Баъзи сўзларнинг асл маъноси бошқа, лекин биз янглиш маънода қўллашга ўрганиб қолганмиз. Тўғри маъноси ишлатилса, ҳайрон қоламиз. «Дарё» колумнисти Ориф Толиб бугун ана шундай сўзларнинг баъзиларини изоҳлайди.

«Дилгир»ликдан йироқ маъно

Дилгир сўзини ҳаракатчан, эпчил ва ҳатто хурсанд деган маънода тушунадиганлар бор. Баъзи жойларда уни тийрак, ҳаракатчан, ғайрати ичига сиғмайдиган деган маънода ёш болаларга нисбатан ишлатишади. Аслида бу сўзнинг маъноси бошқа.

Дилгир форс тилидан олинган, ўзбек тилида кўнгли ғаш, кўнгли олинган, юраги сиқилган ёки юрагини олдириб қўйган, қўрқиб қолган маъноларини билдиради.

Лекин мезбоннинг дилгир кайфияти уларнинг очилиб-сочилиб ўтиришига монелик қиларди.

Н. Аминов, «Қаҳқаҳа».

Ўша даҳшатли воқеадан кейин у жуда дилгир бўлиб қолган.

«Писанда қилди»: писанда нима?

Писанда сўзини кўпинча киноя маъносида тушунамиз. Аслида-чи? Бу сўзнинг асл маъноси нима?

Изоҳли луғатга кўра, писанда форс тилидан кирган. Ўзбек тилида олдиндан қўйилган талаб, шарт; талаб ёки шарт тарзида айтиладиган баҳона маъноларида ишлатилади.

Писанда қилмоқ ибораси эса икки хил маънога эга:

1. Олдиндан бирор талаб ёки шарт қўймоқ.

Шу аснода Давронга паспортни узатаркан, писанда қилди:

– Энди сизга гап шу, ака: бундан кейин ичган пайтингизда кўча-кўйда санқиб юрманг.

Н. Қиличев, «Чиғириқ».

2. Таъкидламоқ; луқма ташламоқ.

– Кори хайр иши давлатга қарамайди, оғайни, – писанда қилди мулла Бердиёр, – ҳимматга қарайди, ҳимматга.

«Муштум».

«Исми шариф»нинг «шариф»и

Исми шариф – изофали бирикма. Дарди бедаво, нуқтаи назар, таржимаи ҳол, адойи тамом, шаҳри азим кабилар изофали бирикмалардир. Форсий изофаларда олдин от, кейин сифат келади, ўзбекчада бунинг тескариси. Солиштиринг: шаҳри азим – азим шаҳар, дарди бедаво – давосиз дард.

Исми шариф бирикмаси таркибидиги исм шахсий номни билдиради. Шариф сўзи араб тилидан кирган, ўзбекчада муқаддас, азиз; табаррук маъноларида қўлланади. Исми шарифазиз исм, табаррук исм дегани:

Менким, Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги, ўз ҳукмимни хоқон ибн хоқон жаноби олий Худоёрхон исми шарифларидан эшиттираман.

А. Қодирий, «Ўткан кунлар».

Бу бирикма кўпинча исм-фамилия, исми ва фамилияси ёки исми ва отаисми маъносида қўлланади. Лекин бу – хато. Чунки шариф сўзининг фамилия ёки отаисм деган маъноси йўқ. Бу хато шунчалик оммалашиб кетганидан ҳатто қонунлар тилига ҳам кўчиб ўтган. Русча отчество сўзини ўзбек тилида отаисм сўзи ифодалайди. Айни шаклдаги сўз луғатларимизга энди кирди. Олдин ота исми, отасининг исми, ота оти, отасининг оти каби бирикмалардан фойдаланилган.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, ФИО қисқартмаси ўрнида ФИШ қисқартмасини ишлатиш ҳам хато.

«Баҳоли қудрат»нинг қудрати кам

Баҳоли қудрат бирикмасини бор кучи билан, азму шижоат билан, ғайрат қилиб каби маъноларда тушуниш ва қўллаш учрайди. Лекин иборада бу маънолар йўқ. Қайтага камтарлик мазмуни яширин. Бу ибора қудрати, қурби етганча, қўлдан келганча, имконият даражасида маъноларини англатади.

Баҳоли қудрат дастурхон ёзилган.

А. Суюн, «Олис тонглар».

У адолат ва ҳақиқат учун баҳоли қудрат курашади.

«Ёшлик».

Танг қолмоқ: «танг» нима дегани?

Баъзи сўзлар иборалар таркибида ўз маъносидан узоқлашади ёки умуман луғавий маъносини ифодаламаслиги мумкин. Танг ана шундай сўзлардан. У форс тилидан ўтган. Ўзбекчада оралиғи, эни, ҳажми етарлича катта бўлмаган; тор, чоғ; қутулиш, ҳал қилиш ёки иложи, давосини топиш жуда қийин бўлган, ғоят оғир, мушкул, ночор маъноларида қўлланади.

Танг қолмоқ (ёки қотмоқ) иборасида танг сўзи юқорида саналган маъноларни англатмайди. Ибора бутун ҳолатда ҳайратда қолмоқ деган маънога эга:

Зулайхонинг осойишта юзига қараб танг қолдим.

П. Қодиров, «Қадрим».

«Ҳар қалай, уйғотай», деди яна она ва ўғлининг бошига эгилди, эгилди-ю, танг қотди.

I. Раҳим, «Чин муҳаббат».

«Хилқат»нинг ҳақиқий маъноси

Хилқат сўзини гўзал, чиройли; фазилат, яхши хислат каби мазмунда тушуниш учраб туради. Лекин бу – хато. Сўзнинг маъносини тўлиқ билмай ёки тахминий маънода қўллаш кулгили ва қўпол маънолар чиқиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Хилқат араб тилидан кирган. Ўзбек тилида яратилган, бунёдга келган нарса ёки кимсани англатади. Бу сўз асосан китобий тилда қўлланади:

Бемор менга узоқ тикилиб турди. Худди мени биринчи кўраётгандай, ажиб хилқатга тикилаётгандай томоша қилди.

А. Нурмуродов, «Уруш бевалари».

Этимологик луғатда ёзилишича, бу арабча сўз хилқат(ун) шаклига эга, халуқа феълидан ясалган ва аслиятда кўриниш, шакл-шамойил маъносини англатади.

Диловарлик гўзаллик эмас

Диловар сўзини гўзаллик, дилбарлик маъносида тушуниш учраб туради. Бир пайтлар «диловар оқшомлар» деган ибора жуда машҳур бўлган эди.

Форс тилидан олинган диловар сўзи юракли, қўрқмас, жасур, ботир деган маънони англатади:

Замину замонда ўзингсан ғолиб,

Эй менинг диловар, оловқалб укам.

А. Орипов, «Йиллар армони».

Диловар сўзи эркак ва аёлларга исм сифатида ҳам қўйилади. Лекин бу исмдаги эркаклар ҳозир кам учрайди. Катта эҳтимол билан, бунга сўзнинг маъносини янглиш тушуниш сабаб бўлган.