Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган чақалоқ даволаниш учун Самарқанддаги шифохонага юборилди ва дом-даракcиз йўқолди. Бу ҳақда «Дарё»га боланинг онаси Зиёда Жовлиева хабар берди.

Йўқолган чақалоқ.

Фото: «Дарё» / Зиёда Жовлиева

Маълум бўлишича, ота-онаси томонидан яхши ниятларда Асилбек Оллаберганов дея исм берилган чақалоқ 2022 йилнинг 10 май куни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида дунёга келган.

Болам кесарча кесиш йўли билан туғилди. Аҳволи ва соғлиғи яхши эди. Шунга қарамасдан 12 май куни «вакум»да даволаш учун Самарқандга юборилди. Менинг соғлиғим яхши бўлмаганлиги сабаб туғруқхонада қолдим. Болам эса дадаси ва менинг онам ҳамроҳлигида Эъзоза Умарова исмли аёлнинг эгизак фарзандлари билан бирга Самарқанд шаҳрига олиб кетилди. Мен эса Самарқандга 19 май куни етиб бордим. Борсам, қўлимга нотаниш болани тутқазишди. Шунда «бу менинг болам эмас, алмашиб қолган», дедим», — дейди мурожаатчи Зиёда Жовлиева.

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Ғ.Олмосов ҳамда Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Э.Арзиевнинг вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига ёзган маълумотномасида Зиёда Жовлиеванинг фарзанди муддатидан аввал, 35 ҳафталик бўлиб туғилгани, ундаги касалликни даволаш учун Қарши шаҳридаги болалар шифохонасида имконият йўқлиги маълум қилинган.

Фото: Скриншот

Зиёда Жовлиеванинг фарзандида аниқланган касалликни даволаш учун бола Самарқанд шаҳрига юборилган. Чақалоқ Самарқандга юборилишидан аввал унга туғган онасининг исм-шарифи, туғилган санаси, жинси ва вазни ёзилган ёрлиқ ёпиштирилиб, кейин шифохонага олиб кетилган», — дейилади мазкур маълумотда.

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизовнинг «Дарё»га маълумот беришича, уч нафар чақалоқ — Зиёда Жовлиеванинг Асилбек, Эъзоза Умарованинг Ҳасан-Ҳусан исмли фарзандлари шифохонага олиб келинганда уларда ёрлиқ бўлмаган.

Эгизаклар 12 май куни соат 10:30 да, Зиёда Жовлиеванинг чақалоғи эса 10:45 да бўлим мудири Азиза Мирмуҳамедова, ҳамшира Фарангиз Исаева томонидан қабул қилиб олинган. Қабул вақтида янги туғилган болалар тўғрисидаги маълумотлар ёзилган ёрлиқ (бирка) бўлмаган. Neonатология бўлимида эса ҳар бир қабул қилинган беморга махсус стикер ёпиштирилиши ҳақида низом мавжуд. Унда бемор ҳақида маълумот тўлдирилади (онасининг ФИШ, боланинг туғилган санаси, касалхонага ётқизилган сана ва вақт, вазни ва бўйи, турар-жой манзили, шифокорнинг тўлиқ исми) ва касаллик тарихи расмийлаштирилган», — дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов.

Мурожаатчи она Зиёда Жовлиева ҳам фарзанди Чироқчидан Самарқандга юборилаётган пайтда унда ёрлиқ бўлганини айтмоқда.

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумот беришича, 2022 йилнинг 12 май куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг неонатология бўлимига олиб келинган эгизакларнинг бири 14 май куни вафот этган.

12 май куни Эъзоза Умарованинг эгиз чақалоқлари кўрсатма бўйича юрак Эхо-КГ текширувидан ўтказилганда иккинчи фарзандида «Туғма юрак нуқсони» борлиги аниқланиб, қариндошларига бу ҳақда маълумот берилган. Ушбу бемор аҳволи динамикада оғирлашиб, 14 май куни соат 09:00 да чақалоқда биологик ўлим содир бўлган», — дейилади масъуллар маълумотида.

Ёзма маълумот берилишича, бу ҳақда ИИБга хабар берилган.

