Туркманистонда 8 август куни Туркманбоши — Қорабўғоз — Қозоғистон чегараси автомобиль йўли бўйлаб Қорабўғоз кўли (Каспий денгизининг Туркманистон ғарбидаги кўрфази) орқали автомобиль кўприги қурилиши бошланди, деб ёзади Asia Plus.

Кўприк лойиҳаси

Фото: «Tdh.gov.tm»

Пойдевор қўйиш маросимида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди, у айни пайтда Каспий денгизи соҳилларида меҳнат таътилини ўтказмоқда. Воқеа жойига у вертолётда етиб келди. Лойиҳа ҳақидаги ахборотни эшитди ва нутқ сўзлади.

Президент айтишича, янги кўприк Туркманистоннинг шарқий ва шимолий ҳудудлари, шунингдек, қўшни давлатлар билан ҳам товар айланмаси, юк ташувлари ва йўловчи ташувларини ҳажмини сезиларли даражада оширади.

«Кўприк Туркманистон, Россия, Қозоғистон, Эрон ва Ҳиндистон юк ташувчиларига самарали хизмат кўрсатишга мўлжалланган, бу уларга энг қисқа йўл билан, денгиз, темир йўл ва автомобиль транспортидан фойдаланиб, Шимолий ва Шарқий Европа мамлакатларига чиқиш имконини беради», — деди Бердимуҳамедов.

Тақдимотдан кейин Туркманистон раҳбари автомобиль кўприги пойдевори асосига авлодларга аталган капсулани жойлаштирди ва қазилган котлованга белкурак билан биринчи бетонни ташлади.

Янги муҳандислик иншооти икки полосали ҳаракатдан иборат бўлган эски кўприк ўрнида қурилади, у ошиб кетган транспорт юкламаларини уддалай олмай қолган. 2019 йилда бу ердаги трафик кунига 1200 та транспорт воситасидан иборатлиги айтилганди.

Янги кўприк қурилиши билан Украинанинг «Альтком» қурилиш компанияси шуғулланади, у Туркманистон ҳукумати билан 2009 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Иншоот тўрт полосали бўлиб, унинг узунлиги 354 метр, кенглиги 17 метр, кўрфаздан баландлиги эса 7 метрни ташкил этади.

Шунингдек, «Альтком» икки минг метр узунликда саноат темир йўлини жиҳозлаши керак. Туркманбоши — Қорабўғоз — Қозоғистон чегараси автомобиль йўли бўйлаб ҳайдовчилар ва йўловчилар учун дам олиш базалари, меҳмонхона, техник хизмат кўрсатиш марказлари, автобус бекатлари қурилади, транспорт воситалари оғирлиги ва габаритини назорат қилишнинг автоматлашган тизимлари, ёритиш тизимлари, йўл белгилари ўрнатилади.

Объектни 2024 йил июнида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.