Академик Аҳмадали Асқаров бошчилигидаги илмий жамоа томонидан Наманган вилоятининг Норин туманидаги Учтепа қишлоғида антик даврга оид қадимий ибодатхона аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Ибодатхона Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган «Учтепа-Булоқмозор» мажмуаси археологик ёдгорликларини ўрганиш ва уларни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳаси доирасида топилди.

«Учтепа қадимда Хайлам деб номланган. Хайлам эса икки дарё — Қорадарё ва Нориндарё ўртасидаги ҳозирги Норин, Учқўрғон, Уйчи, Наманган ва Андижоннинг Избоскан туманлари ҳудудида жойлашган музофотнинг пойтахти ҳисобланган. Фарғона водийсида шундай музофотлардан 8 таси бўлган. Ўзим ҳам шу қишлоқда туғилганман, болалигим шу тепаликлар орасида ўтган. Фақат уларнинг нечоғли қадимий эканлиги, қайси даврга мансублигини билмасдим. Кейинчалик, институт ва аспирантурани битириб келганимдан сўнг бу ердаги ҳар бир тепа ўзбек халқининг бой ўтмишидан далолат берувчи очилмаган хазина эканлигини тушуниб етганман. Учтепадаги ўрганишларни асли ўтган асрнинг 60 йилларида бошлагандим», — дейди академик.

Академик Аҳмадали Асқаров.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Учтепада олиб борилган қазишма ишлари давомида антик ва ундан кейинги даврларга оид меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, ҳайкалчалар ва тошга ишланган суратлар, тангалар топилди. Бироқ энг асосий янгилик ҳали олдинда эди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Биз қазишма ишларини олиб боришдан аввал тепалик остида мозор ва ўша давр анъаналарига кўра қабрларга қўшиб кўмилган бойликлар бўлса керак, деб тахмин қилгандик. Натижа эса биз кутгандан ҳам аъло бўлди –Хайлам шаҳридаги зардуштийларнинг бош ибодатхонаси қолдиқларига дуч келдик. Буни ишонч билан айтаётганимнинг сабаби ибодатхонадан нақ 70 та оташкада топилди. Бунақа кўламдагиси дунё миқёсида ҳам топилмаган. Қўлга киритган манбаларимизнинг илмий қиммати ва аҳамияти беқиёс», — дейди Аҳмадали Асқаров.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қайд этиш жоизки, зардуштийлар ибодатхонаси қолдиқлари Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан енгил конструкциялар билан ўралиб, усти ёпилди. Нори туман ҳокимлиги ҳудудда ер текислаш ва девор олиш ишларини амалга оширди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Академикнинг таъкидлашича, энди бу ерда бир маромдаги ҳароратни таъминлаб берадиган муҳит яратиш зарур. Бунинг учун мажмуани қишин-ёзин 20 даражадаги ҳарорат билан таъминлайдиган махсус қопламалар талаб этилади. Шундан сўнг бу бебаҳо бойликнинг келгуси тақдиридан хавотир олмаса ва Намангандаги янги туристик манзил сифатида белгиласа бўлади.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Мавзуга доир: Наманганда зардуштийлик даврига оид қадимий ибодатхона топилди (фото)