Андижон машинасозлик институтининг бир гуруҳ талабалари «Дарё»га мурожаат қилиб, 2018 йилда тўлов-контракт асосида «Ўзбекистон+Хитой 2+2» қўшма таълим дастури асосида талабаликка қабул қилинганини, уч йил давомида белгиланган шартнома пуллари тўланган бўлса-да, институт 3—4-босқичда ўқитиш мажбуриятини олмагани боис ўқишни якунлай олмаётганини билдирмоқда.

Институтнинг 3-босқич талабаси Рустамбек Абақуловнинг айтишича, институт раҳбарияти икки йилдан буён Хитойдан жавоб келишини кутаётганлигини айтмоқда.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Андижон машинасозлик институтининг Шимолий Хитой технологиялари университети билан ҳамкорликда очган Мехатроника ва роботатехника факультетида ўқиймиз. Аслида Андижонда 2-босқични тамомлагач 3—4-курсни ўқиш учун Хитойга кетишимиз керак эди. Пандемия сабабли 3-курсни ҳам шу ерда ўқиб тамомладик. Бу йил 4-курс талабаси бўлишимиз керак эди. Лекин негадир Хитойга кетишимиз муаммо бўляпти. Бу бўйича институт Хитойдан жавоб келишини кутаётганлигини айтяпти. Биз бу йил сентябрь ойидан Хитойга кетамиз, деб ўйлагандик, ҳал бўлмади. Кейин январда кетасизлар дейишди. Ундан кейин ҳам муаммо ҳал бўлмади.

Биз шартномага асосан биринчи йили 2500 минг доллар, иккинчи курс учун 20 миллион сўм ва учинчи курс учун 16 миллион сўм миқдордаги тўловларни амалга оширганмиз. Шу кунга қадар умидвор қилишмаганда, балки бир йил кутиб ўтирмай ўқишни бошқа ОТМга кўчирган бўлардик. Тўғриси, тенгдошларимиз ҳозир 4-курсни тамомлади. Биз эса бир йилни зое кетказдик. Ўқишни бошқа ОТМга кўчирмоқчи бўлгандик. Афсуски, фақатгина мана шундай чет давлатлари билан ҳамкорликда очилган факультетларга кўчира оларканмиз. Устига устак кўчиргандан кейин 3-курсни ҳам яна қайтадан ўқишимизга тўғри келаркан, — дейди Рустамбек Абақулов.

Яна бир талаба Жаҳонгир Раҳимовнинг таъкидлашича, ўқишга киришдан аввал 3500 доллар бўлиши белгиланган контракт миқдори тўртинч босқичга ўтганда 4800 доллар этиб белгиланган. Шунингдек, ўқишни масофадан туриб якунлаш таклиф этилган. Онлайн ўқиш эса талабаларни қониқтирмаган.

Жаҳонгир Раҳимов.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Институтнинг инновацион таълим технологиялари факультети талабасиман. 2018 йилда имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинганмиз. Факультет Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилганлиги боис дарсларимиз тўлиқ инглиз тилида олиб борилган. Биз таълим дастуримизга кўра, «2+2» ёки «3+1» дастури бўйича ўқишимиз керак бўлган. Пандемия сабабли ўз ихтиёримиз билан «3+1» тизимида ўқиганмиз. Шунга асосан учинчи босқични Андижон машинасозлик институтида ўқиб тугатдик. Тўртинчи босқичга келганда Хитой давлатига бориб ўқишимиз керак эди. Аммо дунёвий муаммо коронавирус тарқалганлиги сабабли Хитой ўз чегараларини беркитди.

Шундан кейин бизга Шимолий Хитой Технологиялар институти томонидан 4800 доллар ҳисобида контракт тўлаб, масофадан туриб онлайн ўқиш таклифи берилди. Бу нарса бизни қониқтирмади. Чунки ўқишга кирган пайтимизда контракт миқдори максимум 3500 доллар бўлиши керак эди. Тўртинчи босқичга ўтганимизда шартнома пули 4800 доллар этиб белгиланди. Бу маблағни кимларнингдир шароити кўтарди, кимларникидир кўтармади. Бундан ташқари онлай ўқиш бизни қониқтирмади. Биз ушбу масалани ҳал этишда ёрдам сўраб, жуда кўп жойларга ариза бердик. Мисол учун Олий таълим вазирлигига ариза билан чиқдик. Афсуски аризаларимиз қаноатлантирилмади.

