Июнь ойи охирида Фарғонада Қирғизистонга олиб ўтувчи яна бир ноқонуний туннель аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Кадр: Видеодан скрин

Қирғизистон жанубида жойлашган Қорасувдаги кенг бозорда савдогар бўлган 57 ёшли Разия Ҳамдамова 1990 йиллардан бери ўз савдо растасида меҳнат қилиб келади, деб ёзмоқда Eurasianet.

Ўйлаб кўринг, мен бозорда шунча йилдан бери ишлайман, лекин ҳеч қачон бойиб кета олмаганман. Лекин бир неча йилдан бери савдо билан шуғулланаётган янги савдогарлар аллақачон бадавлат. Товарларимиз бир хил, қандай қилиб улар бунча фойда олишяпти?, — дейди у.

Ҳамдамова баъзи тенгдошларининг бир кечада эришган муваффақияти контрабанда билан изоҳланади, деб ўйлайди. Шу бозордаги савдогар Ўғилойнинг ҳам бу борадаги фикрлари ўхшаш.

Биз илгари ерости туннеллари ҳақида эшитган эдик, лекин ҳар доим уларни эртак деб ўйлардик», — дейди у табассум билан.

Лекин контрабанда туннеллари эртак бўлиб чиқмади. Йил бошидан бери Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида икки давлатни боғловчи 4 та шундай туннель топилди.

Аниқланган халқаро туннеллардан учтаси Қорасув бозоридан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган. Бу контрабанда операциялари учун жуда қулай жой ҳисобланади.

Бозор Хитойдан келаётган товарлар учун кенг савдо майдончаси бўлиб, Фарғона водийсининг Ўзбекистоннинг 9 миллиондан ортиқ аҳолиси яшайдиган қисмига тўғри келади.

Бу туннеллар қазиш учун жуда кўп вақт талаб қилинган даҳшатли иншоотлардир.

Улардан бири май ойи охирида Қорасув туманидаги Телман қишлоғидан топилган. Унинг узунлиги 270 метр. Ўтиш жойи катта ёшли эркак чўккалаб ўтиши мумкин бўлган даражада сиғимли.

Қизиқ тафсилотга кўра, Қирғизистон хавфсизлик хизматлари ушбу топилма вақтида туннель қурилган участканинг эгаси руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётганини аниқлаган.

Унинг ақли расолигини аниқлаш учун такрорий экспертиза режалаштирилган, — дейилади уларнинг баёнотида.

Июнь ойи бошида топилган иккинчи туннель 18 метр чуқурликда қазилган. Ўтиш жойи Қирғизистон томонидаги турар жойдан бошланиб, Ўзбекистон томон 155 метр масофани эгаллаган.

Қорасув туманидан топилган учинчи туннель халқаро ҳамкорлик маҳсули, деб ҳисобланмоқда. 2014 йилдан бери дўст бўлиб келган чегарадаги иккита туташган уй эгалари сентябрь ойидаёқ лойиҳа бўйича келишувга эришган.

13 метр чуқурликда жойлашган ушбу туннелдан 2х1,7 метр ўлчамдаги йўлак орқали ўтилади. Умумий масофаси — 177 метр.

Энг қулай ҳисобланган тўртинчи ўтиш жойи Фарғона вилоятининг Риштон туманида жойлашган. 130 метрли туннель, электр ва камералар билан жиҳозланган.

Унда қўлга олинган юк машинасида умумий қиймати тахминан 1,4 млн доллар бўлган минглаб мобил телефонлар борлиги аниқланган.

Умумий саккиз киши – икки нафари Ўзбекистондан, олти нафари Қирғизистондан – нақд пул ва товарлар контрабандасида айбланиб, олти йилдан саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида баёнот берилди.

Шу баёнотда ўз фаолияти давомида 1 млн 641 минг 106 долларни Қирғизистонга ноқонуний чиқариш режасини олди олингани таъкидланган.

Ҳозирда туннел қурувчилар жуда қатъиятли ва яхши ресурсларга эга эканидан хавотирлар кўпаймоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон хавфсизлик хизматлари ушбу тузилмалар контрабандада товар ва пул олиб ўтишда фойдаланилаётгани ҳақида ахборот берган.

Аммо сиёсий таҳлилчи Иқбол Мирсаитовнинг фикрича, бу ўтиш жойлари ер ости савдоси учунгина мўлжалланмаган бўлиши мумкин.

Мирсаитовнинг айтишича, туннеллар айнан қандай мақсадлар учун қурилганини билиш учун кўпроқ тергов кучини сарфлаш керак. Бу айсбергнинг фақат учи бўлиши мумкин.

Қирғизистон чегара хизмати расмийларидан бири Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида жами 18 та туннель бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. У бу тахмин нимага асосланганини ошкор қилмади.

Чегара қўшинидаги манбанинг айтишича, бу ҳодисага қарши курашишга тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири икки давлат ўртасидаги қўшма келишув билан умумий чегаранинг айрим участкалари ҳалигача белгиланмаганлигидир.