Пазанда бекажонлар уйда тайёрлайдиган консерва, мураббо ва тузламалар тайёрлашида эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар мавжуд. «Новий очаг» нашри кейинчалик улар «отиб» юбормаслиги учун  бир нечта қоидалар тўпламини тақдим этди.

Фото: «Новий очаг»

Маҳсулотлар танлови

Консервалаш учун фақат энг янги ва пишган мева, сабзавот ва резаворлар мос келади. Улар эзилмаган, моғор босмаган ҳамда зарарланмаган бўлиши керак. Ҳатто меваларнинг эзилган жойлари олиб ташланган тақдирда ҳам консервалар учун яроқли бўлмайди ва ҳеч ким уларнинг «отиб» юбормаслигига кафолат бермайди.

Тайёрлаш жараёнини кечиктирмаслик

Консерва учун маҳсулот сотиб олаётганда, агар резаворлар сотиб олинган бўлса, вақт ўтказмасдан мураббони тайёрлаб олиш керак. Сотиб олинган сабзавотларни 3 кундан ортиқ, олма, нок ёки беҳи каби қаттиқ меваларни эса бир ҳафтадан ортиқ сақлаш тавсия этилмайди.

Маҳсулотни яхшилаб ювиш

Бу, айниқса, қўзиқоринлар учун кўпроқ мос келади. Сувни бир неча марта янгилаб, ювиб, кейин уларни қуритишга қўйиш керак. Чет элдан сотиб олинган меваларни губка билан ювиш тавсия этилади, бу меванинг сақлаш муддатини узайтириш учун ишлатиладиган мумдан халос қилади. Тузланган бодринг ва маринадларга қўшиладиган кўкатларни ҳам эҳтиёткорлик билан саралаш ва ювиш муҳимдир, уларни сарғайган, қуриган ва зарарланган барглардан ажратиш керак.

Банкаларни тайёрлаш

Банка ёпиш учун дастлаб банкаларни яхшилаб ювиш керак, кейин 130 даражада олдиндан қиздирилган печда 25-30 дақиқа давомида ёки қайноқ сув буғида 10-15 дақиқа давомида стерилизация қилинади.

Қопқоқларни ҳам унутмаслик керак

Банкалар учун сотиб олинган янги қопқоқларни сувда 3-4 дақиқа давомида қайнатиш лозим. Қопқоқлар янги бўлиши керак, чунки эски винтли қопқоқлар одатда шаклини ўзгартиради ва агар қайта ишлатилса ҳам банкаларни ёпиш имкони бўлмайди.

Банкаларни секин совитиш лозим

Уйда маринадлар, тузланган бодринг ва мураббо тайёрлаш учун кўпгина рецептлар кўра, банкалар тескари тўнкарилиб, қалин нарса билан ўралади. Бу уларнинг секин совиши учун амалга оширилади. Ҳарорат қанча секин пасайса, банкалардаги пишиш жараёни табиий равишда давом этади ва консерва тўғри ёпилган бўлади.

Стерилизация ва пастеризация

Буларнинг фарқи нимада? Иккала ҳаракат ҳам иссиқлик билан ишлов беришдир, фақат у турли йўллар билан амалга оширилади. Пастеризация қилишда банкалар қайнаётган сув буғида 30 дақиқа давомида пастеризация қилинади ва кейин тахминан 9 ой давомида сақланиши мумкин. Стерилизация қилиш учун бланкалар устидан сув қуйилади ва сув қайнатилади. Қайнаш давомида идишлар ҳажмига мувофиқ стерилизация қилиниши керак: 0,5 л — 10 дақиқа, 1 л — 15 дақиқа, 2 л — 20-25 дақиқа, 3 л — 25-30 дақиқа. Стерилизация жараёнида микроорганизмлар, бактериялар ва споралар йўқ қилинади ва консервалар узоқ вақт — бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ сақланиши мумкин.