Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов тумани «Даҳана» маҳалласида жойлашган 57-мактабнинг 3-синф ўқувчиси қотиллик қурбони бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, Денов тумани «Буюк ипак йўли» маҳалласида яшовчи М.Қ. (аёл) 27 сентябрь куни соат 17:25 да ўзига олдиндан таниш бўлган, 2013 йилда туғилган, вояга етмаган З.Қ.ни Сариосиё туманига олиб борган. Кейин уйига қайтиб келган вақтида вояга етмаган З.Қ.нинг соғлиги ёмонлашганини кўриб, била туриб, ҳаёти хавф остида қолгани ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганини англаган ҳолда унга ёрдам кўрсатмаган.

Сўнг шу маҳаллада жойлашган, Денов тумани халқ таълими бўлимига қарашли 15-мактабнинг ҳовлисига олиб бориб ташлаб кетиши оқибатида вояга етмаган З.Қ. мактаб ҳовлисида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан М.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ТБ томонидан олиб борилмоқда. Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинди.