Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида пахта тозалаш заводининг маъмурий биноси дастлаб ноқонуний сотиб юборилгани, шунингдек давлат манфаатига 32 миллиард сўм зарар келтирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Бешкент пахта тозалаш заводи акциядорлик жамияти аъзоси Эшқобил Пардаев маълум қилди.

Эшқобил Пардаевнинг маълумот беришича, у Қарши шаҳридаги «Sulton tex group» МЧЖда юрист-консулт бўлиб ишлайди.

Бизнинг масъулияти чекланган жамият Бешкент пахта тозалаш акциядорлик жамиятининг 17 фоиз акциясига эгалик қилади. Шу сабаб МЧЖнинг икки нафар ходими акциядорлик жамиятининг Кузатув Кенгаши аъзоси ҳисобланади. Бешкент пахта тозалаш заводи директори Бекзод Менглиев акциядорлар фикри, розилигини олмай заводнинг маъмурий биносини бузиб, сотиб юборди. Шунингдек, завод туманда ташкил этилган кооперация таъсисчиларидан бири эди. Ва асосий улуш заводга қарашли эди. Koopэрация ўтган йили 77 миллиард сўм даромад қилди. Демак, завод таъсисчиси сифатида даромаддан улуш олиши керак эди. Заводнинг 51 фоизи давлатга қарашли экани ҳисобга олинса, шу даромаднинг катта қисми — тахминан 32 миллиард сўми давлатга двидент сифатида тўланиши керак эди. Акциядорлик жамияти масъуллари нафақат акциядорларни, давлатни ҳам алдаяпти», — дейди Эшқобил Пардаев.

Эшқобил Пардаев.

Фото: «Дарё»

Мурожаатчининг айтишича, у бу ҳақда вилоят прокуратурасига ҳам шикоят қилган.

Вилоят прокурорига кириб мазкур масала ҳақида мурожаат қилдим. Бўлаётган ноҳақликларни айтдим. Аммо натижа йўқ. Давлат ва жамият манфаатларига шунча зарар келтирилаяпти, аммо масъуллар томошабин бўлиб туришдан нарига ўтмаяпти», — дейди Эшқобил Пардаев.

Бешкент пахта тозалаш заводи Кузатув Кенгаши раиси Зиёдулла Сафаров мурожаатчи Эшқобил Пардаевнинг гапини тасдиқлади.

Эшқобил Пардаев.

Фото: «Дарё»

Бир вақтнинг ўзида ‘Силвер фибер агро кооперасияси’ ишлаб чиқариш кооперативи таъсисичиси ҳамда пахта тозалаш заводи директори вазифасини бажарган Бекзод Менглиев ваколатидан фойдаланиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорисиз сотилиши мумкин бўлмаган завод маъмурий биносини сотиб юборган. Буни Кузатув Кенгаши ва акциядорлар билиб қолгач, завод биносининг олди-сотди шартномаси бекор қилиниб, бинони ижарага бериш тўғрисида шартнома тузилган. Кўп ўтмай Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққач, бино қонуний тартибда сотилган.

Шунингдек, иккинчи айблов — яъни даромадга кирган кооперациянинг таъсисчилигидан чиқиб, даромадини яширган. Бекзод Менглиев бир вақтнинг ўзида ҳам Бешкент пахта тозалаш заводи директори ҳам ‘Силвер фибер агро кооперасияси’ таъсисчиларидан бири эди. Шунинг учун у кооперация дастлаб тузилганда заводни таъсисчиси сифатида киритиб, завод имкониятларидан фойдаланиб келди. Koopэрация даромадга кирган йили эса кооперация масъули сифатида Бешкент пахта тозалаш заводи директори яъни ўзига хат чиқариб, заводни кооперация таъсисчилигидан чиқариб ташлади. Сабаби кооперация даромадга кирганди. Бу даромаддан нафақат акциядорлар, Бешкент пахта тозалаш заводининг 51 фоиз улушига эгалик қилаётган давлат ҳам улуш олиши керак эди», — дейди Зиёдулла Сафаров.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Бекзод Менглиев бу важларни инкор этувчи ахборот беришини айтди. Бироқ, орадан анча вақт ўтса-да ҳар хил баҳоналар қилиб, ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмади.

Вилоят прокуратураси ахборот хизмати мазкур масала юзасидан прокуратурага мурожаат бўлганини, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.