3 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан ядровий каллакчалар ортилган СССР сувости кемасининг чўкиб кетиши, Германиянинг бирлашуви ҳамда АҚШда Шукроналик кунининг пайдо бўлишига оид фактлар ўрин олган.

К-219: 30 йилдан бери Атлантика океани тубида ётган ядровий каллакчалар

Бундан 36 йил олдин Атлантика океанида Совет Иттифоқига тегишли К-219 сувости кемасида портлаш содир бўлганди. Экипаж ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб аварияга учраган «атомоход»ни қутқармоқчи бўлган. Аммо охир-оқибат субмарина АҚШ қирғоқларида фожиавий тарзда чўкиб кетган.

Фото: Wikimedia Commons

1986 йилнинг 3 октябрь куни Атлантика океанида К-219 сувости кемаси шахталаридан бирида баллистик ракета портлаб кетган. Субмаринани қутқариш бўйича уч кун давом этган қутқарув ишларидан кейин у 5500 метр чуқурликка чўкиб кетган.

Экипажнинг аксарият қисми омон қолган. Кема билан боғлиқ ҳолат жиддий халқаро можарога сабаб бўлиши мумкин эди. К-219 стратегик атом сувости кемаси бўлиб, «Налим» лойиҳаси бўйича модернизация қилинган. У 1971 йилнинг 31 декабрида сувга туширилган эди. Узунлиги 128 метрга, эни 12 метрга етадиган субмарина бортида 16 та торпедо (уларнинг иккитаси ядровий зарядларга эга) ва ҳар бири учтадан жанговар каллакчали 16 та «ПСМ-25У» баллистик ядровий ракеталари бўлган. Кема 450 метр чуқурликкача сув остида ҳаракатлана олган.

Совет сувости кемаларининг заиф жойлари

К-219 дан фойдаланиш давомида ракеталарни учириш тизими билан боғлиқ муаммолар мунтазам учраб турган. 1973 йилнинг 31 августида 15-сонли шахтага сув кириб қолган. У вақтда ракета ёнилғиси (азот тетраоксиди)нинг оқиб кетиши одатий ҳолат бўлган ва сув у билан реакцияга киришиб, азот кислотасини ҳосил қилган. Натижада портлаш юз берган. Бир киши ҳалок бўлган, шахта эса тўлиқ чўкиб кетган. Мазкур воқеадан кейин шахта фойдаланишдан чиқарилган, ракеталар олинган, унинг қопқоғи пайвандлаб ташланган. Шунингдек, 1986 йилда субмарина учириш мосламасининг носозлиги сабаб базага қайтишга мажбур бўлган.

Фото: Wikimedia Commons

1986 йилнинг 4 сентябрида К-219 Гажиэво портидан охирги сафарига отланган. Режа бўйича субмарина АҚШ қирғоқларини патруль қилиши керак эди. Сувости кемасининг командири капитан Игорь Британов бўлган. Белгиланган муддатлар давомида экипаж ядро сувости кемасини бўлажак саёҳатга тайёрлашда барча режалаштирилган таъмирлаш ишларини бажара олмаган. Хусусан, 6-сонли ракета шахтасида носозлик кузатилаётгани аниқланган, бироқ уни бартараф этишга вақт бўлмаган. Шунингдек, шахта киргани ҳақида сигнал берувчи тизим ўчирилган.

Баренс денгизига шўнғилганидан кейин 6-сонли ракета шахтасига сув кира бошлаган, аммо командир Британовга бу ҳақда ҳисобот беришмаган. Ортиқча сув шланг ёрдамида кунига икки маротаба чиқариб ташлаб турилган.

Субмарина ўртача чуқурликда ортиқча юкланишсиз ҳаракатланиб, йўналишини ўзгартирганида муаммо ҳал бўларди. Аммо Совет сувости кемаси бошқача ҳаракатланган.

