«‘Колумбия қодир’ тарихий пакти» сўл коалицияси вакили ва Богота собиқ мэри Густаво Петро Колумбия президенти лавозимига киришди, деб ёзади «РБК». Инаугурация маросими Боготадаги Боливар майдонида, конгресс биноси олдида бўлиб ўтди.

Фото: Al Jazeera

«Колумбиянинг ҳар битта бурчагига тинчлик ва хотиржамликни олиб келиш учун биз тинмасдан меҳнат қиламиз. Бу ҳаёт, тинчлик ҳокимияти, ва уни худди шундай эслаб қолишади», — деди Петро. Ўзининг инаугурация нутқида у наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш сиёсатига ўзгартириш киритишга, гендер тенгликни таъминлашга, табиий ресурсларни ҳимоя қилишга, шунингдек, солиққа тортиш, соғлиқни сақлаш ва пенсия таъминоти соҳаларида ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди.

«Мен ҳамма билан, ҳеч қандай истисноларсиз мулоқот олиб бораман. Бу Колумбия муаммоларини муҳокама қилишни истаган барча учун очиқ эшиклар ҳокимияти бўлади… Бизни ўтмишнинг юки эмас, балки келажакка интилиш бирлаштиради», — дея қўшиб қўйди президент.

Колумбия президенти сайлови июнь охирида бўлиб ўтганди. Петро овозларнинг 50,47 фоизини қўлга киритиб, ғолиб бўлди. Унинг рақиби, либерал Родольфо Эрнандес 47,27 фоиз овоз тўплади. Овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 58 фоизи қатнашди. Петрога Франсия Маркес вице-президент бўлди, у инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ҳимояси ҳаракати вакилидир.

Густаво Петро 62 ёшда. Талабалик даврида у сўл радикал партизанларнинг «19 апрель ҳаракати» аъзоси бўлган, унинг кўмагида 1991 йилда Колумбия Вакиллар палатаси (мамлакат парламенти — Конгресснинг қуйи палатаси) депутатига айланган. 1994—1998 йилларда Колумбиянинг Бельгиядаги элчихонасида ишлаган, сўнг яна Вакиллар палатаси депутати бўлган. 2006 йилдан 2010 йилгача Сенат (парламент юқори палатаси) депутати бўлган.

2010 йилда биринчи марта президентликка номзодини қўйган, бироқ етарлича қўллаб-қувватланмаган (овозларнинг 9 фоизини олган). Бир йилдан кейин у мамлакат пойтахти — Богота мэрига айланган. Айни пайтда Колумбия сўл сиёсий кучлари етакчиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлай бошлаган. 2018 йилда яна президент сайловларида қатнашди, иккинчи босқичга чиқди, бироқ 54 фоиз овоз олган консерватор Дукега ютқазди.