Кондиционер фойдали ва кўп функцияли восита бўлиб, у сувни юмшатади, ювиладиган кийимларга хушбўйлик беради ва статик электрни олиб ташлайди. Лекин уни ҳар доим қўллаш мумкинми? «Новий очаг» бу борада фойдали маълумотлар бериб ўтди.

Фото: «Новий очаг»

Кондиционернинг қандай фойдалари бор?

Кир ювиш пайтида кондиционер қўшилса, у матони ташкил этувчи толалар устида юпқа ҳимоя қатлами ҳосил қилади, уларни силлиқлайди ва юмшатади. Буларнинг барчасига фаол моддалар ёрдамида эришилади, улар толаларга жойлашиб, қатлам ҳосил қилади, шунингдек, кондиционерларда силикон ҳам мавжуд.

Кондиционерларни, қоида тариқасида, ҳар бир ювишда автоматик равишда ишлатиш шарт эмас, чунки улар матоларга жуда қаттиқ жойлашади. Вақти-вақти билан танаффус ва фойдаланиш бўйича тавсияларга амал қилиш керак. Агар нотўғри ишлатилса, баъзи матолар, масалан, микрофибер ёки пахмоқ матолар ўз хусусиятларини бутунлай йўқотади.

Жун ва кашмир матолар

Жунни ювиш ёки қуритиш пайтида кондиционердан фойдаланилса, бу нотўғри. Бу кашмир ва ангора матолари учун ҳам тегишли. Улар кондиционер билан ювилганда, тузилиши ва иссиқликни сақлаш хусусиятларини йўқотади. Бундан ташқари, кондиционер жун матолардан яхши ювилмайди ва мато ёпишиб қолади.

Момиқ матолар

Кондиционер юмшатувчи мумсимон плёнка ҳосил қилганлиги сабабли, уни пар ва момиқ билан тўлдирилган кийимларда ишлатмаслик керак. Инсон танасининг иссиқлик манбаи организмнинг ўзи бўлиб, момиқ ёки патлар билан тўлдирилган кийимнинг вазифаси бу иссиқликни тананинг яқинида пассив ушлаб туришдир. Иссиқликни ушлаб туриш қобилияти тўғридан-тўғри патлар орасидаги майда ҳаво мембраналарига боғлиқ. Кондиционер эса патларни ҳимоя қатлами билан қоплайди, уларни текислайди ва шу билан пломба ичидаги ҳаво камералари сонини камайтиради ва иссиқ сақлайдиган хусусиятини йўқотади.

Спорт кийими

Агар спорт кийими намлик ўтказмайдиган матодан қилинган бўлса, кондиционердан фойдаланиш мумкин эмас, чунки мато ҳаво ўтишига имкон бериши керак. Баъзи спорт матолари тана ҳароратини тартибга солишга, терининг юзасидан намликни ўзига сингдиришга ва унинг тез буғланишини осонлаштиришга қодир. Кондиционер қолдирадиган қоплама спорт кийимларини юқоридаги барча сифатлардан маҳрум қилиши мумкин.

Зиғир матолар

Зиғир чойшабларининг асосий афзаллиги нафас олиш ва намликни ютиш қобилиятидир. Зиғир толалари орасидаги бўшлиқлар зиғирнинг нафас олиш хусусиятларини беради ва кондиционер бу майда тешикларни тўлдиради. Шунга кўра, зиғир матосининг ўзига хос хусусиятларини инкор этади.

Табиий ипак ҳам кондиционер билан ювилмаслиги керак, чунки кондиционер ипакда чизиқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин, бу эса унинг кўринишини бутунлай бузади.

Пахмоқ сочиқлар

Кондиционер ҳар бир толани қоплайди, бу пахмоқ матонинг намликни ютиш қобилиятини пасайтиради.

Микрофибер матолар

Микрофибер тозаловчи матоларнинг асосий вазифаси сувни ютиш ва чангни ушлаб туришдир. Уларни совун ва оддий кукун билан ювиш мумкин, лекин кондиционердан фойдаланиш нотўғри. Кондиционер билан ювиш мато юзасида нозик қатлам қолдиради, бунинг натижасида микрофибер барча ажойиб хусусиятларини йўқотади. Бундай ювишдан кейин улар яроқсиз бўлиб қолади.