Гап шундаки, ишқаланиш товуши ва паррак айланишидан ҳосил бўлган шовқин сабаб субмарина қуйруқ қисмидаги объектларни топишда гидролокатордан фойдаланиш деярли имконсиз бўлган. Америка сувости кемалари совет субмариналарини қидиришда шундай фойдаланган. Шу орқали улар совет гидролокаторларидан доим «ўлик зонада» турган. Бундай манёврни бажариш давомида сувости кемалари мунтазам равишда чуқурлик сатҳини ва йўналишни ўзгартириб турган. Баъзида бундай манёврлар субмариналар тўқнашувини ҳам юзага келтириши мумкин бўлган.

Шу каби манёврларнинг бирида 6-сонли шахтага сув тошиб кирган. Сувни чиқариб ташлаш борасидаги уринишлар самара бермаган. Босим шахта панжарасини бузиб ташламаслиги учун зудлик билан сув юзасига чиқиш керак эди. Аммо бунга вақт етмаган. Портлаш сувости кемасининг мустаҳкам корпуси ташқи устунини бузиб юборган. Тешик орқали корпусга сув оқиб кира бошлаган ва субмарина 350 метргача чўккан. Сувнинг ракета ёнилғиси билан реакцияси натижасида субмаринада заҳарли газ ҳосил бўлган. Капитан Британов сувдан қутулиш ва фавқулодда ҳолат режимида сузиб чиқиш учун парракларни ишга тушириш бўйича қарор қабул қилган. Икки дақиқадан кейин атом сувости кемаси юзага чиққан.

Матроснинг қаҳрамонлиги

Аммо олдинда реакторни ўчириш вазифаси турарди. Агар бу амалга оширилмаса, Атлантика океанида атом реактори ва қолган бошқа жанговар каллакчалар портлаши содир бўларди. Реакторни пультдан бошқариш тизими портлашда йўқ қилинганди. Реактор бўлинмасининг командири катта лейтенант Николай Беликов ва 20 ёшли матрос Сергей Преминин реакторни қўлда ўчиришга мажбур бўлади. Бўлмадаги ҳарорат Цельсий бўйича 70 даражага етади. Беликов ҳушини йўқотгунига қадар тўртта панжаранинг учтасини туширишга улгуради. Сергей Преминин охирги — тўртинчи тўсиқни ёпиш учун икки марта камерага кирган. Фаол зонанинг эриши тўхтатилган, бироқ матрос бўлмани тарк эта олмасди. Бирорта матрос босимлар фарқи сабаб реакторни назорат пости билан ажратиб турувчи бўлма люкини оча олмаган.

Фото: Wikimedia Commons

Сергей Преминин вафотидан кейин 1987 йилда «Қизил юлдуз» ордени билан мукофотланган.

Авария жойига бир нечта совет кемалари йўл олган. Атом сувости кемаси ўзи сузиб кета олмаслиги аниқ эди ва уни тортиб кетиш талаб этиларди. Бунда шатакчи вазифасини «Красногвардейск» кемаси бажариши керак эди. Иккита «Ту-95» самолёти томонидан керакли ускуналар ортилган контейнерлар ташланган. Контейнерларнинг бир қисми сувга урилганида сочилиб кетган, унинг ичидаги нарсалар эса сувга ғарқ бўлган.

Экипажни эвакуация қилиш вақтида америкалик ҳарбийлар билан бир неча можаро юзага келган. Powhatan шатакчиси командир Британов бошчилигидаги офицерлар гуруҳи ва махфий ҳужжатлар бор қайиқни эгаллаб олмоқчи бўлади. Капитан Данилкин «Красногвардейск»ка кеманинг рул бошқаруви носозлиги бўйича радиодан хабар беришга мажбур бўлади. Можаро ҳал этилади.

Шикаст етган сувости кемасини шатакка олиш амалга ошмайди. 6 октябрь кечаси номаълум сабабларга кўра, «Красногвардейск» ва К-219 троси узилиб кетади. Субмарина 5,5 минг метр чуқурликка чўкиб кетган. Фалокат вақтида унинг бортида 30 та ядровий жанговар каллакча бўлган.

