30 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Ганжа шаҳрини вайрон қилган 11 баллик зилзила, Гутенберг томонидан илк китобнинг чоп этилиши ҳамда Сурияда ҳарбий операция бошлаган Россия қўшинларига оид фактлар ўрин олган.

Бутун шаҳар вайрон қилган зилзила

Ганжа — катталиги бўйича Бокудан кейинги Озарбайжоннинг йирик шаҳри. У турли вақтлар давомида ҳокимият раҳбарларининг қароргоҳи, муҳим савдо тугуни ва эгаллаб бўлмас қалъа вазифаларини ўтган. Аммо Ганжа тарихида энг муҳим воқеа 1139 йилнинг 30 сентябрь куни содир бўлган.

Фото: Моретҳан Travel

Ушбу санадан бир йил олдин — 1138 йилнинг октябрида Византия қарамлигида бўлган қадимий Ҳалаб шаҳрида даҳшатли зилзила содир бўлган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 230 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Бу йирик шаҳарларида 50 минг аҳоли яшайдиган Европа учун мисли кўрилмаган ҳалокат эди. Зилзилаларни ҳосил қилган литосфера плиталарининг мунтазам қимирлаб туриши Ганжага етиб келгунга қадар узоқ вақт давом этган.

У вақтларда Ганжа йирик савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлган. Шаҳар Буюк ипак йўлида жойлашган ва маҳаллий тўқувчилар шарқдан олиб келинган материаллардан ажойиб ипак кийимлар, кўрпа-тўшаклар, шарфлар ва бошқа ҳашаматли буюмлар тиккан. Шаҳар бир неча асрлар давомида кенгайган, янги даҳалар ва кўприклар қурилган, аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида қалъа кўтарилган. Ганжанинг эронлик аҳолиси узоқ вақт форслар ҳимоясида бўлган, аммо Салжуқийларнинг ҳокимият тепасига келиши булан уларнинг қўл остига ўтган. Охирги бир неча йилда шаҳар уни олтин тухум қўядиган ўз товуғига айлантирмоқчи бўлган машҳур Тамаранинг бобоси, Грузия шоҳи Деметренинг «томоғидаги суякка» айланган.

Ганжадаги зилзила Меркалли шкаласи бўйича 11 баллга баҳоланади — тўлиқ вайронагарчиликдан олдинги босқич. Ер ости силкинишлари шанбага ўтар кечаси, бутун шаҳар ухлаётганида бошланган. Арман шоири Мхитар Гош, ўша вақтда ёш бўлган тарихчи Киракос Гандзакэтсининг гувоҳларга таяниб ёзишича, зилзила кутилмаганда ва ҳамма аҳоли уйқудалигида содир бўлган. Айнан шу сабабли қурбонлар сони жуда кўп — одамлар нима бўлаётганини тушунмасдан ташқарига югуриб чиққан.

Фото: Моретҳан Travel

Машҳур араб тарихчиси Ибн-ал-Асирнинг таъкидлашича, ўша куни 230 минг одам ҳалок бўлган, минглаб уйлар вайронага айланган. Бунда шаҳар атрофидаги ҳудудлар, айниқса, кўчкилар сабаб бутунлай яксон бўлган тоғли қишлоқлар ҳам инобатга олинган. Бироқ шаҳарга келган офат бу билан тугамаган.

Ганжадаги табиий офатдан Деметре ҳам хабар топади. Унинг қўшинлари зудлик билан йўлга чиққан, аммо улар жабрланган аҳолига ёрдам бериш учун эмас, балки талончилик ва қотилликни мақсад қилганди. Деметре бой савдогар шаҳар ҳозир заиф эканини тушунган, бунинг устига шаҳар қалъаси яксон бўлган эди. Қулаган деворлар ортида неча йиллар давомида муваффақиятли савдо ортидан тўпланган битмас-туганмас бойликлар бор эди.

Мхитар Гош насроний рицарларнинг юришини қисқача таърифлаган: «омон қолганларга ҳужум уюштиришди, уларни қиличдан ўтказиб, қулликка маҳкум этди. Муҳим аҳамиятга эга шаҳар кутилмаганда дўзахга айланганини, инсонлар жасадлари тоғ каби уйилган бўлса-да, улар оқкўнгил бўлиш ўрнига вайроналарни ковлаб, олтин ва кумуш бойликларни олиб кетарди. Улар ўз босқинлари ва қийноқлари билан халқни зилзиладан ҳам ёмонроқ қийнар эди».

Фото: Моретҳан Travel

Грузинлар Ганжанинг машҳур дарвозасини ҳам олиб кетган бўлиб, унинг қанотлардан бирини ҳозирда Гелатидаги ибодатхонада кўриш мумкин — у ерда грузин шоҳларига тож кийдирилган. Деметренинг босқинчилари салжуқий аскарлар етиб келгунига қадар шаҳарни тарк этишга улгурган. Айнан шу аскарлар шаҳарни тозалаш, ярадорларга ёрдам кўрсатиш, омон қолганларга вақтинча бошпана қуриш билан шуғулланган.

