Йилдан йилга ўпка касаллигига учраётган одамлар сони кўпаймоқда ва буларнинг ҳаммаси ҳам хавфсиз эмас. Бундан ташқари, ҳатто эрта босқичларда осонлик билан даволанадиган касалликлар агар жуда кеч аниқланса, ҳақиқатан ҳам жиддий муаммога айланиши мумкин. Ўпка касалликларининг бир нечта дастлабки белгиларини эътиборсиз қолдирмаслик керак, улар сезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим, деб ёзади «Новий очаг».

Фото: «Новий очаг»

Оёқларда шиш, оғриқ ёки заифлик

Ўпка ва оёқларни боғлайдиган қандай нарса бўлиши мумкин? Аммо ҳақиқат шундаки, бир ёки иккала оёқнинг оғриғи, шиши, заифлиги ёки увишиши чуқур томир тромбозининг аломати бўлиши мумкин. Агар бирор муаммо бўлса, ивиган қон ўпкага ўтиб, ўпка эмболиясини келтириб чиқаради. Бордию, оёқларда ғайриоддий ҳислар сезилса ва айниқса улар нафас қисилиши, кўкрак қафасидаги оғриқлар ёки нафас олиш қийинлашуви билан бирга кузатилса, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Бу ўпка касаллигининг биринчи белгиси бўлиши мумкин.

Қийналиб нафас олиш

Стресс, грипп ва юқори нафас йўлларининг вирусли касалликлари нафас олиш қийинлишуви билан бирга кузатилиши мумкин. Аммо агар бу ҳолат узоқ вақт давомида ўтиб кетмаса ва айниқса юқори ёки паст ҳарорат билан бирга кузатилса, шошилинч равишда шифокорга мурожаат қилиш керак: касаллик ўпкага ўтиши пневмонияга сабаб бўлади. Эсингизда бўлсин: нафас олиш муаммолари ўпка касаллигининг белгисидир.

Лифтдан фойдаланишни афзал кўрасизми?

Иккинчи ёки учинчи қаватга чиқиш керак, лекин зинадан кўтарилиш ўрнига лифтдан фойдаланасизми? Агар бу чарчоқ ёки дангасалик эмас, балки ҳаво етишмовчилигидан бўлса, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Сабабсиз нафас қисилиши дунёдаги энг хавфли касалликлардан бири бўлган сурункали обструктив ўпка касаллигининг энг кенг тарқалган кўринишларидан биридир. Нафас қисилиши жуда жиддий бўлиб, ўпка касаллигининг бу аломатини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаслик лозим.

Чуқур нафас ололмаслик

Астма ҳар қандай ёшда ривожланиши мумкин ва сурункали синусит ёки бошқа вирусли касалликларни келтириб чиқаради. Шифокорларнинг сўзларига кўра, кўплаб катта ёшли беморлар мутахассис билан боғланишдан олдин уларда астма ривожланаётганини хаёлига ҳам келтирмаган. Шу билан бирга, бу беморнинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган жиддий касалликдир. Агар хириллаш сезилса ёки чуқур нафас олишда қийинчилик бўлса, имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Овознинг ўзгариши

Бу ўпка муаммоларининг жуда муҳим аломатидир ва агар кимдир овозингиз бошқача эшитила бошлаганини сезса, соғлиққа эътибор бериш керак. Албатта, сабаб бир-икки ҳафта ичида ўтиб кетадиган шамоллаш бўлиши мумкин, аммо агар товуш ўзгариши узоқ вақт давом этса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Елкада оғриқ

Бир қарашда елканинг ўпка билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин у эътиборсиз қолдирмаслик керак бўлган яна бир аломатдир. Ўпкада ривожланадиган ўсмаларнинг айрим турлари елка яқинида жойлашган нервларга таъсир қилиши мумкин. Агар мушаклар шикастламаган ёки қисилиб қолмаган бўлса иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим. Елка оғриғи ўпка саратонининг дастлабки белгиси бўлиши мумкин.

Тирноқлар рангининг ўзгариши

Тирноқларнинг қорайиши ёки уларда кўк ранг пайдо бўлиши шифокорга бориш учун сабабдир, чунки бу ўпка ва бронх касаллигининг белгиси бўлиши мумкин. Сурункали обструктив ўпка касаллигида кўпинча тўқималарга етарлича қон бормайди ва лаб, тирноқ ва ҳатто терида қорайган ранг пайдо бўлади. Бундай вақтда иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Вазн камайиши

Ҳеч қандай сабабсиз вазн йўқотиш ҳар доим шифокорга мурожаат қилиш учун сабабдир. Бу саратоннинг айрим турларининг энг кенг тарқалган белгиларидан бири бўлиб, у сурункали обструктив ўпка касаллигининг намоён бўлиши ва бошқа ўпка касалликларининг аломати бўлиши мумкин. Агар бунинг учун ҳеч қандай ҳаракат қилинмаган, рацион ва турмуш тарзи ўзгармаган бўлса ҳам сабабсиз вазн камайиб борса, иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим.