Европа газ омборлари ҳозирда ўртача 85 фоиздан кўпроқ тўлдирилган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.

Фото: Bloomberg

Европа Иттифоқининг 18 та давлатидан 14 таси 1 ноябрга қадар эришилиши керак бўлган 80 фоиз мақсаддан аллақачон ўтиб кетган.

Шу билан бирга, сентябрь ойида Россия газининг умумий импортдаги улуши 10 фоизгача пасайган.

Жорий йил охиригача газга бўлган талабни қондириш учун Европа давлатлари Россиядан газ етказиб беришни сақлаб қолиши ёки газ истеъмолини қўшимча 7-12 миллиард куб метрга камайтириши керак.

2022 йилда Европада газга бўлган талаб 470 миллиард куб метрни ташкил қилади. Минтақа мамлакатлари томонидан келгуси қиш мавсумида газнинг тахминий истеъмоли эса 300 миллиард куб метр бўлиши кутилмоқда.

Импорт орқали 194 миллиард куб метр, сақланган захиралар орқали 75 миллиард куб метр газ билан таъминланса, ҳозирги суръатда тежамкорлик 19 миллиард куб метрга етиши мумкин. Шундай қилиб, газ тақчиллиги 12 миллиард куб метрни ташкил этади.

Ҳатто ҳозирги тежалаётган газ даражаси сақланиб қолса ҳам, 2023 йилда Россия газидан воз кечиш Европа давлатлари учун 40-60 миллиард куб метр дефицитни билдиради.

Бу Франция ва Польшанинг йиллик газ истеъмоли билан ёки ўғитлар ишлаб чиқариш, нефть-кимё, қора ва рангли металлургия, машинасозлик каби тармоқларнинг йиллик истеъмоли билан деярли тенг.

Ҳозир Европада азотли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватининг 70 фоизи тўхтатилди, алюминий ишлаб чиқариш 25 фоизга, пўлат ишлаб чиқариш 5 фоизга қисқарди. Тахминларга кўра, бу жараёнлар давом этиши ҳам мумкин.

Аввалроқ Европада газ нархи бир кунда 6,5 ​​фоизга арзонлашгани ҳақида хабар берилганди.