Наманган вилоятининг Наманган шаҳридаги 38-мактаб директори Абдулаҳад Раҳимов ўқитувчининг айбини ёпиш учун мактабга келган текширувчига пора берганини, шунингдек, мактабга келиб-кетувчилар учун харажат қилганини айтиб, ўқитувчиларга пул йиғиб бериши кераклигини айтди. Бу ҳақда директор «Дарё»га тақдим қилинган видеода гапирган.

Марҳабонинг «росход»лари бор, 1 миллион 70 минг, менинг 2 миллион 250 минг «росход»им бор. Шерзод 70 минг «росход» қилган, жами 55 киши пул бераётган экансизлар. Мана шу ердан ҳамма қўл қўйиб, ойлик оляпти. Мен ҳам оляпман, бошқаси ҳам оляпти. Менинг ҳам жонимга тегди. Мени кечиринглар, ниманидир айтса бўлади, ниманидир айтиб бўлмайди. Бизнинг ҳам иккита дарвозамиз бор. Бири берк тургани билан иккинчиси очиқ. Нечта нарса кириб, нечта нарса чиқиб кетяпти. Биттасини айтамиз, биттасини йўқ. Мана масалан ишга нечада келасизлар, нечада кетасизлар, соат 08:00 дан соат 16:00 гача шу ерда турасизлар деб ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Шунинг учун 55 кишимас, мен шахсан рўйхат қиламан, ҳаммамиз шу ерда ойлик оляпмизми, ҳаммамизнинг тенг ҳиссамиз қўшилиши керак, — дейди Наманган шаҳридаги 38-мактаб директори Абдулаҳад Раҳимов.

Мактаб директори йиғилишда аввал ҳам чиқим қилганини, аммо пулини йиғиб ололмаганини айтади.

Аввал чиқим қилиб, кейин пул йиғиб олиш имкони йўқ экан. Ҳаммамиз 60 минг сўмдан ташласак, бир дунё бўларкан ва темамиз битаркан, — дейди мактаб директори.

Мактаб директори шунингдек, мактабга Мунисахон исмли текширувчи келганини унга тақдим қилинган 7 та ҳужжатни текшириб, 3-4 тасидан камчилик топганини айтади.

Ўнта ҳужжатнинг еттитасини кўрган бўлса, шунинг бештасидан камчилик чиққан. Унгача нечтасига ялиндим. Камчилик борлигини биламан, кел шуни кўрсатма, хизматингни қилай деб ялиндим, — дейди директор.

Директорнинг гапини тасдиқлаган бошқа киши унинг Telegram’ига хабар келиб турганини, барча хабарларга директор «қиламан», «бажараман», «қўлимдан келганини қиламан», деб жавоб берганини айтади.

Видеоёзувни «Дарё»га тақдим қилган мурожаатчи шу мактабда ўқитувчи сифатида фаолият юритишини, видеотасвирдаги воқеа 2022 йилнинг март ойида содир бўлганини айтади.

Аввалроқ бу ҳақда хабар беришга қўрққандим, қолаверса, иккилангандим. Бас қилар деб ўйлагандим. Куни кеча, тўғрироғи, 5 август куни яна «ремонт»га деб ўқитувчилардан 100 минг сўмдан пул йиғиб олди. Буниси энди ошиб тушди, — дейди исмини ошкор этишни истамаган ўқитувчи.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.