Аслида ўтган ўқув йилида 4-босқичда ўқишимиз керак эди. Аммо Хитойга кетмаганлигимиз сабабли музлатилиб қўйилди. Бекордан бир йил умримиз ўтиб кетди. Ишга кирайлик десак дипломсиз ҳеч ким ишга қабул қилмайди. Бўлса ҳам ярим ставкали ишлар чиқади. Бизга 4-босқични Хитойда эмас шу ўзимиз ўқиган Андижон машинасозлик институтида ўқишга рухсат беришса яхши бўларди. Бўлмаса нодавлатми ёки қўшма таълим дастурида очилган давлат институтларими бизни 4-босқичдан қабул қилса бизга ҳам фойдали бўларди. Чунки 3-босқични 16 миллион сўм контракт тўлаб ўқидик. Ҳам пулдан, ҳам вақтдан ютқазишимиз тўғри келмайди. Ҳозир бошқа институтларга борадиган бўлсак қайтадан яна учинчи босқичда ўқишимиз керак бўляпти. Бу ерда тўртинчи курсда ўқишга рухсат беришмаяпти. Ҳисоблаб чиқадиган бўлсак 6 йил ўқишимизга тўғри келаяпти, — дейди Жаҳонгир Раҳимов.

Андижон машинасозлик институти ректори Умиджон Турдиалиевнинг айтишича, пандемия сабабли қўшма таълим дастуридаги факультетларда муаммолар юзага келган.

Умиджон Турдиалиев.

Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Институтимизда 2018 йилда қўшма таълим дастури ишга туширилган. Дастлаб Хитой ва Корея давлатларининг тегишли олийгоҳлари билан шартнома қилинган. Шундан буён талабалар имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Уларнинг талаби билан ўзларининг битта ходими иштирокида талабалар сараланарди. Маълумки, пандемия даврида барча олий таълим муассасаларида таълим тизими онлайн шаклга ўтказилди. Айниқса, бу қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишига катта салбий таъсир кўрсатди. Нимагаки, бизда бакалавиатурада «2+2», «3+1», магистратурада эса «1+1» деган дастурлар бор. Талабаларимиз бизда икки йилликни битириб, учинчи курсда хорижга чиқадиган вақтида пандемия бўлиб қолди. Чегаралар ёпилгач талабаларда у ерга кетолмайдиган бўлиб қолди.

Шундан сўнг талабаларга Шимолий Хитой технологиялар университети томонидан грант эълон қилинди. Корея эса онлайн таълимни тан олмади. Шунга кўра, улар яна бир йил, яъни 3-курсни ҳам Андижонда ўқиб тамомлашди. Ваҳоланки, йил давомида пандемия сал пасайди, ҳамма шароитлар бўлиб, олдинги турмуш тарзига ўтганимиздан сўнг биз билан ҳамкорлик қилаётган университет талабалар учун курсдан курсга ўтиш имтиҳонларини эълон қилди. Унга кўра, 100 балли системада 80 баллдан юқори натижа кўрсатганлар 4-курсни ҳам грант асосида ўқишига имкон берилиши керак эди. Лекин ҳеч бир талаба 80 балл тўплай олмади. Имтиҳонларда тахминан энг юқори кўрсаткич 74 бўлган. Бир йиллик шартнома пули эса 4800 доллар дан 5200 долларгача бўлгани учун талабалар бу миқдордаги маблағни тўлай олмасликларини айтди. Шундан кейин эътироз билан ҳамкорларга алоқага чиқдик. Улар эса 80 баллдан юқори тўплаган бўлса ўқитиб беришга тайёрлигини айтишди. Айтишларича, уларнинг тизими шундай экан, — дейди Умиджон Турдиалиев.

