Украина июль ойида қарийб 2,7 миллион тонна турли дон ва мойли ўсимликлар, шунингдек, уларни қайта ишлаш маҳсулотларини экспорт қилди. Бу ҳақда мамлакат Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлиги сайтида тарқатилган хабарга таяниб «ТАСС» хабар бермоқда.

Фото: Reuters

2022 йил июль ойида Украина 2,66 миллион тонна дон, дуккакли, ёғли ўсимликлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини экспорт қилди, бу ўтган ойга нисбатан 492,7 минг тоннага (22,7 фоиз) кўпдир, — дейилади хабарда.

Вазирлик маълумотларига кўра, буғдой экспорти июль ойида уч баробардан кўпроққа ошиб, июнь ойида экспорт қилинган 138,4 минг тоннага нисбатан 412 минг тоннага етди. 

Департамент маълумотларига кўра, бу 2021 йил июль ойида Украина томонидан экспорт қилинган 960 минг тонна буғдойдан сезиларли даражада камдир.

Бундан ташқари, июль ойида Украина 183 минг тонна арпа ва 1,1 миллион тонна маккажўхори экспорт қилди. 

Украина экспортчилари кунгабоқар етказиб беришни қисқартиришни бошлади. Июль ойида унинг ҳақиқий экспорти 362,1 минг тоннага етди, бу жорий йилнинг июнь ойига нисбатан деярли 33 фоизга камдир, — дейилади вазирлик хабарида.

Июль ойида соя етказиб бериш 141,55 минг тоннани ташкил этди, 2022 йил июнь ойида деярли 71,3 минг тонна ва ўтган йилнинг июль ойида экспортга 31 минг тонна соя жўнатилган эди. 

Соя ёғи экспорти июнь ойида 18 минг тоннадан 15,7 минг тоннагача камайди. Ой давомида кунгабоқар ёғи экспорти 307 минг тоннани ташкил этди – июнь ойига нисбатан кўп, лекин ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга кам.