Зилзила оқибатида Кепаз тоғининг чўққиси Ахсу дарёсининг суви йўлига қулаб, уни тўсиб қўйган ва натижада Гойгўл («Кўк кўл») ҳосил бўлган — бу ҳозирга қадар машҳур курорт ҳисобланади.

Фото: Моретҳан Travel

Шаҳар қайтадан қурилган. Эски Ганжанинг вайроналарини тиклашдан кўра, уларни текислаш осон бўлган, шу сабабли янги Ганжа эски шаҳардан бир неча километр узоқликда тикланган. Тез орада у яна савдо ва ҳунармандчилик, шунингдек, маданият марказига айланган.

Гутенберг томонидан чоп этилган биринчи китоб

Бундан 570 йил олдин 30 сентябрь куни Майнц шаҳрида Иоганн Гутенберг томонидан биринчи китоб чоп этилганди. Аслида китоб босишга мўлжалланган ускуна 1445 йилда ихтиро қилинган эди — бу типография тарихидаги биринчи қадам ҳисобланади.

Фото: Wikipedia

Иоганн Гутенбер Майнц патрициялари Фрил Генсфлейш ва Элза Вирих оиласида дунёга келган. Ўрта асрларда Германияда патриция дея юқори қатламга мансуб шаҳарликлар назарда тутилган. Онаси мато савдогарлари оиласига мансуб эди, шунинг учун 1386 йилда тузилган Иоганнинг ота-онасининг никоҳи «тенгсиз никоҳ» эди. Майнц герман черковининг архиепископи айнан шу шаҳардан сайлангани боис у муҳим шаҳар ҳисобланган.

Иоганнинг болалиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Тадқиқотчиларнинг мавжуд маълумотларига кўра, у мактабда ўқиган, кейинчалик ҳунармандчилик асосларини ўрганган. Гутенберг Страсбургда заргарлик иши бўйича таълим олган, бунинг учун ундан ўша вақтда профессионал билим даражаси талаб этилган мастер мақомида бўлиши керак эди. Аммо Гутенбергнинг 1434 йилгача бўлган ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда озлиги боис, у бу даврда нима иш билан шуғуллангани номаълум.

1434 йилдан бошлаб Страсбургда яшаган ва ярим қимматбаҳо тошларни силлиқлаш ва кўзгулар тайёрлаш билан шуғулланган. Тахминларга кўра, у айнан шу ерда китоб чоп этувчи ускуна устида тажрибаларини ўтказган. 1438 йилда у ўзининг шогирди Андреас Дрицен ва бошқалар билан биргаликда Страсбургда кўзгу ишлаб чиқариш, шунингдек, қандайдир махфий «санъат корхонаси»ни тижорат мақсадларида амалга ошириш бўйича шериклик тузади. Шериклик фаолияти охир-оқибат Дриценинг меросхўрлари Андреаснинг ўлимидан кейин Гутенбергга қарши даъво киритиш ҳамда 1439 йилда судда Гутенбергнинг ғалаба қозониши билан якунланган.

Мазкур корхонада амалга оширилган жараёнларга боғлиқ айрим маълумотлардан Гутенберг бу вақтда ўз ихтироси борасида анча илдамлаб кетганини тахмин қилиш имконини беради. Чунки Гутенберг ишининг техник жиҳатига боғлиқ маълумотларни қаттиқ сир тутган ва материалларда жараён «бу иш», «уни бажариш» ва ҳоказо кўринишда келтирилган. Суд қайдлардан Гутенбергнинг устахонаси айнан нима билан шуғулланганини англаб олиш қийин. Протоколлардаги айрим сўзларгина бу вақтда ихтирочи ўзининг оламшумул янгилиги қаршисида турган.

Матнларда пресс, қўрғошин, шакл қуйиш, «бўрттирма» ёки «босма» сўзлари келтирилган. Ишга оид материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, 1438-1439 йилларда Гутенбергда қандайдир пресс бўлган, бу китобни босиб чиқаришга мўлжалланган нусха бўлиши ҳам мумкин.

Фото: Мегастар

XV аср тадқиқотчиларининг аксарияти Гутенберг ўзининг китоб чоп этиш машинаси ихтиросини 1440 йилда амалга оширган деб ҳисоблайди, аммо буни исботлайдиган ўша санага оид адабиётлар топилмаган. Бу борадаги тахминларнинг кўпайишига 1890 йилда аббат Рекен томонидан эълон қилинган нотариусларнинг ҳужжатлари сабаб бўлган. Ҳужжатларда келтирилишича, 1444 ва 1446 йилда Прокопий Вадфогел исмли фуқаро турли шахслар билан пул эвазига «хат санъати» сирини кўрсатган. Бу эса Валдфогел ва Гутенберг битта одам деган фаразни юзага келтирган, аммо бунинг исботи йўқ.

