Куз фасли яқинлашаётганига қарамай, аёллар ҳамон қоматини янада гўзаллаштириш ишлари билан банд. Аммо совуқ кунлар келиши билан калорияга бой таомлар ҳамда жисмоний ҳаракатнинг камлиги туфайли қалин кийимлар ортида вазн ортиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Marie Claire нашри салқин мавсумда ҳам қомат ўзгармаслигига ёрдам берадиган тавсиялар билан бўлишди.

Фото: Marie Claire

Куз — енгил ва ҳарир либослар билан хайрлашиб, иссиқ ва ёпиқ кийимларга ўтадиган вақт. Кўпчилик жисмоний машқлар қилиш, тўғри овқатланиш учун мотивацияни йўқотади, натижада қўшимча вазн олиш хавфи ортади. Бундан ташқари, ёмғирли об-ҳавода ҳамма ҳам уйга қайтишни, иссиқина уйда ширинлик билан чой ичишни хоҳлайди. Аммо қуйидаги тавсияларга амал қилган ҳолда муаммонинг олдини олиш мумкин.

Ҳар бир таомга сабзавот ва кўкатлар қўшиш

Сабзавотлар антиоксидант, фитонутриэнт, витамин ва клетчаткага бой. Клетчатка шакарнинг сўрилиш тезлигини пасайтиради, организмдаги овқат ҳазм қилиш ва детоксификация жараёнларини яхшилайди, бу вазнга ижобий таъсир қилади. Пиёз, саримсоқ, занжабилни рационга киритиш зарар қилмайди - улар антивирус, антибактериал хусусиятларга эга ва шамоллаш хавфини камайтиради.

Сув истеъмолини кузатиб бориш

Ҳар ўттиз дақиқада бир қултумлаб сув ичиш орқали организмда ажойиб ўзгаришларни сезиш мумкин. Агар сув ичиш осон бўлса, уни ичишда давом этиш керак. Агар биринчи қултумда чанқоқ ҳисси йўқлиги сезилса, уни кейинги ярим соатда ичиш тавсия этилади.

Инсон оргнизми жуда ақлли ва у сувга бўлган эҳтиёжни кўрсатадиган ажойиб сигналларга эга. Шунинг учун ҳис-туйғуларга эргашишга ҳаракат қилиш лозим. Сув организмдаги барча метаболик жараёнларда иштирок этади ва овқат ҳазм қилиш, кераксиз моддаларни чиқариб ташлаш учун муҳимдир.

Ширинликларни фақат овқатдан кейин истеъмол қилиш

Асосий овқатни ширин газак билан алмаштирмаслик лозим. Ушбу муҳим қоидага риоя қилиш тез углеводларни ортиқча истеъмол қилиш ва қўшимча калориялар хавфини камайтиришга ёрдам беради. Ахир, оч қоринга ширинлик истеъмол қилинса, қонда глюкозанинг кескин кўпайиши кузатилади, бу эса углеводларга бўлган иштиёқни янада кучайтиради.

Оқсилга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш

Оқсил организмдаги ҳар бир ҳужайранинг асосидир. Бусиз метаболик фаолият бошланмайди ва мукаммал қоматга эришиб бўлмайди. Гўшт, тухум, парранда гўшти ва денгиз маҳсулотлари оқсилнинг ажойиб манбалари ҳисобланади.

Кундалик рационга фойдали ёғларни киритиш

Соғлом ёғлар ҳужайра мембраналарини қўллаб-қувватлайди, метаболизмни рағбатлантиради ва организмни энергия билан таъминлайди. Ҳафталик овқатланиш режасига авакадо, ёғли балиқ, ёнғоқ, зайтун, денгиз ўтлари ва қизил гўшт қўшиш тавсия этилади. Ушбу озиқ-овқатларнинг соғлиқ, терининг ҳолати ва вазнга ижобий таъсири мавжуд.

Крахмалга устунлик бериш

Мураккаб углеводлар учун ингичка ичакда ҳазм бўлмайдиган крахмалга эга бўлган озиқ-овқатлар истеъмол қилиш лозим. Улар ловия ва ясмиқ, картошкада мавжуд. Тадқиқотларга кўра, крахмал ичак микрофлорасини яхшилайди, овқат ҳазм қилиш жараёнларини яхшилайди, кўпроқ тўқлик ҳисс ва энергия беради.

Кундалик фаолиятни кузатиб бориш

Жисмоний фаоллик метаболизмни яхшилайди, мушакларнинг массасини оширади, шунингдек, дофамин ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали кайфиятга ижобий таъсир кўрсатади. Дофамин ҳар қандай жисмоний фаолиятга жавобан ишлаб чиқарилади ва завқ, меҳр, муҳаббат туйғуларини яратиш учун жавобгардир. Айнан шу гормон машғулотдан кейин ҳиссий ўзгаришни келтириб чиқаради.

Етарлича ухлаш

Уйқунинг энг муҳим хусусияти анаболик —  тикловчидир. Уйқу иммунитет тизимини мустаҳкамлайди, гормонал даражани яхшилайди ва энергияни оширади. Уйқусизликда ширинликка бўлган эҳтиёж ортади. Шу орқали организм  углеводлар билан етишмаётган энергияни тўлдиришга ҳаракат қилади. Натижада вазн ортиши кузатилади.