Олий Мажлис Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан суд тизимида ҳамда маъмурий органларда раҳбарлик лавозимларида кўп йиллар мобайнида ишлаб келган Бахтиёр Исломов Олий суд раиси этиб сайланди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида 10 август куни Сенатнинг ўттизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, суд ва прокуратура органларининг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Дастлаб сенаторлар Президент томонидан киритилган Олий суд раисининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги тақдимнома муҳокама қилинди. Олий суди раиси Козим Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. Сенат мажлисда бўлиб ўтган муҳокама натижасида уни Олий суд раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, мажлисда Президент томонидан тақдим этилган Олий суд раислигига номзод муҳокама қилинди. Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Исломов Бахтиёр Жаҳонгирович Олий суд раиси этиб сайланди. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Конституциявий суд судьяси лавозимига Козим Комилов номзодини таклиф этганди.