Бемор инсультга чалиниши арафасида шифокорлар мия шикастланишининг олдини олиш учун фақат бир неча соатга эга. Бундай вақтда шифокорга қанчалик тез мурожаат қилинса, саломатлик ва ҳатто ҳаётни сақлаб қолиш имконияти шунчалик юқори бўлади. Аммо инсультни шунчаки бош оғриғидан қандай ажратиш мумкин? «Новий очаг» нашри ушбу саволга жавоб берди.

Фото: «Новий очаг»

Инсульт дунёдаги ўлимга олиб борувчи иккинчи энг кенг тарқалган касалликдир. Шифокорлар огоҳлантирганидек, инсультни бошдан кечирган беморларнинг атиги 16 фоизи касалликдан тўлиқ тузалади ва биринчи хуруждан кейин 5 йил ичида омон қолганларнинг 50 фоизи яна инсультни бошдан кечиради.

Нима учун инсульт учун ўз вақтида шифокор чақириш муҳим?

Хуруж содир бўлганда, шифокорларга ёрдам бериш учун атиги 3,5-4 соат вақт бор: акс ҳолда, вазият оғирлашиши мумкин ва бемор ногирон бўлиб қолади ёки вафот этади. Шунинг учун инсультнинг дастлабки белгиларини билиш ва уларни аниқлаш, дарҳол тез ёрдам чақириш жуда муҳим.

Инсультнинг энг кўп учрайдиган аломати — кучли ва тўсатдан бош оғриши. Аммо, афсуски, кўпинча мигреннинг аломати билан кўпчилик яшашга ўрганиб кетган. Мигрен, бош оғриғи ва инсульт ўртасида фарқ борми? Албатта, бор, уларни билиб олиш саломатлик учун фойдалидир.

40 ёшдан ошгансиз ва илгари мигрен билан касалланмагансиз?

Ўрта ёшда мигрен жуда камдан-кам ҳолларда ривожланади, одатда биринчи марта ўсмирлик даврида пайдо бўлади ва инсонга бутун умри давомида ҳамроҳлик қилади. Агар 40 ёш ва ундан катта бўлсангиз ва илгари мигренни бошдан кечирмаган бўлсангиз, тўсатдан пайдо бўлган кучли бош оғриғида шошилинч тез ёрдам чақириш тавсия этилади. Чунки бу инсультнинг аломати бўлиши мумкин.

Аура белгилари одатдагидан фарқ қилади

Кўнгил айниши, ёруғлик ва шовқинга сезгирликнинг ошиши, қорин оғриғи, диққатни жамлашда қийинчилик, бош айланиши, кўриш муаммолари ва ҳатто гапиришда қийинчилик — буларнинг барчаси мигрен аурасининг белгиларидир. Қоидага кўра, битта одамда ушбу белгиларнинг барчаси камдан-кам учрайди — кўпинча ўзига хос аломатлар қийнайди, афсуски, улар тезда одатий ҳолга айланади. Агар тўсатдан бош оғриғи хуружи ғайриоддий аломатлар билан бирга кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак, чунки бу сафар мигрен эмаслиги эҳтимоли жуда юқори.

Симптомлар тўсатдан ҳужум қилади

Ҳатто энг кучли мигрен ҳам одатда аста-секин ривожланади: бош оғриғи ҳам, аура белгилари ҳам секин ортиб боради. Инсульт ҳолатида аломатлар том маънода беморни бутунлай эгаллаб олади: бир дақиқа олдин ҳамма нарса яхши бўлиб туйилади ва кейинги дақиқада бош оғриғи чидаб бўлмас даражада кучаяди. Шунинг учун дарҳол тез ёрдам чақириш тавсия этилади.

Салбий аломатлардан азоб чекасизми?

Инсульт кўпинча салбий аломатлар билан бирга келади: заифлик, кўриш қобилиятининг пасайиши, сезувчанликнинг йўқолиши. Мигренда эса аксинча ижобий аломатлар кузатилади, улар ҳам ёқимсиз бўлса-да, шунчаки одатдагидек бош оғриғи кузатилади.

Мигрен ва инсульт ўртасида боғлиқлик борми?

Афсуски ҳа, аура билан кузатиладиган мигрендан азият чекадиган беморлар бу касалликни ҳеч қачон бошдан кечирмаганларга қараганда икки баравар кўпроқ инсультга дучор бўлади. Агар шундай бўлса, қон босимини назорат қилиш, чекишни тўхтатиш, спиртли ичимликлар ва кофеинни истеъмол қилишни назорат қилиш ва мунтазам равишда машқ қилиш жуда муҳимдир.