Моделлаштиришларга кўра, бундай чуқурликда сувнинг ҳаракати деярли сезилмагани боис плутоний океан юзасига чиқмайди. Аммо радиация озуқа занжири орқали тарқалиши эҳтимолини истисно этиб бўлмайди.

«Муҳим иш»: Германиянинг бирлашуви

1990 йилнинг 3 октябрь куни Германия бирлашган эди. Германия Демократик Республикаси ва Ғарбий Берлин 41 йил давом этган делимитацияга чек қўйиб, Германия Федератив Республикаси таркибида бирлашган. Немис давлатларининг бирлашувида СССРнинг бу борадаги позицияси ҳам муҳим рол ўйнаган. Михаил Горбачёв Германия канцлери Гелмут Кол билан музокараларда айтганидек, «немис халқининг бирлашуви масаласини немисларнинг ўзи ҳал этиши керак».

Фото: Wikipedia

3 октябрь куни Германия немис халқининг бирлашуви кунини нишонлаб келади. Бундан 32 йил олдин Бирлашув битимига мувофиқ ГДР Германия Федератив Республикаси (ГФР) таркибига қўшилганди. Тантанали маросимда онлайн режимда Михаил Горбачёв иштирок этган: унинг канцлер Гелмут Кол билан музокаралари 1990 йилда бирлашув жараёнига тамал тошини қўйганди.

«Одамларимиз озодликка, ўз раҳбарини сайлаш, сиёсатга ростдан таъсир ўтказиш ҳуқуқига эришди. Уларга бундай ҳуқуқ ва эркинликларни бериб, биз қўшни давлатларимиз, иттифоқчиларимизнинг бу борадаги интилишларига тўсқинлик қила олмасдик. Аввал бошида ушбу давлатларнинг раҳбарига айтилганди: сизларнинг ишларингизга аралашмаймиз, сиз ўз халқингиз олдида жавобгарсизлар. Вазият қалтис эди, ҳар қандай эҳтиётсизлик портлашга олиб келиши мумкин эди. Европада, жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам шубҳа, қўрқув бор эди. Кўплаб йирик сиёсатчилар, давлат раҳбарлари буни билдирган. Шу каби принципиал шароитда Совет Иттифоқи қандай позицияни эгаллаши мумкин эди», — деган Горбачёв.

Унинг сўзларига кўра, «шарқ ва ғарбдаги немислар бир халқ эканини эълон қилганида, сиёсий етакчилардан донишмандлик, вазминлик, чуқур ўйлаш ва истиқболни кўра билиш талаб этилган». СССР собиқ етакчисининг айтишича, у ГДР, ГФР ва Ғарбнинг етакчи давлатлари билан қийинчиликларга, тўсиқлар ва хатарларга қарамай, «муҳим тарихий ишни» уддалашга муваффақ бўлган.

Германиядан қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши ва кредит

Германия Демократик Республикаси аҳолисининг катта қисми Германия Федератив Республикасига қўшилиш ниятида эканини 1990 йилнинг 18 мартида ўтказилган парламент сайловлари кўрсатиб берган. Халқ палатасининг янги таркиби бир овоздан ГДР конституциясининг «ишчилар ва деҳқонларнинг социалистик давлати» ҳақида сўз юритувчи халқаро шартноманинг кириш қисмини бекор қилишни маъқуллаган. Ҳукуматнинг янги раҳбари этиб шарқий Германия етакчиси Лотар де Мезер тайинланган. Музокаралар давомида ГДРнинг қўшилишига оид муҳим қарорлар қабул қилинган.

Де Мезер ҳукуматининг асосий вазифаси бирлашувга тайёргарлик жараёни эди. ГФРда Германиянинг бирлашуви ғоясини «яшиллар»дан бошқа барча етакчи партиялар қўллаб-қувватлаган. Ғарбий Германияда ҳам жамоатчилик бирлашиш истагида бўлган, бироқ бунга қизиқиш сиёсий доиралардан кўра, пастроқ даражада эди. Зиёли сўлчилар орасида бирлашишга қаршилар ҳам бўлган. Улар немисларнинг ўтган жиноятлар учун бошқа халқлар олдида масъулиятини эслатиб турган.

