Ўтган бир ой ичида кучли жазирама, қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари дунёнинг кўплаб қисмларига таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг июли рекордлар бўйича учинчи энг иссиқ ой бўлди. Бу ҳақда Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг эълон қилинган ҳисоботида айтилади, дея хабар беради БМТ янгиликлар маркази.

Фото: Bloomberg

2022 йил июль ойидаги ҳаво ҳарорати 1991—2020 йилларга нисбатан ўртача 0,4 градусга иссиқроқ бўлди. Аммо 2019 йилга нисбатан ҳарорат бир оз пастроқ кузатилди. 

Ернинг Шимолий яримшаридаги қуруқликда ҳарорат ўртача даражадан сезиларли даражада юқори бўлди.

Европанинг аксарият қисми учун 2022 йил июль ойи жуда қуруқ бўлди. Бир қатор мамлакатларда минимал ёғингарчилик бўйича рекордлар янгиланди, бу маҳаллий иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига зарар етказди ва ўрмон ёнғинлари хавфини оширди. Ноодатий иссиқ ва қуруқ об-ҳаво августгача давом этади.

Жуда иссиқ июль

Португалия, Испания, Франция ва ҳатто Буюк Британиянинг баъзи қисмларида 40 градусдан юқори ҳарорат кузатилди, бу тарихди биринчи марта содир бўлди. 

Пиреней ярим оролида максимал ҳарорат 35 градусдан юқори бўлган ғайриоддий кўп кунлар бўлган, бу минтақада иссиқ ҳароратнинг давом этаётганини таъкидлайди. 

Испания миллий метеорология хизмати июль ойи рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлганини, иссиқлик тўлқинининг энг кучли ва энг узоқ давом этганини айтди.

АҚШда жорий йилнинг июль ойи рекордлар бўйича учинчи энг иссиқ июль бўлди. Ҳарорат 48 штатда ўртача даражадан юқори ёки рекорд даражада кузатилди. 

АҚШ Миллий Атроф-муҳит маълумот маркази маълумотларига кўра, июль ойида мамлакатнинг катта қисмида бир қатор иссиқ кунлар қайд этилди ва кундузи ҳарорат 37,8 градусдан ошди, бу эса электр энергиясига бўлган талаб ва иссиқлик билан боғлиқ касалликларга олиб келди.

«Янги норма»

18 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЖСТ Бош котиби профессор Петтери Таалас иссиқлик "янги норма" эканлигини айтди. 

Европада иссиқ об-ҳаво тез-тез, кучлироқ ва узоқ давом этади. 2050 йилга келиб, Европа аҳолисининг қарийб ярми ёзги иссиқлик босимининг юқори ёки жуда юқори хавфи остида бўлиши мумкин.

Ернинг жанубий яримшарида энг юқори ҳарорат Жанубий Американинг марказий қисмида ва Африканинг жанубида қайд этилган. 

Тинч океанининг шимолида ва Антарктидага туташ океанда ҳарорат ўртача даражадан юқори бўлган. 

Ҳинд океанининг ғарбий қисмида, Африкадан Ҳиндистон жанубигача ва Австралиянинг аксарият қисмида ҳаво ҳарорати ўртача даражадан паст бўлган.

Ёғингарчилик танқислиги

2022 йил июль ойи Европанинг аксарият қисми учун ўртачадан қуруқроқ бўлди. Маҳаллий маълумотларга кўра, қитъанинг ғарбий қисмида ёғингарчилик кам бўлган, жануби-ғарбий ва жануби-шарқидаги бир қанча минтақаларда қурғоқчилик кузатилган. 

Буларнинг барчаси маҳаллий даражада иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатди ҳамда ўрмон ёнғинларининг тарқалиши ва кучайишига ёрдам берди. 

Июль ойида Францияда рекорд даражадаги қурғоқчилик содир бўлди, миллий ёғингарчилик тақчиллиги 85 фоизни ташкил этди.

Шимолий Американинг катта қисми ҳам одатдагидан қуруқроқ бўлди. Америка Қўшма Штатларининг Миссури ва Кентукки штатларида содир бўлган кенг кўламли сув тошқини иссиқлик ва қурғоқчиликнинг кучайиши билан бир вақтга тўғри келди. Август ойи бошида АҚШнинг 51,4 фоизи қурғоқчилик ҳолатида эди.

Денгиз музининг ҳолати

Антарктидадаги денгиз музлари қоплами сунъий йўлдош маълумотларига кўра 44 йил ичида июль ойидаги энг паст кўрсаткичга етди ва 1991—2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан етти фоизга паст бўлди.

Арктикадаги денгиз музлари даражаси ўртача кўрсаткичдан тўрт фоизга паст бўлиб, сунъий йўлдош томонидан қайд этилган энг паст июль ойида 12-ўринни эгаллади.

Иссиқ август

Июлда кузатилган ўта иссиқ об-ҳаво камида Европанинг баъзи қисмларида августгача давом этади. 

Буюк Британия Мет-офиси 9 август куни ҳаддан ташқари иссиқлик ҳақида огоҳлантирди. Ҳарорат янги миллий рекордлар ўрнатилган июль ойидагидек кескин бўлиши кутилмайди. Франция жанубида йилнинг шу даврида ҳаво ҳарорати меъёрдан 3-5 градус юқори бўлади.