Самарқанд вилоят прокуратураси, Самарқанд вилоят ИИБ, Самарқанд вилоят ССБ бошлиқларининг 2019 йил 16 октябрдаги Оналар ва гўдаклар ўлими ҳолатларини рўйхатга олишда қонунийликни таъминлаш, ҳисоботлар ҳаққонийлигига эришиш ҳамда текширувлар сифатини ошириш бўйича қўшма кўрсатма хатига асосан ота-онасининг қаршилиги бўлганлиги сабабли далолатнома расмийлаштирилиб, патологик-анатомик текширувидан ўтказилмасдан бола жасади ота-онасига бериб юборилган. Neonатология бўлимида чақалоқларга стандарт протоколларига асосланган ҳолда диагностик, даво муолажалари тўлиқ ҳажмда ўтказилган, малакали тиббий ёрдам кўрсатилган», — дейди Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов.

Йўқолган чақалоқнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси.

Фото: «Дарё» / Зиёда Жовлиева

Мурожаатчи она Зиёда Жовлиева 19 май куни шифохонага борганида шифокорлар адашиб, унга Эъзоза Умарованинг эгизакларидан бирини тутқазганини, буни ўша пайтнинг ўзида шифокорларга айтганини билдирмоқда.

Мен онаман-ку, боламни танийман-да. 19 май куни шифохонага борган пайтим менинг қўлимга бегона болани тутқазиб қўйишди. Мен бу бола менинг болам эмаслигини айтдим. Адаштирилганини билдирдим. Аммо қулоқ солишмади. Аслида менинг болам Эъзозада бўлган», — дейди мурожаатчи.

Аниқланишича, Эъзоза Умарова оиласи 14 май куни вафот этган чақалоқни ерга қўйгач, Зиёда Жовлиеванинг қўлидаги фарзанд уники эканлигини айтиб, шифокорларга шикоят қилган. Ва яширинча бола сўлагидан андоза олиб, боланинг биологик онасини аниқлаш текширувини амалга оширган.

2022 йил 23 май куни Эъзоза Умарованинг бир нафар фарзанди ва Зиёда Жовлиеванинг фарзанди аҳволи яхшиланганлиги сабабли уйига жавоб беришга қарор қилинди. Шу вақтда Эъзоза Умарова Зиёда Жовлиеванинг қўлидаги фарзанд унинг боласига ўхшашлигини, болалари алмашиб қолган деган гумони борлигини айтиб, яширин тарзда иккала чақалоқлар сўлагидан олиб, таниши орқали Тошкент шаҳрига ДНК текширувига юборганлигини айтди. Шундан сўнг марказ маъмурияти ва қариндошлари билан келишилган ҳолда ДНК тести хулосаси чиққунча чақалоқларга уйига жавоб берилди. 2022 йил 1 июнь куни ДНК хулосасига кўра Зиёда Жовлиеванинг чақалоғи Эъзоза Умарованинг эгизак фарзандларидан бири экани маълум бўлди», — дейилади Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизовнинг «Дарё»га берган маълумотида.

Таъкидланишича, шундан сўнг Зиёда Жовлиеванинг турмуш ўртоғи Отабек Рўзимов ҳам ота-оналикни тасдиқлаш мақсадида ДНК текширувини ўтказган. 2022 йилнинг 15 июнь куни чиққан ДНК хулосасига кўра, Зиёда Жовлиеванинг қўлидаги чақалоқ уларнинг фарзанди эмаслиги маълум бўлган. Шундан сўнг бола Эъзоза Умаровага берилган.

Мурожаатчи Зиёда Жовлиеванинг «Дарё»га қўшимча қилишича, Эъзоза Умарова ҳамда у ДНК қилиб талашган бола ҳам вафот этган.

Биз ДНК қилдирган бола ҳақиқатдан ҳам эгизакларнинг бири бўлган. Мен 19 май куни шифохонага борган пайтим менга бегона бола беришганини айтгандим. Демак, унинг иккинчи эгизаги менда бўлган. Биринчи эгизак 14 май куни вафот этганди. Эъзоза Умарованинг мендан тортиб олган боласи ҳам вафот этибди. Аслида унинг икки нафар эгизаги ҳам вафот этди. Эгизаклар ўзи шунақа бўлади, бири вафот этса, иккинчиси ҳам яшолмайди. Унинг қўлидаги бола эса менинг фарзандим. Шунинг учун ҳам у бизга чақалоқнинг юзини ҳам кўрсатмаяпти», — дейди мурожаатчи она.

Масъулларнинг қўшимча қилишича, ушбу ҳолат юзасидан вафот этган чақалоқ кимга тегишли эканлиги ва ушбу чақалоқлар қаерда алмашиб қолганлигини аниқлаш мақсадида Самарқанд шаҳар прокуратураси ва ИИБга чақалоқларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Ҳозирги кунда суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.