Фото: Wikipedia

Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган давлатлар учун иккита Германия давлатининг жадаллик билан бирлашишга интилиши кутилмаган ҳолат бўлган. Европа аҳолиси бу каби ташаббусга шубҳа билан қараган. Янги Германиядан Европа хавфсизлиги учун кафолат талаб қилинарди. Кол бошчилигидаги Германия раҳбарияти жараённи тезлаштириш ниятида бўлган. «2+4» схемаси бўйича музокараларда ГФР ва ГДРдан ташқари, СССР, АҚШ, Буюк Британия ҳамда Франция иштирок этган. Муҳокамаларнинг асосий мавзуси қўшни давлатлар хавфсизлиги эди. Хусусан, Лондон ва Париж ягона Германия ғоясини у қадар хушламаган.

Ўз навбатида, Вашингтон бирлашувда дунёдаги кучлар мувозанатининг АҚШ ва НАТО фойдасига ўзгаришини кўрган. Олтита давлат ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви 1990 йилнинг 5 май санасида Боннда ўтказилган. Кейин эса музокараларнинг яна учта раунди амалга оширилган.

«Қўнғироқ ва мушакбозлик»

Бирлашув жараёнини мустақил ўтказиш имкониятини қўлга киритган ГФР ва ГДР бирлашувнинг ички муаммоларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга киришган. Шарқий Германия маркаси курсининг Ғарбий Германияникига ўтиб, ягона валютага айланишида мунозаралар бўлган. Натижада муросага келинган: у қадар катта бўлмаган сумма 1:1 нисбатдан, йирик суммалар 2:1 нисбатда алмаштирилган. 1990 йилнинг 1 июлида «Иқтисодий, валюта ва ижтимоий иттифоқни яратиш битими» кучга кирган: Ғарбий Германия маркаси ягона тўлов воситасига айланган.

Ва ниҳоят 23 август куни Халқ палатаси Германия Демократик Республикасининг Германия Федератив Республикаси таркибига қўшилиши учун расман ариза берган. Тарихий давлат ерлари қайта тикланган.

1990 йилнинг 31 август куни Боннда ГДР ва ГФР «Ягона Германияни қайта тиклаш битими»ни имзолаган, сентябрь ойида эса томонлар қўшимча протоколларни тузиб, якуний бирлашувни амалга оширган.

Фото: Wikipedia

1990 йилнинг 1 октябрь куни Нью-Йоркда ГДР, ГФР, СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Германиянинг бирлашуви сабаб Берлин ва Германияга нисбатан белгиланган тўрт томонлама ҳуқуқ ва мажбуриятларни бекор қилиш протоколини имзолаган. 3 октябрга ўтар кечаси «Бирлашиш тўғрисидаги битим» кучга кирган. Германия Демократик Республикаси йўққа чиққан. Шарқий Германиянинг бешта ерида тарихий байроқ ва герб қайта тикланган. Ушбу кеча Германия тарихида урушдан кейин энг узоқ давом этган мушакбозлик ва қўнғироқлар кечасига айланган.

АҚШ президентлари учун байрам

Шукроналик куни — АҚШнинг нафақат ёш, балки катта ёшли аҳолиси ўртасида ҳам кенг нишонланадиган муҳим байрамлардан бири. 1863 йилнинг 3 октябрида АҚШ президенти Авраам Линколн ноябрь ойининг тўртинчи пайшанбасини Шукроналик куни деб эълон қилган. 1941 йилда эса президент Вудро Вилсон бу борадаги тегишли қонунни имзолаган. Ўшандан буён Қўшма Штатлар аҳолиси ушбу кунда бир стол атрофида курка ва қовоқли пирог ейиш учун тўпланади.

