Алоҳида қаралганда, ҳар бир одат аҳамиятсиз бўлиб туйилиши мумкин, аммо улар самарадорликка катта таъсир кўрсатади. Уларнинг аксарияти завқ бағишлаши билан бирга, узоқ муддат давомида зарар ҳам етказиши мумкин, деб ёзади Lifehacker.

Фото: Marie Claire

Интернетда вақт ўтказиш

Диққатни жамлаш ва бирор-бир нарсага тўлиқ шўнғиш учун ўртача 15 дақиқа вақт кетади. Агар янгиликларни ўқиш, ижтимоий тармоқларга кириш ёки видео томоша қилиш учун ишдан чалғишга тўғри келса, яна 15 дақиқа ишни бошлаш учун керак бўлади. Ходим ўз ишидан қанча кўп чалғиса, унумдорлик шунча камаяди.

Перфексионизмга интилиш

Кўпчилик бирор нарсани бошлаш керак бўлганда, ўз ғояси ёки иши идеалга мос келмайди деб, талвасага тушиб қолади. Аммо ҳеч қачон бирор иш бошланмаса ва ғояларга шакл бериш имкониятидан фойдаланилмаса, қандай қилиб бирор нарсага эришиш мумкин? Ёзувчи Жоди Пиколт айтганидек:«Ёмон ёзилган саҳифани таҳрирлаш мумкин, аммо бўш саҳифани эмас».

Учрашувларга бориш

Учрашувлар кўп иш вақтини ўғирлайди, шунинг учун иложи бўлса, улардан воз кечишга ҳаракат қилиш керак. Агар чиндан ҳам муҳим бир нарса муҳокама қилинса, олдиндан белгиланган жадвалга риоя қилиш мумкин. Вақт чегараси аниқ бўлса, ҳамма учун диққатни жамлаш осонроқ бўлади.

Хатлар келиши биланоқ уларга жавоб бериш

Ижтимоий тармоқларнинг чалғитишига йўл қўймаслик зарур. Хабарларни бир вақтнинг ўзида текшириш ва энг муҳим мижозларнинг хабарлари учун билдиришномаларни ўрнатиш мумкин. Лекин уларни ҳар дақиқада текшириш ва жавоб ёзишга шошилиш ҳам самарадорликка путур етказади.

Эрталаб ухлаб қолиш

Уйқу бир неча циклларга бўлинади, иккинчиси уйғонгандан кейин ҳушёр ва фаол бўлишга тайёрлайди. Шунинг учун баъзида уйғоткичдан олдин уйғониш ҳолати кузатилади.

Аммо яна ухлашга қарор қилинса, унда яхши кайфият йўқолади ва чарчаган ҳолда уйғонилади. Бу ҳолат бир неча соат давом этиши мумкин. Шунинг учун тонгда уйқу қочган заҳоти уйғониш тавсия этилади. Акс ҳолда кун давомида чарчоқ қийнайди.

Бир вақтнинг ўзида бир нечта ишларни бажариш

Стенфорд университети тадқиқотчилари бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажарадиган одамлар, фақат битта иш билан банд бўлганларга қараганда, диққатни жамлаш ёки бирор нарсани эслаб қолиш қийинроқ эканини аниқлади.

Бир вақтнинг ўзида иккита ишни бажаришга ҳаракат қилинса, мия иккаласини ҳам бир хил даражада бажара олмайди. Ҳатто кўп вазифаларни бажариш ишларни тезроқ тугатишга ёрдам беришига амин бўлганлар ҳам синов натижаларига кўра, ишларни кетма-кет бажарганлардан орқада қолади.

Қийин ишларни кечиктириш

Инсонда чекланган миқдордаги руҳий энергия мавжуд. У сарфланганда, қарор қабул қилиш қобилияти ва самарадорлик кескин пасаяди. Ушбу ҳодиса қарор чарчоқлари деб аталади. Қўрқитадиган мураккаб ишларни кечқурунгача қолдириш ишни янада қийинлаштиради. Шунинг учун биринчи бўлиб мураккаб ишларни якунлаш тавсия этилади. Натижада куннинг қолган қисмида ортиқча зўриқиш кузатилмайди.

Уйқуга ётишдан олдин электрон қурилмалардан фойдаланиш

Кўк нур уйқу сифати ва кайфиятга таъсир қилади. У кўзнинг тўр пардасига тушганда, уйқуни келтириб чиқарадиган мелатонин гормони ишлаб чиқаришни тўхтатади ва организмни янада уйғоқ ҳис қилишга ёрдам беради. Эрталаб қуёш нурида бундай кўк нурнинг юқори миқдори мавжуд бўлиб, тушдан кейин камаяди. Организмда яна мелатонин ишлаб чиқарилади, натижада уйқу келади.

Кўп ширинлик истеъмол қилиш

Глюкоза диққатни жамлаш учун ёрдам беради. Агар унинг қондаги даражаси жуда паст бўлса, организмда чарчоқ пайдо бўлади, диққатни жамлашда қийинчилик юзага келади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўзини яхши ҳис қилиши учун 25 грамм глюкоза етарли. Уларни кўплаб маҳсулотлардан олиш мумкин, фарқи фақат таъсири қанча давом этишида. Ширинликлар, газли ичимлик ва шакар билан бойитилган бошқа маҳсулотлар атиги 20 дақиқа давомида тетиклик ҳиссини беради.