Турдиалиевнинг таъкидлашича, институт талабалар олдида турган муаммони ҳал қилиш учун зиммасидаги барча мажбуриятларни бажарган. Хитой университети эса талабаларни шартнома асосида ўқитишга тайёр. Муаммонинг қолган қисми талабаларнинг ўзига боғлиқ.

Вазирликка раҳмат, мана шундай муаммоли вазият вужудга келган талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошқа олийгоҳларга, яъни нодавлат, хорижий филиалларга, қўшма таълим дастурларига кўчиришга рухсат беришди. Айримлари ўзимиздаги Белорусия билан ташкил этилган қўшма таълим дастурига ўтказишди. Бу муаммоларнинг ечими бўйича кўп чора-тадбирлар кўрдик. Афсуски, барчаси талабаларимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Институт ўзининг мажбуриятини бажарган, икки йил ўқитган. Хитой ўқитмайман деяётгани йўқ, дипломини беради. Уларнинг талаби бўйича контракт суммаси ўртача 5000 долларга тўғри келяпти. Тушунаман, буни тўлаш қийин. Уларни ҳам ўзимни фарзандимни ўрнида қўйиб кўриб гаплашаман. Шунинг учун имкон қадар муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Хитой билан бўлмаса бошқа қўшма дастурларида ўқишлари мумкин. Менимча, ёмон ечим эмас.

Ҳукумат қарори билан барчаси тартибга солиниб қўйилган. Бунда қўшма таълим дастурларидан миллий дастурларга кўчириш тақиқлаб қўйилган. Бўлмаса бу болаларни жон-жон деб ўзимда олиб қолган бўлардим. Чунки, буларга аввало хорижий домлалар келиб, инглиз тилида дарс ўтишган. Бу гуруҳларга хорижий салоҳият кириб келган. Агар имконияти бўлганида яхши эди, афсус. Талабаларнинг мақсади тўғридан-тўғри миллий олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириб олиш. Лекин бунинг иложи йўқ, негаки ўқишни кўчиришнинг ўз тартиблари бор. Улар бошқа нодавлат олий таълим муассасаларига ёки қўшма таълим дастури асосида очилган олий таълим муассасалари факультетларига ўқишни кўчириш имкониятига эга. Айрим талабалар бу имкониятдан унумли фойдаланди.

Биз талабалар олдида турган муаммони ҳал қилиш учун зиммамиздаги барча мажбуриятларини бажардик. Хитой университети эса талабаларни шартнома асосида ўқитишга тайёр. Муаммонинг қолган қисми талабаларнинг ўзида, — дейди ректор.

Ректорнинг айтишича, Хитой институти меморандум имзоланган пайтдаги раҳбарлар ўзгаргани сабаб шартлар ҳам ўзгарганини билдирган. Талабалар хитой тилини билиш даражаси ва белгиланган контракт суммасининг тўланганлик ҳолатини кўрсатишгач 4-босқичда таҳсил олишлари мумкин.

Хитой билан шартнома шартлари ўзгаргани бўйича мен ҳамкорлар билан музокаралар олиб бордим. Улар нега контракт суммаси кўтарилгани бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Фақатгина меморандум имзоланган пайтдаги раҳбарлар ўзгарганини сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Аслида меморандум олийгоҳ номидан тузилади. Раҳбарлар ўзгаришининг бунга даҳли йўқ. Лекин барибир ҳам улар мана шу шартларга рози бўлсагина талабаларни 4-курсда ўқитиб беришга тайёрлигини билдирмоқда. Шартлар эса хитой тилини билиш, белгиланган контракт суммаси тўлаш. Талабаларга вақт кетказмасдан бошқа қўшма таълим дастурларида ўқишни таклиф қилаяпмиз. Ўзим ҳам ушбу масалани тезроқ ечим топишини тарафдориман, — дейди ректор Умиджон Турдиалиев.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.