Гутенбергнинг узоқ машаққатлар билан яратилган ихтироси Страсбургда фойдаланилган. Ўша вақтга доир намуналар сақланиб қолинмагани китоблар оддий қоғозларга чоп этилган бўлиши мумкин деган тахминларни юзага келтиради.

Гутенбергнинг ихтироси бўртиб чиққан «сирпанувчи» ҳарфларни металлардан тайёрлаганида бўлган ва унинг ёрдамида қаторлар ҳосил қилиниб, махсус пресс ҳарфларни қоғозга туширган. Аммо ўз ихтиросини амалиётга татбиқ этиш учун етарлича маблағи бўлмаган.

Фото: Wikipedia

1448 йилда ўзининг она шаҳри Майнцга кўчиб ўтган Гутенберг 1450 йилда тадбиркор, эҳтимол судхўр Иоган Фуст билан шартнома тузади. У Фустдан 6 фоизли устама билан 800 гулден (пул бирлиги) олиб, унга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун ҳар йили 800 гулдендан бериб туриши бўйича келишувга эришади: бутун типография эса Гутенберг ва Фуст ўртасида тенг тақсимланиши керак бўлган. Гутенберг асосий сармояни қўлга киритган, аммо бўлиб-бўлиб олган. Фуст айланма капитални беришдан мутлақ бош тортган ва 1452 йилдаги қўшимча келишувга кўра, ҳар йили 800 гулден ажратиш мажбуриятидан озод этилган.

Маблағнинг бу қадар чеклангани, тажрибали ишчилар йўқлиги, керакли асбоб-ускуналар етишмаслигига қарамай, Гутенберг сезиларли муваффақиятга эришган. 1456 йилга қадар у камида беш хил шрифтларни қуйиб, Элий Донатнинг лотин грамматикасини, бир нечта индулгенсия ва охир-оқибат 36 ҳамда 42 қаторли иккита «Инжил»ни чоп этган; охиргиси «Мазарини Инжили» номи билан машҳур бўлиб, у 1453-1455 йилларда чоп этилган.

Иоганн Гутенберг Фустга фоизларни тўлай олмагани учун сутхўр уни судга берган. Жараён Фустнинг қасами билан якунланган бўлиб, у нотариус Гелмасберг томонидан 1455 йил 6 ноябрда рўйхатга олинган; мазкур актнинг асл нусхаси Гутенберг китоб чоп этишни йўлга қўйган инсон эканини тасдиқловчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Суд қарорига кўра, типография барча асбоб-ускуналари билан Фустга ўтган ва Гутенберг барчасини нолдан бошлашга мажбур бўлган.

Сурияда ҳарбий операция бошлаган Россия

2015 йилнинг 30 сентябрь куни Россия Сурияда ҳарбий операциясини бошлаган эди. Мамлакатнинг ҳаво-космик кучлари Сурия ҳудуди бўйлаб биринчи авиация зарбаларини амалга оширган. Бунга қадар Сурияда уруш тўрт йилдан бери давом этар ва ядровий держава ҳамда Башар Асаднинг асосий иттифоқдошини аралашуви можаро натижасини ўзгартириб юборган.

Фото: «Интерфакс»

Кўплаб экспертларнинг фикрича, Россиянинг асл мақсади Асаднинг ағдарилишига йўл қўймаслик ва минтақадаги мавқейини қайтариб олиш бўлган. Россия Сурия расмийлари билан бирга куйдирилган тупроқ тактикасини қўллаганликда ва тинч аҳоли ёки мухолифат касалхонаси ҳамда уйларни атайлаб ўққа тутганликда айбланган. Икки мамлакат эса радикал жиҳодчиларга қарши курашаётганини айтиб, барча айбловларни рад этиб келган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, беш йил давомида ҳарбий-космик кучларнинг самолётлари 44 мингта жанговар парвозларни амалга оширган, «Адмирал Кузнецов»нинг Ўрта Ер денгизидаги икки ойлик ҳарбий юриши давомида ундаги қирувчи самолётлар яна 420 марта ҳавога кўтарилган.

«Авиация ва қанотли ракеталар ёрдамида берилган жами зарбалар оқибатида террорчиларнинг 133 542 та объекти, жумладан, нефтни ноқонуний қайта ишловчи 400 та завод ва 4100 та ёнилғи қуйиш шохобчалари йўқ қилинган. Жанговар тузилмаларнинг 865 нафар етакчиси, 133 мингдан ортиқ жангари, жумладан, Россия ва МДҲ давлатларидан борган 4,5 минг жангчи йўқ қилинган. Олий бош қўмондон томонидан беш йил олдин қўйилган вазифа тўлиқ бажарилди», — дейилади «Қизил юлдуз» газетасида 2020 йили эълон қилинган мақолада.

