Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани айтилган аудиоёзув тарқалди. Ҳокимлик воқеани изоҳлади.

Таъкидланишича, аудиоматериал 2022 йилнинг февраль ойида ҳокимлик соатидаги муҳокамадан кесиб олинган.

«Йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор туманидаги сектор раҳбарларини туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликлари учун танқид қилиб, уларга танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган», — дейилади вилоят ҳокимлиги муносабатида.

Ҳокимлик муҳокама бўлаётган ҳолат ўз тасдиғини топса ва ҳоким ноҳақ бўлиб, унинг ҳаракати қонунга хилоф деб топилса, белгиланган тартибда жавобгарликка тайёрлигини маълум қилган.

Бош прокуратура ҳам ҳолатга муносабат билдирган.

«Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга тегишлилиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда», — дейилади расмий баёнотда.