Фото: Wikipedia

Таъкидлаш керакки, байрам менюси ҳам анъаналарга мос тарзда ўтказилади, у 1897 йилда тасдиқланган. Ўшанда АҚШнинг биринчи хоними Ида Мак-Кинли Оқ уй бош ошпазидан Шукроналик куни шарафига оддий тушлик тайёрлашни сўрайди. Ундан Мак-Кинлининг дўстлари совға қилган 26 фунтли курка, клюква, селдер ва қовоқли пирог ўрин олади.

Президентлар ҳам бошқа фуқаролар каби байрамни ўз оиласи билан ўтказади. Уни қаерда нишонлашни ҳамма ўзи ҳал қилади. Масалан, 1914 йилда Шукроналик кунида Вудро Вилсон Массачусетс штатидаги қизининг оиласида тушлик қилгани борган. 1953 йилда эса Дуайт Эйзенхауэр оиласи билан голф ўйнаш мақсадида Жоржияга учган. Ўшанда президент оиласи Augusta Миллий голф клуби яқинидаги жойлашган Mamie’s каютасида тўхтаганди. Байрамнинг «оилавий» эканига урғу бериш мақсадида каюта деворларига Эйзенхауэр 37 йил давомида — уйланганидан то Оқ уйга кўчиб ўтгунига қадар бўлган даврда яшаган уйларининг суратлари илинган. 1985 йилда Рейгенлар Калифорниядаги оилавий ранчосига йўл олган, 1996 йилда Билл Клинтон байрамни шаҳардан ташқаридаги Кемп-Дэвид қароргоҳида нишонлаган.

Фото: Reuters

Нью-Йорк учун газли шарлар

Анъанага мувофиқ, қарийб 100 йилдан бери ҳар Шукроналик куни Нью-Йоркда байрам шукуҳи кезади — мейсис паради ўтказилади. Шоу 1948 йилдан бери NBC телеканали орқали тўғридан-тўғри трансляция қилиниши сабаб муваффақиятга эришган. Байрам юриши ҳар йили соат 09:00 да 77 ҳамда Марказий боғ кўчалари кесишмасида бошланиб, 4 километр — Macy’s дўконига қадар давом этади. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, айримлар яхшироқ жойни эгаллаш учун эрталабдан келиб олади.

Параднинг энг қизиқ совғаси — кўп қаватли уйлар баландлигича келадиган гелий билан тўлдирилган улкан шарларни аҳоли интизорлик билан кутади. Одатда парадда бу каби шарлардан 30 га яқини учирилади.

Курканинг афв этилиши

Америкаликлар байрам столида Плимутда ҳосил йиғими байрамидаги кечки овқат муносабати билан тўпланади — афсоналарга кўра, ўшанда пилигримлар (Америкага келган илк европаликлар) маҳаллий аҳолини кечки овқатга таклиф қилган. Курка ёзувчи Сара Жозеф Хейлнинг саъй-ҳаракатлари билан байрамнинг асосий таомига айланган. У байрамни миллийлаштиришни роса хоҳлаган, шу сабабли ҳозирда менюдан асосан Америка маҳсулотлари ўрин олади: курка, қовоқ, ширин картошка.

Фото: Reuters

Яна бир анъана — президентларга байрам муносабати билан тирик курка совға қилиш. Бу одат 1870 йилда, Род-Айленддан келган фермер Гораций Воз Шукроналик куни сабаб боқилган куркаларни Оқ уйга юборишни бошлаганида юзага келган. Фермерлар ушбу паррандани 1947 йилгача, Куркачилар миллий федерация вакиллари президент Гарри Труменга уни тортиқ этгунга қадар етказиб берган. Бу куркани афв этиш анъанасининг бошланиши ҳисобланади, аммо бу версиянинг битта камчилиги бор: ўшанда совға қилинган курка байрам дастурхонидан ўрин олган. Куркани дастурхонга тортмаслик анъанасини 1963 йилда Жон Кеннеди бошлаб берган: курканинг бошини силаган президент «Уни шунчаки қўйиб юборамиз», деган эди. Шундан буён Шукроналик куни куркани совға сифатида олган президентлар уни қўйиб юборади.

Фото: Reuters

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.