Фото: «Интерфакс»

Асосий вазифа қуйидагича бўлган: Башар Асад ҳокимиятининг қулашига йўл қўймаслик. Иккинчи вазифа Россия хавфсизлигига кўпроқ алоқадор бўлиб, Сурия ва Ироқ ҳудудидан келувчи хатарлар даражасини пасайтириш. Таъкидланишича, иккала вазифа ҳам уддаланган.

Версиялардан бирига кўра, Россия ҳукуматига сайловчиларни бирлаштирадиган «кичик бўлсаям ғалабали уруш», шунингдек, Яқин Шарқдаги таъсир доирасини кенгайтириш керак бўлган. Шу билан бирга, Россия олий қўмондонлиги ўз армиясининг жанговар тажрибасини оширмоқчи ва қуролларини синовдан ўтказишни режа қилган.

Фото: «РИА Новости»

Сурия можаросига Россия аралашувидан кейин урушнинг йўналиши ўзгарганини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Суриядаги оддий фуқаролар пайқай бошлаган. Биринчи навбатда Сурия ҳукумати армиясининг тактикаси ўзгарган. «Танклар Россия самолётларининг ҳимоясида ҳаракатланишни бошлади. Олдинлари режим барча нарсани яксон қилишга уринмаган бўлса, эндиликда ҳаводан бомбардировка амалга оширила бошланди. Ва бу ўз самарасини берарди», — дейди Дамашқ яқинидаги гувоҳлардан бири. Башар Асад ҳокимиятни қайтариб олиши билан бир қаторда тинч аҳолининг ҳалокати ортиб борган.

Россия Сурияда қандай бомбалардан фойдаланган?

Россия ҳужумларини Сурия ҳарбийлариникидан ажратиш осон бўлган. «Руслар келганидан кейин улар шундай бомбалардан фойдаланишни бошлаганки, у томга тушиб, бинони тешиб ўтган ва уни ичидан бутунлай яксон қилган. Россиялик самолётларни қандай ажратармидик? Баландлик, овоз, нишонга аниқ уриши. Суриялик учувчилар қўрқоқ бўлиб, узоқдан зарба берарди, руслар эса пасайиб, аниқ ҳужумни амалга оширар эди», — дейди хомслик қочоқлардан бири.

Фото: «Интерфакс»

«Таслим бўлиш ёки очлик», — БМТ Россия томонидан қўллаб-қувватланган суриялик ҳарбийларнинг қамалдаги шаҳар аҳолисига муносабатини шундай таърифлаган. Хомс аҳолисининг айтишича, қамал вақтида одамлар мушук ва тошбақалар, баҳода эса ўт-ўланлар билан озиқланган. «2013-2018 йилларда, қамалдан урушнинг усули сифатида кенг фойдаланилган вақтда Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашига 20 марта вето қўйган, бу эса Сурия ҳукуматига нисбатан жиддий чоралар кўрилишининг олдини олган», — дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари.

Ҳалабдаги жангларда омон қолганлардан бирининг таъкидлашича, Россия авиацияси шаҳарга кассет бомбаларни ташлаган. У кўплаб давлатларни тақиқланган, бироқ Россия 2008 йилда кассет ўқ-дорилардан фойдаланиш бўйича конвенцияни имзоламаган. Ҳалабликларнинг айтишича, россиялик ҳарбийлар шаҳарга битта бомба ташлаганида сурияликлар жабрланганларга ёрдамга чопган, шу вақт улар навбатдаги зарбаларни амалга оширган.

Фото: «Интерфакс»

Нима сабабдан Россия суриялик қочоқларни қабул қилишдан қочган?

Урушдаги фаол иштирокига қарамай, Россия суриялик қочоқларни қабул қилишдан қочиб келган. 2019 йил охирига кўра, Германия 789,5 минг суриялик қочоқ қайд этилган бўлса, Россияда 2020 йил 1 октябрь ҳолатида бу каби мақом фақат икки нафар Сурия фуқаросига берилган. Яна 370 нафар суриялик вақтинчалик бошпанага эга бўлган.

Фото: «Интерфакс»

Бундан ташқари, можаронинг энг оғир дамлари тўғри келган 2014-2017 йилларда давлат ҳокимияти органлари сурияликларни Россиядан бир неча бор чиқариб юборган. 2020 йилда чиқариб юбориш ишлари пандемия сабаб қўйилган мораторий боис тўхтатилган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

СССРдаги биринчи радиацион авария — «Қиштим фожиаси», «НКВД» томонидан немис жосусига чиқарилган бандурачи ва тангонинг пайдо бўлиши. Кун хронологиясида 29 сентябрь