Бу ҳолат аксарият аёллар бошидан ўтган. Тирноқларига лак билан ишлов берганидан бир кун ўтиб, чиройли кўринишга путур етади. Шунингдек, шеллакдан фойдаланмайдиган хонимлар ҳам маникюрни узоқ вақт сақлаб қолишни хоҳлайди. «Новий очаг» нашри бу борада ажойиб лайфхаклар билан бўлишди.

Фото: «Новий очаг»

Маникюрнинг умрини узайтириш умуман қийин эмас, парвариш қилиш ва қўллашнинг бир нечта оддий қоидаларига риоя қилиш кифоя.

Тирноқ пластинкасини ёғсизлантириш

Чидамли маникюрнинг биринчи қоидаси шундаки, лак ёғсиз тирноқларга қўлланилиши керак. Тирноқ пластинкаси спиртга асосланган махсус эритма билан ишқаланади. Бироқ спирт йўқ бўлса, унда спиртни ўз ичига олган оддий атир ёрдамида вазиятдан чиқиб кетиш мумкин. Шунингдек, тирноқларни ёғсизлантиргандан сўнг уларга тегмаслик лозим, акс ҳолда ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди.

Ҳар бир лак қатламини тўлиқ қуритиш

Агар маникюр уй шароитида амалга оширилса, унда уни янада мустаҳкамроқ қилиш учун ажойиб имконият мавжуд. Салонда мутахассис одатда ҳар бир кейинги қатламни аввалгисини тугатгандан сўнг дарҳол қўллайди. Лакни узоқроқ сақлаш учун маникюрга кўпроқ вақт сарфлаш лозим, ҳар бир қатлам тўлиқ қуриши, ҳеч бўлмаганда ҳар бир қатлам орасида 10 дақиқа танаффус қилиш керак.

Тез қурийдиган лаклардан фойдаланмаслик лозим

60 сонияда қурийдиган лаклар жуда тез кўчиб тушади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, тез қурийдиган маҳсулотлар таркибида кўпроқ эритувчи мавжудлиги туфайли дарҳол парчаланади. Айтганча, бундай лаклар одатдагидан кўра тирноқ учун ҳам зарарли, шунинг учун қуритиш учун кўпроқ вақт сарфлаган яхшироқ.

Тирноқлар учини яхшироқ бўяш

Одатда тирноқлар бўялганда, уч қисмида лакнинг қатлами юпқалашади. Тирноқларга лак суртгандан сўнг уч қисмини яхшилаб қалинроқ бўяш керак. Чунки лак биринчи бўлиб уч қисмдан кўча бошлайди. Шунинг учун уч қисмини бўяшга кўпроқ эътибор қаратиш тавсия этилади.

Лакни фен билан қуритмаслик керак

Кўпчилик лак тезроқ қуриши учун тирноқларни оддий фен билан қуритади. Афсуски, бундай қилиш керак эмас. Иссиқ ҳаво оқими лакнинг тузилишини бузади, шунинг учун эртаси куни маникюр кўча бошлаганига ҳайрон бўлмаслик лозим. Агар ҳақиқатан ҳам лакни фен билан қуритиш керак бўлса, уни фақат совуқ ҳаво билан амалга ошириш тавсия этилади.

Лак суртилган тирноқни шаффоф бўёқ билан янгилаш

Маникюрни узоқроқ сақлаш учун лак қўллангандан бир ёки икки кун ўтгач шаффоф ранг бўёқ билан янгилаш лозим. Бу аввали бўёқ кўчишининг олдини олади. Шунингдек, шаффоф лак суюқ бўлиши лозим, қуюқ бўёқ маникюрга путур етказади.

Бўялган тирноқларни ёғлаш

Ёғ нафақат терини юмшоқроқ қилади, балки маникюрни узоқроқ сақлашга ҳам ёрдам беради. Лак кўчишининг асосий сабаби сув билан алоқа қилишдир. Шунинг учун, душга киришдан аввал тирноқларни мойлаш зарур. Шундан сўнг тирноқларда намликни қайтарадиган ёғли қатлам ҳосил бўлади.