Сентябрь ойи нафақат янги ўқув йилининг бошланиши, балки санъаткорлар тили билан айтганда, тўй мавсумининг бошланиши ҳам ҳисобланади. Икки ойлик танаффусдан сўнг катта саройлардаги концертларга рухсат этилади, ҳаво ҳароратининг пасайиши сабаб одамларнинг концертга бориш талаблари ҳам ошади. Бундан ташқари, пишиқчилик даврида тўйларнинг ҳам кети узилмайди. Ўғил-қизимни уйлантираман, деб тўй бошлаган инсонларга кичик қўлланма бўлиши учун тренддаги хонандаларнинг хизмат ҳақлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Санъаткорларнинг вилоят тўйларидаги хизмат ҳақлари масофага қараб бир-биридан фарқ қилади. Шу боис уларнинг пойтахтдаги «бирров»лари нархи ҳақида қуйида маълумот олишингиз мумкин.

Юлдуз Усмонова

Фото: Instagram / @nilufarusmonova

Ўзбек эстрадасининг примадоннаси Юлдуз Усмонова рэпертуарида «бирров» деган тушунча йўқ. У тўйхонада камида ярим, бўлмаса 40 дақиқа қўшиқ куйлайди. Бу тахминан 6-8 та қўшиқ дегани. Фақат жонли ижрода куйлайдиган ҳофизанинг хизмат ҳаққи 2000-2500 АҚШ долларини ташкил қилади.

Фаррух Зокиров

Фото: «Biographe.ru»

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров пойтахт тўйларида фаол бўлса-да, асосан элегант давраларда кўриниш беради. Уни кўпинча келин-куёвларни кутиб олиш мақсадида таклиф этишади. Ижодкор хизмат ҳаққини 1500 АҚШ долларига баҳолайди.

Насиба Абдуллаева

Фото: Instagram / @nasibaabdullaevaofficial

Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг пойтахтдаги «бирров» хизматлари 1200 АҚШ долларини ташкил қилади.

Озода Нурсаидова

Фото: Instagram / @ozodaofficial

Хонанда Озода Нурсаидова ҳам бор энергиясини тўйларга қаратадиган ижодкор эмас. У ҳам камдан кам тўйларда кўриниш беради. Балки бунга хизмат ҳаққининг юқори эканлиги сабабдир. Хонанданинг пойтахтдаги «бирров»и 1000 АҚШ долларидан кам эмас.

Муниса Ризаева

Фото: Instagram /@munisarizaeva

Бир кунда 5-8 та тўй хизматига борадиган хонанда Муниса Ризаеванинг гонорари ҳам юқори. У тўйларда навбатчи хонанда сифатида умуман иштирок этмайди. Тошкентдаги «бирров»ларга эса 1000 АҚШ долларидан камига бормайди. Агар бир кунда бешта тўй хизматига борадиган бўлса, унинг кунлик даромади қанча эканлигини тасаввур қилаверинг.

Шоҳруххон

Фото: Instagram

Кейинги пайтларда хонанданинг хизмат ҳаққи анча ошган. Бир йил аввал пойтахтдаги «бирров»ларга 600 АҚШ долларидан борарди. Ҳозир эса хизмат ҳаққи 800 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Нилуфар Усмонова

Фото: Instagram / @ нилуфарусмонова

Нилуфар Усмонова Тошкент ва Самарқанд тўйларида жуда фаол. Кетма-кет яратилган ҳит қўшиқлар сабаб хонанданинг хизмат ҳаққи ҳам аввалгидан анча ўсган. Масалан, 2021 йилда унинг пойтахтдаги «бирров»и 500, ҳозир эса 800 АҚШ долларини ташкил этмоқда. У одатда бир кунда иккита, кўпи билан тўртта тўй хизматига боради.

Имрон

Фото: Instagram / @imronsinger

Хонанда Имрон Тошкент тўйларидаги энг фаол хонандалардан бири. Унинг хизмат ҳаққи кутилмаганда кескин кўтарилган. Яъни ўтган йили «бирров»га 500 АҚШ долларига борган бўлса, ҳозир бу рақамлар 800 АҚШ долларига ўзгарган.

Шоҳжаҳон Жўраев

Фото: Instagram / @shohjahon_djurayev

Хонанданинг пойтахтдаги «бирров»и 700 АҚШ долларини ташкил этади. У «бирров» хизматларида 5 та қўшиқ ижро этади.

Райҳон

Фото: Instagram / @rayhonganieva

Райҳон Ғаниева асосан «бирров»чи қўшиқчи ҳисобланади. Чунки у навбатчи хонанда сифатида тўйларда умуман иштирок этмайди. Унинг бугунги кундаги хизмат ҳаққи 700 АҚШ долларини ташкил этади.

Зоҳиршоҳ Жўраев

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

Устазода ижодкор Зоҳиршоҳ Жўраевнинг пойтахтдаги «бирров» хизмати 600-700 АҚШ долларини ташкил этади. У ҳам бошқа хонандалар сингари «бирров» хизматларида 5-6 та қўшиқни ижро этади.

Улуғбек Раҳматуллаев

Фото: Instagram / @ulugbekrahmatullaev

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев ҳам ўзбек тўйларида энг фаол хонандалардан бири ҳисобланади. Унинг пойтахтдаги хизмат ҳаққи 600-700 АҚШ долларини ташкил этади.

Зиёда

Фото: Instagram / @ziyodamusic

Хонанданинг пойтахтдаги «бирров»лари 500-700 АҚШ доллари. У бир кунда камида 3-4 та тўй хизматига улгурадиган ижодкорлардан бири.

Мавлуда Асалхўжаева

Фото: Instagram / @mavludauz

Хонанда Мавлуда Асалхўжаева тенгдош ҳамкасбларидан фарқли равишда ҳалигача тўйларда фаол. У кунига камида 3-4 та хизматга боради ва унинг ҳар битта «бирров»и 500-600 АҚШ долларини ташкил этади.

Ёрқинхўжа Умаров

Фото: Instagram / @yorkinumarov

Хонанда Ёрқинхўжа Умаров пойтахтдаги «бирров»ларга 400 АҚШ долларидан камига бормайди. Аммо уни навбатчи санъаткор бўлишини истайдиган инсонлар ҳам кўп. У жамоаси билан бирга 1500 АҚШ доллари эвазига иштирок этади.

Мавзуга доир: