Исроил ва Фаластиннинг «Ислом жиҳоди» гуруҳи ўзаро ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Исроилнинг Ғазо секторидан ўққа тутилиши. 2022 йил 6 август

Фото: The Jerusalem Post

Сулҳ режими 7 август куни 23:30 да (Тошкент вақти билан 8 август 1:30 да) кучга кирди.

Ярашув кучга кирганидан кейин саккиз дақиқа ўтиб, Ғазо секторидан Исроилнинг жанубий қисмига қарата яна ракеталар учирилди. Шундан кейин отишмалар тўхтади, тун иккала томондан ҳам ҳеч қандай фаол ҳаракатларсиз ўтди.

«Ислом жиҳоди» бош котиби Зиёд ал-Наҳалий маълум қилишича, ярашув шарти Исроил қамоқхоналаридан гуруҳнинг икки аъзоси озод этилишидан иборат бўлган. Агар Исроил тез орада битим бўйича ўз вазифаларини бажармаса, отишмалар давом эттирилишини айтди.

Исроил 5 августдан бошлаб Ғазода «Тонг» операциясини ўтказди, унинг мақсади «Ислом жиҳоди» етакчиларини йўқ қилишдан иборат эди. Исроил Ғазо секторига берган зарбалар оқибатида жами 41 киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ одам яраланди. Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, қурбонларнинг 15 нафари — террорчилар, шу жумладан, юқори мансабли жангарилар.

«Ислом жиҳоди» жангарилари уч кун ичида Исроилга қарата мингга яқин ракеталар учирди. Уларнинг катта қисмини «Темир гумбаз» тизими тутиб қолди; Исроил фуқароларидан ҳеч ким ҳалок бўлгани йўқ.

Аввалроқ мисрлик воситачилар 7 август куни кечқурундан бошлаб Ғазо секторида сулҳ эълон қилишни таклиф этган эди. Исроил Миср таклиф қилган шартларга рози бўлган. Аммо «Ислом жиҳоди» гуруҳи вакили Исроил ташкилотнинг талабларини қабул қилмагунича ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирмаслигини маълум қилган.