Баъзида ширинлик ва тортларга бўлган иштиёқ чарчоқни, баъзан эса саломатлик билан боғлиқ муаммоларни кўрсатади, деб ёзади Lifehacker.

Фото: Pinterest

Оч қолганда

Агар парҳез тутишга қарор қилсангиз ва рациондан углеводларни бутунлай чиқариб ташласангиз, кўпинча нонуштани бир чашка қаҳва билан алмаштириб, тушликдан воз кечсангиз, организм ишлаши учун зарур бўлган калорияларни олмайди. Натижада энергия тўлдиришнинг энг осон йўли — бу торт, шоколад ёки ширинликлар истеъмол қилиш бўлади. Углеводларнинг кўплиги туфайли ортиқча овқатланмаслик ва вазн ортмаслиги учун соғлом овқатланиш тамойилларига риоя қилиш лозим:

  • нонуштани ўтказиб юбормаслик;
  • етарлича суюқлик ичиш: эркаклар кунига 3, аёлларга эса 2,1 литргача;
  • кўпроқ мева ва сабзавотлар, дон, ёғсиз гўшт истеъмол қилиш.

Яқинда спорт билан шуғулланганда

Машғулот давомида организм энергияни фаол равишда сарфлайди, кейин эса уни қайта тиклаш йўлларини излайди. Буни олиб борилган тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Ортиқча вазнли 171 киши озиш учун машқлар бажарди. Олимлар узоқ давом этган машаққатли машғулотлардан сўнг иштирокчиларда ширинликларга бўлган иштиёқнинг кучайганини пайқашди. Ортиқча зўриқмаслик учун жисмоний фаолиятни диққат билан танлаш керак. Машғулот учун махсус парҳез ҳам тавсия этилади.

Сунъий таъм берувчиларни истеъмол қилганда

Олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, шакарни сунъий таъм беувчилар билан алмаштиришга уриниш кўпинча шакар ва юқори калорияли овқатлар истеъмолини оширади. Бунинг сабаби аспартам ва бошқа моддалар организмга шакар каби кўп энергия бермайди. Керакли миқдордаги калория билан таъминланмайди ва ширинлик истеъмол қилиш истаги йўқолмайди. Бунинг натижасида озиқ-овқат истеъмоли ортади. Шакардан воз кечмоқчи бўлганлар унинг ўрнини босувчи моддаларга ўтмагани яхшироқ, шунчаки унинг миқдорини рационда камайтиришга ҳаракат қилиш тавсия этилади.

Стресс вақтида

Кичик бир гуруҳ одамларни ўргангач, тадқиқотчилар сурункали стрессга дучор бўлганларда ширинлик ва ёғга бой овқатларга бўлган иштиёқ кучайишини аниқлади. Бу грелин синтези ортиши билан боғлиқ. Грелин — ошқозон шиллиқ қаватининг ҳужайраларида ишлаб чиқариладиган ва иштаҳани рағбатлантирадиган гормон. Бунинг олдини олиш учун стрессни енгиш усулларини топиш керак:

  • ёга;
  • медитация;
  • севимли машғулот;
  • спорт;
  • нафас олиш техникаси;
  • ҳис-туйғуларни ифодалашнинг ҳар қандай усули.

Етарлича ухламаганда

Агар одам етарли даражада ухламаса, бу стрессда бўлгани каби грелин даражасининг ошишига олиб келади. Шу билан бирга, лептин концентрацияси пасаяди, бу эса семириш хавфини оширади. Ухлаш қоидаларига риоя қилиш керак:

  • бир вақтнинг ўзида ухлаб, уйғонишга одатланиш;
  • кун давомида ухламаслик; 
  • ухлашдан ярим соат аввал овқатланишни тўхтатиш;
  • мунтазам равишда машқ қилиш;
  • тинч муҳитда ухлашга ётиш;
  • кечки пайт гаджетлардан фойдаланмаслик.

Жуда қаттиқ чарчаганда

Баъзида ширин ёки шўр овқатларга бўлган эҳтиёжнинг кучайиши чарчоқ белгисидир. Организмда шунчаки энергияга бўлмайди ва уни тезроқ олиш йўлини қидиради. Углеводлар эса бунинг энг мақбул вариантидир.  Бундай вақтда етарлича дам олиш керак. Ақлий ва жисмоний ишларни алмаштириш тавсия этилади.

Чекишни ташлаганда

Инсон ушбу ёмон одатни ташлаганда, серотонин ёки бахт гормони синтези мияда ўзгаради, кайфият беқарорлашади ва ҳатто депрессия белгилари пайдо бўлиши мумкин. Бу эса ширинликларга бўлган иштиёқнинг кучайишига олиб келади. Чекишни ташламоқчи бўлганлар, тегишли усулни танлаши керак. Эҳтимол, спорт ва тўғри овқатланиш кимгадир ёрдам берар, яна кимдир психотерапевт билан ишлайди.

Қандли диабетда

Бу касаллик доимий ва кучли очлик ҳисси билан бирга кузатилади ва баъзи одамларда ширинликларга бўлган эҳтиёж ортади. Бу юқори ёки паст глюкоза даражасининг белгисидир.

Ортиқча овқатланиш одати

Баъзи инсонарда ортиқча овқатланиш одати мавжуд бўлиб, бу борада улар ўзини назорат қила олмайди. Айниқса улар ширинликка бўлган иштиёқни тўхтата олмайди. Натижада ортиқча вазн пайдо бўлади. Ортиқча овқатланиш психотерапевт томонидан даволаниши керак. Шифокор ташвишларни камайтирадиган, депрессив бузилишларни бартараф этадиган дори-дармонларни буюради. Психотерапиянинг турли усуллари бу борада ёрдам беради.

Генетик мойиллик мавжудлиги

Олимлар ширин таъмга бўлган эҳтиёжни қисман генетик жиҳатга боғлиқлигини ҳам аниқлади: Унга кўра, маълум бир хромосомалар ширинликка бўлган эҳтиёжни кучайтиради. Агар бу ген мерос бўлиб қолган бўлса, унда шоколад ёки ширинлик истеъмол қилиш истаги ушбу хромосомалар бўлмаган одамларга қараганда юқори бўлади. Афсуски, муаммоли гендан қутулиб бўлмайди. Аммо ширинликларни камроқ истеъмол қилиш учун оддий маслаҳатларга амал қилиш мумкин.