Мисрлик воситачилар 7 август куни кечқурундан бошлаб Ғазо секторисда сулҳ эълон қилишни таклиф этди, дея маълум қилди Reuters Миср хавфсизлик органларидаги манбаларига таяниб. Исроил шундай музокараларни олиб бораётгани ҳақида The Jerusalem Post газетаси ҳам дипломатик манбаларига таяниб ёзганди.

Ғазо сектори

Фото: AP Photo

Reuters суҳбатдошига кўра, Исроил Миср таклиф қилган шартларга рози бўлган. Аммо «Ислом жиҳоди» гуруҳи вакили Исроил ташкилотнинг талабларини қабул қилмагунича ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирмаслигини маълум қилди. 7 август куни кечки пайт Тель-Авивда ҳаво тревогаси сиреналари ишга тушган.

Исроил бош вазири Яир Лапид 7 август куни Ғазо секторидаги «Тонг» операциясининг барча мақсадларига эришилгани ва уни давом эттиришдан маъно йўқлигини айтганди.

5 август куни Исроил Мудофаа армияси «Тонг» операцияси бошлангани ҳақида эълон қилди, унинг давомида Ғазо секторидаги бир қанча объектларга зарбалар берди. Исроил даъво қилишича, ҳужумлар оқибатида «Ислом жиҳоди»нинг икки қўмондони Тайсир ал-Жабборий ва Халид Мансур ҳалок бўлган. «Ислом жиҳоди» гуруҳи уч кун ичида Исроил аҳоли пунктлари, шу жумладан, Тель-Авив ва Қуддусга қарата 935 тадан ортиқ ракета учирган.

Уч кун мобайнида Ғазо секторида қарийб 30 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг камида уч нафари — тинч аҳоли вакиллари. «Темир гумбаз» ракетага қарши тизим шарофати билан Исроил томонида ҳеч ким ҳалок бўлмаган, ушбу тизим, Исроил ҳарбийлари маълумотларига қараганда, ракеталарни 97 фоизлик эҳтимол билан уриб туширади.