Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Беҳзод Фазлиддин Фарғона вилоят адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилган, деб ёзади «Ҳудуд 24».

Фото: «Ҳудуд 24»

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев ҳеч қандай рухсат олмасдан шоирга тегишли «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» тўпламидаги «Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз» деб бошланувчи «Айёр дўстларим» шеъридан фойдаланиб қўшиқ ижро қилган. Ва бу ижод намунаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, тўйларда фаол ижро қилинган. Шоир Беҳзод Фазлиддин Фарғона вилоят адлия бошқармасидан бузилган муаллифлик ҳуқуқларини тиклаб беришни, хонандага нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг қарорига асосан, хонанда муаллифлик ҳуқуқбузарлиги содир этилганлик факти тасдиқланди. Унга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди. Шундан сўнг шоир Беҳзод Фазлиддин фойдасига Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ҳал қилув қарори эълон қилинди. Унга кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баробари, яъни 24 миллион сўм товон пули, 2 миллион сўм маънавий зарар, жами 26 миллион сўм ундириб берилди. Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев томонидан ижро этилган «Айёр дўстларим» номли қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилди.

Мавзуга доир: СанЖай муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун шоир Усмон Азимга салкам 100 млн сўм тўлаб беради