Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистондаги иш берувчилар орасида энг кўп талаб қилинадиган кўникмаларни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бунинг учун мавжуд бўш иш ўринларига оид  маълумотлар базаси ўрганиб чиқилди.

Ушбу тадқиқотда ПМТИ мутахассислари Head Ҳунтер маълумотлар базасидан фойдаланди. 

Мазкур маълумотлар базасида Ўзбекистоннинг 12 мингга яқин компанияси ва 370 мингга яқин иш қидирувчининг резюмелари рўйхатга олинган. 

Ўрганиш вақтида маълумотлар базасида 4 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари қайд этилди.

Таҳлил натижаларига кўра, бўш иш ўринларининг 28 фоизида ижтимоий кўникмалар, яъни жамоада ишлаш, музокаралар олиб бориш, яхши нутқ, мулоқот, омма олдида тақдимот қилиш қобилиятлари талаб этилиши маълум бўлди.

Вакансияларнинг 18,3 фоизида чет тилларини (асосан инглиз тилини) билиш талаби кўрсатилган.

Иш берувчиларнинг 15,2 фоизи шахсий кўникмалар, яъни масъулият, стрессга чидамлилик, ижодкорлик, мотивация, етакчилик фазилатларини талаб этмоқда.

Бундан ташқари компьютер саводхонлиги ҳам энг кўп талаб қилинувчи кўникма эканлиги маълум бўлди — 12,5 фоиз.

Бўш иш ўринларининг 86 фоизида иш қидирувчилардан камида бир йиллик иш стажига эга бўлиш талаб қилинган ва уларнинг 11,3 фоизида олий маълумотли бўлиш сўралган.

Шунингдек, эконометрик таҳлил натижаларига кўра, молиявий, компьютерга ихтисослашган, когнитив, мижозга йўналтирилган, ходимларни бошқариш, ижтимоий кўникмалар, рус, ўзбек ва инглиз тилларини билиш муҳим аҳамиятга эга.

Ижобий мукофот қуйидаги кўникмаларда намоён бўлади:

  • молиявий — 34 фоиз; 
  • ҳисоблаш — 8,6 фоиз; 
  • когнитив — 20 фоиз; 
  • мижозларга йўналтирилган — 21 фоиз; 
  • ходимларни бошқариш — 33 фоиз; 
  • инглиз тилини билиш — 25 фоиз.