Германия Украинага ҳарбий техникани, шу жумладан, Қуролли кучлар учун зарур бўлган танкларни етказиб бериш ҳақидаги қарорларни мустақил қабул қилиши керак. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Bild нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Global Look Press

Унинг қайд этишича, Берлин бошқа давлатлар етказиб беришни бошлашини, масалан, Вашингтон Киевга Abrams танкларини беришини кутмоқда. Зеленский Германияни ушбу масалада бошқа мамлакатларга боғлиқ бўлмасликка чақирди.

«Агар бизга (танк ва зирҳли техникани) беришни истамасангиз, хафа бўлиш йўқ, сиз мустақил давлатсиз — бермасангиз, берманг, лекин аввал Америка берсин, кейин Германия, ундан кейин Польша беради, деманг. Керакмас. Ҳамма ўзи учун жавоб берсин», — деди Украина президенти.

Киев Берлиндан айнан танклар етказиб беришни биринчи марта сўраётгани йўқ. Сентябрь бошида Украина бош вазири Денис Шмигаль Украинага энг янги Leopard 2 танкларини жўнатишни сўраган, бироқ Германия канцлери Олаф Шольц бунга рози бўлмаган эди.

Германия мудофаа вазири Кристина Ламбрехт 18 сентябрь куни мамлакат Украинага Ғарб нусхасидаги жанговар танкларни юбормаслигини, чунки ғарблик шерикларсиз, якка ўзи иш тутишни истамаслигини айтганди. Берлиндан Киев бошқа қуролларни — ракета қурилмаларини, шу жумладан, Mars баравар ўт очиш реактив тизимлари, улар учун ўқ-дорилар, пулемётлар, гаубицалар ва бошқаларни олмоқда.

Ламбрехтнинг баёнотидан аввалроқ Зеленский Германияда унинг нацистик ўтмиши туфайли ҳарбий техника етказиб бериш масаласида «муайян психологик тўсиқлар» борлигини айтганди.

Россия томони эса Ғарб қурол-яроғларининг етказиб берилиши унга Украинадаги махсус операция мақсадларига эришишда халал бермаслигини қайд этганди.