм ҳомийси мақоми билан бирга, янада қатъийроқ санкциялар киритишга чақирган эди. Телеканал қайд этишича, ушбу мақом тасдиқланиши учун АҚШ Давлат департаменти жавоб беради.

Ҳозирда АҚШда терроризм ҳомийлари рўйхатига Сурия, Эрон, КХДР ва Куба каби тўртта мамлакат киради. Ушбу рўйхатга кириш давлат билан ҳамкорликка қатъий чекловлар, мудофаа маҳсулотлари экспортига тақиқ, қўш мақсадли маҳсулотлар экспорти устидан назорат, молиявий ва бошқа чекловлар киритилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, терроризм ҳомийси билан савдо алоқаларини сақлаб қолган бошқа давлатларга қарши санкциялар ҳам назарда тутилган.

Аввалроқ АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси АҚШ Давлат департаменти Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олмаса, бу ишни Конгресс амалга ошириши ҳақида давлат котиби Энтони Блинкенни огоҳлантирган эди. Шундан кейин Блинкен Россияга қарши қабул қилинган санкцияларнинг ўзи худди мамлакатни терроризм ҳомийси деб тан олиш каби оқибатларни келтириб чиқаришини айтганди.

Украина президенти Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби Жо Байден билан суҳбатда Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олишни сўради, деб ёзган эди Washington Post апрель ойида. Бунга жавобан Байден мазкур масалада аниқ баёнотлар бермаган ва расмий Москвага босим ўтказишнинг турли йўлларини кўриб чиқишга тайёрлигини таъкидлаган.