Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган «Толибон» ҳаракати яна бир марта Тожикистон ва Ўзбекистонга мурожаат қилиб, ўтган йил августида мамлакатдан қочган афғон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўғирлаб кетилган вертолётларни қайтаришни сўради. Бу ҳақда толиблар Мудофаа вазирлиги вакили Иноятулла Хоразамий айтиб ўтди, деб хабар беради TOLOnews.

Архив

Фото: TOLOnews

«Вертолётлар афғон халқи мулкидир. Улар Афғонистоннинг жорий ҳокимиятига, мудофаа вазирлигига қайтарилиши керак», — деди у.

Шу билан бирга, афғонистонлик баъзи таҳлилчилар фикрича, толиблар ҳокимияти халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагунига қадар, вертолётларни қайтариб олиш имконсиз бўлади.

«Мамлакатдан ўғирлаб кетилган вертолётларга келсак, бир қатор масалалар бор. Аввало, бу вертолётлар билан боғлиқ ҳужжатлар Афғонистонга алоқадорлигига ишончим комил эмас. Иккинчи масала — бирорта ҳам мамлакат тан олмаган толиблар ҳокимияти муаммосидир», — деди Афғонистоннинг Тожикистондаги собиқ дипломати Фаҳим Коҳдамоний.

Ўтган йил августида, «Толибон» Афғонистон шаҳарларини босиб олаётган пайтда, ҳукумат ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари қарийб 50 та вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга учиб келган эди. Бундан ташқари, ҲҲК авиатехникасининг бир қисми Тожикистон ҳудудига ҳам ўғирлаб кетилган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили, армия майори Роб Лодевик маълум қилишича, ўтган йилнинг 21 августи ҳолатига Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та авиатехника бўлган.

Апрель охирида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан мамлакат чегарасини бузиб ўтган ҳарбий учоқларни АҚШ мулки бўлгани сабабли уларга қайтаришни режалаштирмаётганини айтганди.

Иргашевнинг айтишича, авиатехникалар АҚШ ҳукумати пулига сотиб олинган ва вақтинчалик Афғонистон ҳарбий кучларига топширилган. Собиқ ҳукумат бу учоқларга бир доллар ҳам сарфламаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси (кейинроқ охирига қадар текширилмагани маълум қилинган) мамлакат ҳаво маконини ичида 585 нафар афғон ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт кесиб ўтгани тўғрисида хабар берилганди. Кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган.

Октябрь охирида Афғонистонни қайта тиклаш бўйича бош инспектори (SIGAR) ҳисоботида толиблар томонидан ағдарилган ҳукуматнинг Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли ҳарбий самолётларнинг чорак қисми Ўзбекистон ва Тожикистонда экани маълум қилинганди. «Толибон» Афғонистонни эгаллагунга қадар мамлакат ҳарбий авиациясида 160 та самолёт бўлган.

«Толибон» мудофаа вазири Мулла Ёқуб Ўзбекистон ва Тожикистонни афғон вертолётларини қайтаришга чақирганди. Унинг сўзларига кўра, авиация техникалари мамлакат бойлиги ҳисобланади ва у қайтарилиши керак. Шу билан бирга, у Ўзбекистон Тожикистон толиблар сабрини синамаслигини ва кескин чоралар қўллашга мажбур қилмаслигини таъкидлаганди. «Тожикистон ва Ўзбекистон ҳал қилгани яхши, акс ҳолда толиблар кутишдан чарчади», — деганди Мулла Ёқуб.

Шундан сўнг, «Толибон» матбуот котиби Суҳайл Шаҳин авиация техникаси атрофидаги қарама-қаршиликлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, улар қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлади.