Инсон организмида метаболизм — модда алмашинуви жараёни ёш ўтиб бориши билан секинлашади. Айниқса, бу менопаузани бошдан кечиргандан кейин сезилади: ушбу вақтда аёлларга одатдаги овқатланишни аста-секин камайтириш тавсия этилади, чунки организм асосий жараёнларга камроқ калория сарфлай бошлайди. «Новий очаг» нашри ушбу жараённи секинлаштирадиган бир қанча кундалик одатлар билан бўлишди.

Фото: «Новий очаг»

Мушак тўқималарининг камайиши, гормонал ўзгаришлар, организмдаги кўплаб жараёнларнинг умумий сустлашиши 50 ёшдан кейин метаболизмнинг сезиларли даражада секинлашиши, вазн ортиши ва уни йўқотиш қийинлашишига сабаб бўлади. Аммо аёллар вазн йўқотишга ҳаракат қилиб, хатоларга йўл қўйиши ва шу билан метаболизмни янада секинлаштириши мумкин.

Сут маҳсулотларидан оз истеъмол қилиш

Макмастер университети мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқот шуни тасдиқладики, кунига 3-7 порция сут маҳсулотлари истеъмол қилган аёллар ёғни тезроқ ва осонроқ эритади. Саломатлик ва гўзал қомат учун қайғурадиганларнинг кундалик ратционида йогурт, творог, кефир ва бошқа сут маҳсулотлари, албатта, бўлиши керак.

Углеводларни бутунлай йўқ қилиш ёки камайтириш

Яна бир ёмон фикр — углеводларни рациондан бутунлай чиқариб ташлаш. Ҳақиқатан ҳам енгил углеводлар саломатлик ва вазн учун хавфли бўлиб, улар инсулиннинг кўтарилишига олиб келади. Аммо секин, мураккаб углеводлар шунчаки зарур. Акс ҳолда организм етарли энергияни олмайди ва машғулот пайтида ёки ундан кейин камроқ калория сарфлайди. Ҳар бир таом билан биргаликда мураккаб углеводларнинг бир қисмини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Қуёшда кам вақт ўтказиш

Қуёш нури метаболизм ва модда алмашинуви учун зарурдир. Эрталабки қуёш нури айниқса фойдали: тадқиқотлар эрталаб кўп вақтини ташқарида ўтказадиган одамларнинг тана массаси индекси тонгни уйда ўтказадиганларга қараганда пастроқ эканини бир неча бор тасдиқлади. Эрталаб қуёшда кунига ярим соат сайр қилиш ўз соғлиғи ҳақида қайғурадиган ҳар бир киши учун зарур бўлган кунлик талабдир.

Нонуштани жуда кеч қилиш

Куннинг биринчи таоми учун энг қулай вақт — уйғонгандан кейин бир соат ичида ва энг яхшиси биринчи 15 дақиқада. Тонгги нонушта — калорияларни энергияга айлантириш механизмини ишга тушириш имконини беради.

Қаҳва ичмаслик

Қаҳва ажойиб ичимлик ва эрталаб бу метаболизм учун керак бўлган нарсадир. Метаболизм кофеиннинг юрак уриш тезлигини ошириш қобилияти билан кучаяди: организмга кўпроқ энергия керак бўлади ва уни илгари сақланган заҳиралардан ажратиб ола бошлайди. Қаҳва қора, иложи бўлса шакарсиз ичилгани маъқул.

Кам сув ичиш

Организмда содир бўладиган барча ҳужайрали жараёнлар сувсиз амалга ошмайди. Шунинг учун суюқлик етарли бўлмаса, у секин давом этади ёки шунчаки тўхтайди. Кўпроқ сув ичиш билан организм энергия ишлаб чиқариши ва ортиқча ёғни эритиши осонроқ бўлади.

Овқатланмаслик ёки оч қолиш

Кўпчиликнинг фикрига кўра, қанча кам овқат истеъмол қилинса, шунча тез вазн камаяди. Аммо бу нотўғри фикр. Аксинча, организм доимий стресс ҳолатига тушса, тескари натижага эришиш мумкин. Чунки бу ҳолатда организм аллақачон сақланган ёғни бор кучи билан тежашга киришади ва олинган ҳар бир калорияни энергияга эмас, балки сақлашга ўтади. Шунинг учун вақтида оз-оздан тез-тез овқат истеъмол қилиш керак.