Ошхонанинг ҳар бир инсон ҳаётидаги аҳамиятини эътиборсиз қолдириш қийин, чунки уйнинг бу қисмида кўп вақт сарфланади. Шу билан бирга, ҳар йили ошхона анжомлари хилма-хил бўлиб бормоқда ва янги технологиялардан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Маълум бўлишича, энг кенг тарқалган маиший техникадан ҳар доим ҳам тўғри фойдаланилмас экан. Marie Claire нашри ишлатишда кўпчилик хатога йўл қўядиган ошхона буюмлари номини маълум қилди.

Фото: Marie Claire

Блендер

Фото: Marie Claire

Блендер ошхонадаги асосий ёрдамчилардан бири бўлиб, унинг ёрдамида қаймоқли шўрва, соус, смузиларни осонгина тайёрлаш мумкин. Аммо маҳсулотларни кейинги сафар ичига солишдан олдин риоя қилиш керак бўлган махсус кетма-кетлик мавжудлигини унутмаслик лозим. Аввал суюқлик билан бошланиб, кейин кичик маҳсулотларга ўтилади, охирида эса катта ҳажмли маҳсулотлар солинади.

Музлаткич

Фото: Marie Claire

Кўпчилик сут, кефир ёки йогуртларни сақлаш учун музлаткич эшигидаги жавонлардан фойдаланади. Аслида бундай қилмаслик керак: бу жавонлар музлаткичнинг совуқ бўлмаган қисмларидан биридир. У  ерда зиравор, соус, сув, сода ёки шарбатларни қолдирган маъқул, улар барқарор ва кўпроқ совитишни талаб қилмайди. Шунингдек, музлаткични захирага олинган маҳсулотлар билан тўлдириб юбориш одати мавжуд. Аммо унда ҳаво эркин айланмаса, совитиш жараёни бузилади ва бу сақланаётган маҳсулотларга таъсир қилади.

Саримсоқ майдалагич

Фото: Marie Claire

Саримсоқ майдалагичдан фойдаланишдан аввал уни ювиб ташлашни унутмаслик лозим. Чунки жуда майда тешикчаларида аввалги саримсоқдан қолган қолдиқлар бўлиши мумкин.

Идиш ювиш машинаси

Фото: Marie Claire

Баъзи одамлар идиш-товоқ машинасини тўлдиришда қанчалик ихчам тахланса, шунча яхши бўлади, деб ўйлайди. Аммо, афсуски, бу жойлаштириш усули ҳар доим ҳам иш бермайди. Идишлар машинанинг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилиши керак. Ўртада энг кучли сув босими мавжуд. У ерда помидор, картошка ёки кўп миқдорда углеводларни ўз ичига олган озиқ-овқат доғлари бўлган идишлар жойлаштирилиши керак. Идишларни ювиш воситаси кўпроқ икки ёнга тақсимланади, шунинг учун бу қисмда оқсил маҳсулотлари (гўшт, тухум, пишлоқ) истеъмол қилинган идишларни ювиш тавсия этилади.

Миксер

Фото: Marie Claire

Агар ўрнатиладиган миксердан фойдалансангиз, унда эсда тутингки, унинг баландлигини ўзингиз созлашингиз мумкин. Бундан ташқари, бу назорат қилиш учун ҳам керак: миксер идишдан бир неча миллиметр масофада жойлашган бўлиши керак. Миксерни бироз баландроқ жойлаштириш лозим, акс ҳолда маҳсулотлар бир текис аралашмайди, пастроқ жойлаштирилса, идишга зарар бериши мумкин.

Қозон тутқичлари

Фото: Marie Claire

Ҳар бир стандарт қозон тутқичларида тешик бор. Улар нафақат газдан идишларни олишни осонлаштириш учун мавжуд, балки капгирлар учун ҳам мўлжалланган. Кейинги сафар овқат пишираётганда, аралаштиргични токчага қўйиш ўрнига, уни тутқичдаги тешикка вертикал равишда киритишни унутманг.

Сабзавот тозалагич

Фото: Marie Claire

Картошка ва бошқа сабзавотларни тозалашда битта қоида мавжуд: жараён гавдадан бироз узоқроқда амалга оширилиши керак. Бу ҳам қулай, ҳам маҳсулот тоза бўлишига ёрдам беради. Лекин бу ҳаммаси эмас: сабзавот тозалагич нафақат картошка ва сабзи учун ишлатилиши мумкин. Унинг ёрдамида шоколад, таомга қўшиш учун пишлоқ, ҳатто пиёзни ҳам осонгина тўғраш мумкин.

Спагетти қошиғи

Фото: Marie Claire

Спагетти қошиғининг ўртасидаги тешик фақат сувни тўкиш учун, деб ўйламанг. Ушбу қулай функцияга қўшимча равишда, унинг асл мақсади қисмларни ўлчашдир. Бу кичик доира билан спагетти сузишда аниқ порцияга ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Тахтакач

Фото: Marie Claire

Кўпчилик пластик тахтакачдан кўра ёғочини афзал кўради. Лекин уни ишлатишдан кейин қандай қилиб тўғри ювиш кераклигини ҳамма ҳам билмайди. Намлик ва иссиқлик ёғоч буюмни юмшатиши мумкин, шунинг учун бу тахталарни иссиқ сув жўмраги остида ёки идиш ювиш машинасида ювиш мумкин эмас. Тахтакачни тозалашнинг ажойиб усули — яримта лимон ва туздан фойдаланиш. Туз кирни парчалайди, лимон эса сиртни дезинфекция қилади. Ушбу проседурадан сўнг тахтакачни тоза сочиқ билан артиб олиш кифоя.

Озиқ-овқат чиқиндиларини йўқ қилиш қурилмаси

Фото: Marie Claire

Кўпинча ўта кир идишлар иссиқ сув билан ювилади: бу билан ёғли доғлардан имкон қадар тезроқ қутулиш мумкин. Аммо агар раковинада озиқ-овқат чиқиндиларини тозалаш мосламаси бўлса, юқори ҳарорат бу ошхона жиҳозига зарар етказиши мумкин. Иссиқ сув урилганда, маҳсулотлар эрийди ва бўтқага айланади. Хавф шундаки, пайдо бўлган бу қалин қоришма қувур бўйлаб оқиб чиқа бошлайди ва деворларига ёпишади. Шу сабабли қувурлар вақт ўтиб тиқилиб қолади. Шунинг учун чиқиндиларни майдалагичга юборгандан сўнг сув босимини совуқ ҳолга келтириш керак, шунда қувурлар соз ҳолатда қолади.