Хитой Халқ Республикаси (ХХР) етакчиси Си Цзиньпин ўз ҳарбийларига 2027 йилга келиб Тайван устидан ҳарбий назорат ўрнатишга тайёрланишни топширган. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари Дэвид Коэнга таяниб CNN мухбири хабар берди.

Фото: Global Look Press

Айни вақтда Америка разведкаси Хитой раҳбарияти бу масала бўйича якуний қарорга келган, деб ҳисобламайди, деган Коэн.

АҚШ Тайвань ҳукумати билан дипломатик алоқалар ўрнатмаган, бироқ 1979 йилдан буён амал қилиб келувчи қонунга кўра, Вашингтон минтақага унинг ҳимояси учун қурол етказиб бериши мумкин. Хитой Американинг оролга қурол етказиб беришига қарши чиқиб келади.

Шу йилнинг апрелида, америкалик конгрессменлар гуруҳи ташрифидан кейин Хитой ва Тайвань атрофидаги вазият кескинлашди. Август бошида Тайванга Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси келганидан кейин кескинлик ўз чўққисига чиқди. Унинг ташрифи Хитой томонидан қаттиқ танқидга учради. У Тайванни ўз вилояти деб ҳисоблайди ва унинг Пекин дипломатик алоқада бўлган мамлакатлар вакиллари билан мулоқотларига қарши чиқади.

Пелосининг ташрифига жавобан, Хитой Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди. АҚШ ХХРни сунъий инқирозни келтириб чиқаришда айблади ва Вашингтоннинг позицияси ўзгармагани, у ҳамон ягона Хитой сиёсатига амал қилишини таъкидлади. Тайвань, ўз навбатида, Пекинни «мускулларини кўз-кўз қилишни» тўхтатишга чақирди.

Кескинлик кучайиши фонида Хитой 10 август куни «Оқ китоб»ни эълон қилди. Ушбу ҳужжат ҳар икки йилда янгиланади, унда мамлакатнинг миллий мудофаа стратегияси баён этилади. «Оқ китоб»нинг янги таҳририда Хитой Тайванни куч билан эгаллаб олиши мумкинлигини билдирди. Агар «ташқи аралашув кучлари» «қизил чизиқ»ни босиб ўтса, қатъий ҳаракатларга ўтиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда Хитой «бир мамлакат, икки тизим» моделини таклиф қилди. Аммо Тайвань бу ғояни рад этиб, «Тайвань халқигина ўз келажагини ҳал қила олиши»ни айтди.